Аёллар форуми олима хотин-қизларни бирлаштирди

12.08.2021 15:08:29

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ташаббуси билан “Замонавий интеллектуал фаол аёл – Учинчи Ренессанс пойдеворини яратувчи куч” мавзусида олима аёллар иштирокида аёллар Форуми ўтказилди.

Форум “Аёллар қаноти” Республика Кенгаши, ҳудудий Кенгашлар қошида ташкил этилган “Адолатнинг адолатли аёллари клуби” аъзолари, Олима аёллар Республика Кенгаши аъзолари билан биргаликда ташкиллаштирилди.

Форумдан кўзланган мақсад аёл, унинг оилада, жамият ҳамда илмий фаолиятдаги ўрнини ибрат сифатида кўрсатиш орқали, хотин-қизларни илмли бўлишга ундаш, қонуний манфаатларини ҳимоялаш бўйича қабул қилинаётган қонунчилик билан яқиндан таништиришдан иборат.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ҳамда ҳудудий ва маҳаллий Кенгашлар ходимлари, ҳамкор ташкилотлар масъул ходимлари, партиянинг “Аёллар қаноти” Кенгаши раислари, Ёшлар парламенти аъзолари, фаоллар ҳамда ОАВлари ходимлари иштирок этди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда аёлларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, уларнинг жамият ҳаётидаги нуфузини ошириш, ташкилотчилик, тадбиркорлик, ишбилармонлик қобилиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар кўламини кенгайтириш масалаларига алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Бинобарин, аёлни эъзозлаш, хотин-қизларга муносиб ғамхўрлик кўрсатиш халқимизга хос юксак фазилатлардан биридир.

Опа-сингилларимизнинг давлат ва жамият қурилишидаги фаоллигини ошириш, мавқеини юксалтириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, меҳнатини муносиб рағбатлантиришга қаратилаётган ишлар бугунги кунда нечоғлик муҳимлигини исботлади.

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ва социал фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, оила институтини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда юртимиздаги давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида аёллар раҳбарлик лавозимларида ишлаётгани ҳамда самарали меҳнат қилиш орқали ўз иқтидорларини намоён этаётганлари таҳсинга лойиқ.

Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларда, айниқса кутилаётган сайловнинг шаффоф ва адолатли бўлиб ўтишида хотин-қизларнинг фаоллиги муҳим аҳамиятга эга. Зеро, жойларда тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш, Сайлов кодекси моҳиятини аҳолига етказиш ва сиёсий фаолликка чақиришда фидойи аёлларга таянамиз.

Ҳозирги кунда ҳар бир хотин-қиз демократик жараёнларнинг кузатувчиси эмас, балки фаол ва ташаббускор иштирокчиси бўлмоғи шарт. Дарҳақиқат, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган, меҳнаткаш, фидойи хотин-қизлар кўпчиликни ташкил этади. Мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги йўлида меҳнат қилаётган аёлларнинг фидокорона хизматларини қадрлаш ва уларнинг ғояларини қўллаб-қувватлаш “Адолат” СДП Аёллар қаноти олдида турган муҳим вазифалардан биридир. Ўз соҳалари ривожида самарали изланишлар қилаётган хотин-қизлар доимий диққат-эътиборимизда. Аёлларнинг эркаклар билан тенгма-тенг меҳнат қилиши, илм билан шуғулланиши, юқори лавозимларни эгаллаб, ўз қобилиятини намоён этишига замин яратишга интилиш партия фаоллари шуғулланиши лозим бўлган масалалар қаторида турибди.

Жумладан, партиянинг “Бир адолатчи – юз аёлга ҳимоячи” лойиҳаси доирасида аёлларга ҳуқуқий ва психологик кўмак кўрсатиш, уларни меҳнат билан банд қилиш, тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоялаш, жамиятдаги ўрнини тиклашга катта эътибор қаратилди.

Форумда партиянинг “Аёллар қаноти” фаолиятини ҳам қайта кўриб чиқиш, айниқса ҳудудий кенгашлардаги фаолиятини жонлантириш, таркибини фидойи, фаол ва олима аёллар билан тўлдириш лозимлиги таъкидланди. Маърузларда кўтарилган масалалар ечими юзасидан Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси ва тегишли вазирлик ва ҳамда идоралар билан ҳамкорликда ишлашга келишиб олинди.

 

 “Адолат” СДП Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+