Аёлларга зўравонликнинг олдини олиш –жамият бурчи

29.04.2024 11:04:44

Партиянинг Қумқўрғон туман Кенгаши томонидан тумандаги 2 умумий ўрта таълим мактабида БПТ фаоллари иштирокида «Аёлларни зўравонликдан ҳимоялаймиз!» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.Тадбирда туман оила ва хотин қизлар бўлими фаоллари, туман ИИБ вакиллари, туман ёшлар агентлиги ҳамда маҳалла фаоллари ва мактабнинг юқори синф ўқувчилари иштирок этди.

Учрашувда хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг ижтимоий ҳаётдаги ролини, ижтимоий–сиёсий мақомини янада ошириш, иқтидорли ҳамда юқори малакали хотин-қизларни давлат бошқаруви ва сиёсатга фаол жалб этиш, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш масалалари бўйича фикр алмашилди.

Баҳодир Қодиров, Қумқўрғон туман ИИБ ходими, тадбир иштирокчиси:

-Айтиш жоизки, дунёдаги давлатларнинг кам қисми аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш борасидаги қонунларни қабул қилган. Бу борада Ўзбекистон «Аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги ва «Аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонунларни қабул қилган саноқли давлатлар қаторига киради. Бу қонунлар давлат ва бошқа тегишли ташкилотларни аёллар зўравонлигига қарши курашиш ва уларга барҳам беришга чақиради.

Тадбирда гендер зўравонликнинг кўринишлари, яъни руҳий, жисмоний ва иқтисодий зўравонлик бўйича билим ва кўникмаларни мустаҳкамлаш, аёлларни ўз ҳақ-ҳуқуқлари бўйича етарли билимга эга бўлиши зарурлиги юзасидан маърузалар қилинди.

Шунингдек, аёлларга нисбатан зўравонлик ва репродуктив ёшидаги аёллар ўлими ва уларнинг меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қолишининг муҳим сабаблари, зўравонликка учраган аёлларга ҳимоя ордери қай тартибда берилиши хусусида маълумот берилди.

Тадбир сўнггида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига тегишлича жавоблар олишди.

Дилбар Халилова,
Ўзбекистон «Адолат» СДП
Қумқўрғон туман «Аёллар қаноти»
Кенгаши фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+