10 декабрь — Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинган кун

10.12.2023 02:12:46

1992 йил 10 декабрь куни “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган.

Қонунда мадҳиямиз давлат суверенитетининг рамзи, унга катта эҳтиром билан қараш ҳар бир юртдошимизнинг ватанпарварлик бурчидир деб белгилаб қўйилган. Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек, мамлакатимизда яшаб турган бошқа шахслар ҳам мадҳиямизни ҳурмат қилиши шартлиги алоҳида таъкидланган.

Давлат мадҳиясининг муаллифи Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов бўлиб, мусиқасини Ўзбекистон халқ артисти, атоқли бастакор Мутал Бурҳонов яратган. Мадҳияда халқимизнинг эзгу орзу-умидлари, келажакка мустаҳкам ишончи теран ифодаланган. Унда мардона ва шарафларга бой ўтмишимиз, миллий анъана ва қадриятларимиз, тинчлик, осойишталик, миллатлараро тотувлик ва биродарлик каби умуминсоний туйғулар тараннум этилган.

Ўзбекистон Республикаси мадҳияси ёшларда Ватанга муҳаббат, бой тарихимизга, миллий ўзлигимизга чуқур ҳурматни шакллантиришда, фарзандларимизнинг ҳар томонлама баркамол ва етук инсонлар бўлиб вояга етишида муҳим тарбиявий восита бўлиб хизмат қилмоқда.

“Адолат” СДП Ватанимиз мадҳиясининг 31 йиллик байрами билан барча юртдошларимизни самимий табриклайди.

Серқуёш ўлкамизга ҳеч қачон кўз тегмасин!

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+