Аёлларни зўравонликдан ҳимоялаш йўлида муҳим қадам

08.01.2022 15:01:27

Жорий йилнинг 8 январь куни Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши марказий аппаратининг Аёллар ва ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш бошқармаси томонидан партия Марказий аппарати биносида «Аёлларни зўравонликдан ҳимоялашнинг ҳуқуқий асослари» мавзусидаги онлайн тарзидаги конференция ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази директори ва ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда партия фаоллари иштирок этди.

Аввал хабар берганимиздек, якунланган 2021 йилнинг 23 декабрь куни Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Республика маркази билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 майдаги «Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ҳамда 2021 йил 6 октябрдаги «Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш борасидаги ишларни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги» 625-сонли Қарорлари ижросини таъминлаш ҳамда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини ошириш, оилавий зўравонлик муаммоларини таҳлил қилиш ҳамда ушбу муаммоларнинг долзарблиги, хусусиятлари, сабаб ва оқибатлари, зўравонликнинг олдини олиш борасида ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш мақсадида ҳамкорлик меморандуми имзоланиб, соҳада амалга оширилиши режалаштирилаётган қатор масалалар бўйича фаол ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишиб олинган эди. Мазкур онлайн конференция ҳам ушбу ҳамкорликнинг мантиқий давоми бўлиб хизмат қилди.

Конференцияда маърузачилар мамлакатимизда аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, гендер тенгликнинг қонуний асослари, аёлларга қилинаётган ғайриинсоний хатти-ҳаракатларнинг сабаблари ва оқибатлари ҳамда соҳа мутахассисларнинг бу йўналишдаги таклифлари, кутилаётган ечимларга атрофлича тўхталиб ўтилди.

Унда партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов томонидан бугунги кунда партия аъзоларининг умумий сони 510 мингдан ортиқни ташкил этаётгани ҳамда шундан 45 % ни, яъни 230 минг нафарга яқинини айнан хотин-қизлар ташкил этиши, қолаверса, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутатлари орасида 13 нафари (54 %) ҳамда партиядан сайланган сенаторларнинг 2 нафари (28 %) хотин-қизлар экани қайд этилиб, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайланган депутатларнинг 460 нафари (55 %) ҳамда партия тизимида фаолияти юритаётган ходимларнинг 125 нафарини хотин-қизлар ташкил этиши, аммо, бугунги кунда жамиятимизда ҳар хил йўллар билан зўравонлик қурбони бўлаётган хотин-қизларимиз ҳам йўқ эмаслиги, шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатишга, уларни манзилли қўллаб-қувватлаш, тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган, ўз жонига суиқасд қилган ёки ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизларга аноним тарзда шошилинч тиббий, психологик, ижтимоий, педагогик, ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатишда, оғир ижтимоий аҳволда қолган, шунингдек, оилавий муаммолар ва турмушида зўрлик ҳолатларига дуч келган хотин-қизлар ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлашга хизмат қилаётганлиги, қолаверса, айни кунда партия билан икки томонлама имзоланган меморандум келгусида хотин-қизларни ҳимоялаш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.

Шунингдек, тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази директори Муқаддам Расулова бугунги кунда аёлларни зўравонликдан ҳимоялашнинг ҳуқуқий асосларини таъминлаш борасида қилинаётган ишларга тўхталди.

Тадбир якунида келгусида амалга оширилиши режалаштирилаётган қатор масалалар бўйича фаол ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишиб олинди.

 

 "Адолат" СДП Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+