Пандемия даврида ўзбек тўйлари

28.11.2020 12:11:07

АҚШдаги “The Diplomat” интернет сайтида “Пандемия даврида ўзбек тўйлари”мавзуида қизиқарли мақола эълон қилинган эди. Мақола муаллифи, айни пайтда АҚШда яшайдиган асли ўзбекистонлик Эъзоза Яквалхўжаева ўзбек тўйларининг ўзига хос жиҳатларини америкаликларга кўрсатиб беришга ҳаракат қилган.

Тўйлар масаласи биз учун доимий долзарб мавзу бўлгани сабабли ушбу мақолани ўқувчиларимизга ҳам илиндик. 

“Кўплаб мамлакатлар учун COVID-19 даҳшатли уйғониш бўлди. Давом этаётган инқироз жамият муаммоларини акс эттириб, ҳалокатли таъсирлар ҳукумат тизимини мисли кўрилмаган йўллар билан синовдан ўтказмоқда, – деб ёзади муаллиф. – Бу даврда Ўзбекистонда биринчи навбатда таназзул шароитида иқтисодиёт ва коронавируснинг иккинчи тўлқини билан курашиш учун соғлиқни сақлаш тизими барқарорлигига эътибор қаратилди. Aммо мамлакат бир муҳим маданий жабҳада, тўйларни ўтказишга бўлган муносабатларда ҳам тез ўзгариб бормоқда.

Тўй манияси азалдан Ўзбекистонда катта муаммолардан бири бўлиб келган. Ижтимоий мавқеини намойиш этиш ва эгаллаш учун дабдабали тўйларни уюштирадиган ўзбек оилаларининг токсик маданияти ижтимоий даражаларга бўлиниш вазиятини вужудга келтирди ва моддий манфаатдорликни кучайтирди. Пандемия сабаб тўй маросимлари ҳажми сезиларли даражада чеклангани кўплаб ўзбекларни қувонтирди. Айни пайтда карантин чоралари юмшай бошлагач, мамлакат тўй маданиятининг тубдан ўзгариши билан боғлиқ узоқ давом этадиган ўзгаришлар остонасида турибди.

Карантин даврида ўзбек тўйларининг нишонланиш тартиби коронавирусгача бўлган тўйлардан фарқли ўлароқ, 30 кишидан ошмаслиги лозимлиги белгиланди. Одатдаги тўйлар 400 нафардан ортиқ меҳмонлар ва ҳашаматли машиналар карвони ила ўтар эди. Aксарият одамлар янги қонунга риоя қилди ва баъзилар ижтимоий босим ўтказилмаслиги учун буни қабул қилгани ҳақиқатга яқин.

"Коронавирус – бу албатта фожиа, аммо тўйлар нуқтаи назаридан олиб қараганда айни муддао бўлди”, дейди пандемия пайтида жияни учун тўй уюштирган Жамшид Исломов. Унинг оиласи қонунга бўйсунган ҳолда 30 нафар меҳмонга дастурхон ёзди. Бу ҳозирги пайтда кўплаб ўзбек оилаларида кенг тарқалгани алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон ҳукуматининг қонунни бузганларга нисбатан қаттиқ чора кўриши вазиятга ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Қонунни бузганлар жазоланди. Ҳукумат катта тантана билан маросимлар уюштирган бир неча таниқли шахсларни мисол қилиб кўрсатди.

Ўйлайманки, халқимиз тўйларни тор доирада ўтказишлари мумкин ва бу исрофгарчиликнинг олдини олади. Aммо миллатимиз ушбу стратегияга тайёрми ёки йўқми, тушуниб олишимиз керак. Тўйлар ўзбек жамиятининг ажралмас қисми бўлиб, иқтисодиётга улкан ҳисса қўшади ва муҳим маданий аҳамиятга эга.

Ўзбекларнинг одатдаги тўйи эрталабки зиёфатдан бошланиб, у ерда миллий таом – ош сузилади. Тунги маросим оила аъзолари ва дўстлар билан бирга кўнгилхушлик қилишдан иборат. Зиёфатлар ҳар бир минтақада алоҳида аҳамиятга эга. Бироқ, ўзбек маданиятининг турли қирраларини намоён этувчи маросимлар бутунлай ўзгача.

Қисман исломий эътиқоддан ва ўзбек халқининг меҳмондўстликка бўлган меҳр-муҳаббатидан келиб чиққан ҳолда, сўнгги ўн йил ичида замонавий ўзбек тўйи ҳаддан зиёд маданиятда ортиқча одатларни келтириб чиқарди. 

Афсуски кўплаб одамлар элга тўй беришни ҳаётининг мазмуни деб ҳисоблайдилар. Соғлик, пул ва қадр-қимматимиз дастурхонимизнинг чиройига қараб баҳоланмоқда.

Ўзбекистонда тўйларнинг аксарияти белгиланган жойларда бўлиб ўтди, бу ерда оилалар 400 дан 1000 гача меҳмон кутишлари мумкин эди. Бойлар ҳар бирига минг доллардан тушадиган еттита рассомни таклиф қилишади. Доимгидек бешта лимузин меҳмонларни олиб келади. Бундан ташқари, учта видеомейкер ва иккита сураткаш бор – булар нима учун?

Ушбу ортиқча маданият пандемия пайтида тўхтаган бўлса-да, тўй билан боғлиқ бошқа урф-одатлар ҳамон мавжуд.

Дарвоқе, меҳмонлар сонидаги чеклов доимий ўзгариш эканига шубҳа билан қаралмоқда, чунки ўзбек халқи кенг миқёсдаги тўйларни ўтказишга одатланган ва улар пандемия тугашини интизорлик билан кутмоқда.

Сабаби, биз ўзбеклар бировнинг эътибори учун бирор нарса қилишни яхши кўрамиз – бу эса бизнинг энг катта фожиамиз ҳисобланади.

Масаланинг яна бир жиҳати шундаки, аксарият ўзбек оилаларида дабдабали тўйларни ўтказиш учун имконият йўқ. Аҳолининг ўртача даромади ойига 100-300 доллар, замонавий тўйлар эса камида 20 минг долларни талаб қилади.

Aксарият ўзбек оилаларининг мақсади шуки, бугунги кун меъёрлари бўйича таъсирчан тўй ўтказиш учун бу рақамлар жуда юқори. Шунинг учун, кўпчилигимиз бир кунлик тўйни ўтказиш учун ҳатто умримизни сарфлаймиз.

"Бундай (катта) тўйларни ўтказаётган ўртаҳол одамлар қарзга ботади", дейди ўзбек иқтисодчиси Aбдулла Aбдуқодиров. «Aлбатта, бизнес учун бу ҳали ҳам яхши. Бой оилалар ўзларининг бойлигини кўрсатиш учун катта маблағ сарфлайдилар ва улар учун бу оддий ҳол. Aммо кам даромадли оилалар учун бунга эришиш мумкин эмас», – дея тушунтиради у.

Aммо ўртаҳол оилалар сон-саноқсиз сабабларга кўра ҳали ҳам ҳаракат қилишади. Баъзи ота-оналар бутун умри давомида ўз фарзандлари учун катта тўй ўтказишни орзу қилса, бошқалари фарзандларининг муҳим оилавий ришталар ўрнатишини ёки оиласи учун ижтимоий обрўсини яратишни исташади. Қандай сабаб бўлишидан қатъи назар, оилалар пулни тежашга астойдил ҳаракат қилади. Баъзилари дўстларидан ёки оиласидан қарз олади. Битта хабарда Ўзбекистонда тўйларни ўтказиш қарз тузоғи деб номланган, бошқалари эса чет элдан келган пулга боғлиқ. Чет элга пул топиш учун кетганлар ўз фарзандларини уйлантириш/узатиш учун йиллар давомида ишлайди, охир-оқибат бир кеча-кундузда барча даромадлари йўқолганини тушунади.

Бу сарф-харажатларнинг барчаси иқтисодиётга ёрдам берадими, деган саволга Aбдуқодировнинг таъкидлашича, бу саноат жуда катта ва ҳатто ички даромад учун фойдалидир, ҳатто COVID-19 пайтида ҳам. Унинг таъкидлашича, тўйлар ҳатто уйда ўтказилаётганда ҳам, "иқтисодиётга жон бериш" учун кучи бор.

Ўзбекистондаги тўй саноати бегемот тузилишга эга, аммо расмий статистик таҳлилларда у қисман ҳисобга олинган. Барча тегишли хизматлар "тўй хизматлари" мавжуд эмас. Масалан, келиннинг маҳри янги уй учун маиший техника ва мебелларни ўз ичига олади ва кўпинча яхши таассурот қолдириш учун ушбу буюмлар албатта четники бўлиши керак. Бутун иқтисодиёт келинлар маҳрига қўшилиши учун импорт қилинадиган товарларни сотишда муҳим роль ўйнамоқда.

Кичик бизнеснинг бир қисми тўй билан боғлиқ хизматларни ҳам тақдим этади, аммо расмий соҳада ҳисобга олинмайди. Совғаларни ўраш билан шуғулланадиган корхоналар ҳар бир тўй учун ўртача қирқта сеп саватини ўрашни кутишлари, тикувчилар битта келин учун анъанавий либосларни бир нечта буюртма асосида олиши мумкин. Тўйлар учун ўйин-кулгилар саноатнинг ҳисобга олинмаган энг катта қисмидир. Ўзбек санъаткорлари ўз чиқишлари учун тўғридан-тўғри маош олади, битимлар рўйхатга олинмайди, суммалар эса унчалик катта бўлмаган тўловлардир – мамлакатдаги энг машҳур қўшиқчилар битта тўйда ҳар бир чиқиши учун 10 минг AҚШ долларигача пул ишлашлари табиий.

«Пул қаердан олинса ҳам, унинг мамлакат ичида сарфланиши яхши. Aммо одамлар ва бизнинг ахлоқий қадриятларимиз нуқтаи назаридан бу бемаъниликдир. Бу исрофгарчилик, – дейди тўй соҳаси вакили Aбдуқодиров.

Ўзбек тўйлари ҳақида гапирганда чиқиндилар тушунчаси доимий равишда такрорланади. Aҳолининг қарийб 13 фоизи қашшоқлик чегарасида яшайдиган мамлакатда, бойларнинг тўйларини мингдан зиёд меҳмонлар билан бирга ўтказиши, бу соҳадаги ҳар бир янги модани ҳисобга олган ҳолда, одамлар ёки ҳукуматга маъқул келмайди. 

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йилги аудиоёзувда ҳайратланарли даражада кўргазмали тўйларни уюштирганларни танқид қилди. Кўп ўтмай, Ўзбекистон ҳукумати аралашишга ва 2019 йилги фармон билан тўйларнинг ҳажмини чеклашга уриниб кўрди ва меҳмонлар сонига чекловлар қўйди. Аммо натижа бўлмади. Одамлар катта тўйларни ўтказишда давом этди. 

Коронавирус туфайли ҳукумат ва кўплаб ўзбек оилалари анча вақтдан бери орзу қилган нарсага эришган бўлса-да, ҳаддан зиёд тантаналарни тўхтатиш, узоқ муддатли ўзгаришларга фақат қонунлардан кўпроқ нарса талаб қилиниши мумкин эканига умид боғлади. Айниқса, уларни сақлаб қолиш мотивацияси асосан маданий саналади.

Одамлар бировнинг фикри билан яшайди. Ўзбекистондаги тўйларнинг токсик маданиятини қўзғатувчи ижтимоий куч аниқ бўлса-да, айни пайтдаги соғлиқни сақлаш билан боғлиқ инқироз ўзгаришларни тўхтатувчи омил бўлиши мумкин. Биз инсонлар тўғри хулоса қилишимиз лозим”, – дейилади мақолада.

Беҳруз Худойбердиев таржимаси

ЎзА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+