Бўлажак социологлар билан учрашув: Биз тазйиқ ва зўравонликка қаршимиз!

29.04.2024 16:04:24

Сўнгги йилларда мамлакатимизда оилавий зўравонликка қарши курашиш масаласида сезиларли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Қонунчилигимизда бу турдаги зўравонликларнинг олдини олиш, уларнинг асосий қурбонлари бўлган хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган қатор қонун лойиҳалари, шунингдек, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисидаги қонунларнинг имзоланганлиги бунинг исботидир.
Ҳар бир оилада турли даражадаги муаммолар учраб туради, десак адашмаймиз. Аммо, мазкур муаммонинг илдиз отиб, катта кўнгилсизликларни келтириб чиқармаслиги учун уларни бартараф этиш йўлларини муҳокама этсак, таъбир жоизки, жамият негизи бўлмиш оилалар мустаҳкамлигини сақлаб қолган бўламиз. Бинобарин, оилавий муаммоларни самарали ҳал этишда , аввало, муаммонинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш муҳим аҳамият касб этишини унутмаслик керак.
«Адолат» СДП Фарғона вилояти Кенгаши Фарғона давлат университети 5-талабалар турар жойида «Биз оилавий зўравонликка қаршимиз!« мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Давра суҳбатида »Адолат» СДП вилоят Кенгаши раиси ўринбосари, Фарғона шаҳар Кенгаши депутати Бунёд Аҳмадалиев, Тарих факультети тютори Дилноза Жўраева ҳамда университет талабалари иштирок этдилар.
Тадбир 2 қисмда ташкил этилган бўлиб, биринчи қисмида партия раиси ўринбосари Бунёдбек Аҳмадалиев тадбир иштирокчиларига оилавий зўравонлик ва унга қарши кураш масаласида, қолаверса, Фарғона вилоятида зўравонлик кўрсаткичлари, оилавий ажримлар ҳақида маълумот бериб ўтди.

Тадбирнинг кейинги қисмида «Адолат» СДП Фарғона вилоят кенгашида амалиёт ўтаётган Тарих факультети 3-босқич социолог талабалари иштирокида «Оилавий зўравонликка қарши кураш» мавзусида социологик сўровнома ҳам ўтказилди. 20 га яқин респондентлар сўровномада фаол иштирок этишди. Анкетада белгиланган саволлар ёрдамида оилавий зўравонликнинг сабаб ва оқибатлари ўрганилди. Масалан, «сизнингча зўравонлик нима?», деган саволга респондентларнинг 40 фоизи бир шахснинг бошқалар томонидан камситилиши дея жавоб берган бўлсалар, 40 фоиз иштирокчилар эса, шахсга нисбатан руҳий босим ва тазйиқ ўтказишни зўравонлик сифатида баҳолаганлар. Қолган иштирокчилар одамларга жисмоний зарар етказиш ва жинсий камситилиш вариантларини зўравонлик сифатида белгилаганлар. Респондентларнинг 60 фоизи оилавий зўравонликларнинг жисмоний ва руҳий тури кўп учрашини таъкидлаб ўтишган. «Оилада зўравонлик ҳолатлари ким томонидан содир этилади?», деган саволга 85 фоиз респондентнинг эр томонидан содир этилади, деган жавобни беришдилар.

Зўравонликнинг асосий сабаби сифатида сўровнома иштирокчиларининг катта қисми оила аъзоларининг бир-бирларини тушунмасликлари, ўзаро ҳурматнинг йўқлиги, билимсизлик, масъулиятсизлик, оиладаги муҳит ҳамда эркакларнинг турли ёмон одатлари (ичиш, чекиш, қимор ва бошқа) каби вариантларни белгилаганликлари жамиятимиз ҳаётида мавжуд маънавий муаммоларнинг мавжудлигидан далолат беради, десак муболаға бўлмайди. Ҳар қандай зўравонликнинг моҳияти – жабрланувчини иложи борича камситиш истагидир. Чунки фақат шу йўл билан зўравонлик қилган киши ўзини бирмунча вақт «устун» ҳис қилиши мумкин. Анкета орқали зўравонликнинг асосий жабрланувчиси сифатида 80 фоиз иштирокчилар аёллар ва болаларни кўришлари маълум бўлди.

Респондентларнинг ҳуқуқий билимини аниқлаш ва миллий қонунчилигимизда белгиланган инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш масалаларидан қай даражада хабардор эканлигини билиш мақсадида ўтказилган сўровномада 55 фоиз иштирокчилар 40-60 фоиз, 30 фоиз иштирокчилар 60-80 фоиз, 7 фоиз иштирокчилар эса, 20-40 фоиз маълумотга эга эканлиги барчани қувонтирди дея оламиз. Оилавий зўравонликларнинг олдини олиш бўйича сўровнома иштирокчилари бўлажак эр-хотинларни оилага тайёрлов курсига жалб этиш, оила аъзолари ўртасида ўзаро оила муҳитини шакллантириш, маънавий муҳитини яхшилаш механизмларини ишлаб чиқиш, индивидуал психологик тренинглар ташкил этиш каби таклифларни илгари сурганлар.

Сўровнома натижалари шуни кўрсатадики, жамият ва давлатнинг барқарор ҳаёт позициясини сақлашида, шунингдек, соғлом давлат ва жамият барпо этишда оилаларнинг ўрни беқиёс. Бироқ, ҳали-ҳануз ўз ечимини топмаётган қатор муаммо ва камчиликлар фаровонлик учун тўсиқ бўлмоқда. Шу сабабли оила институтини мустаҳкамлаш, оилавий муаммоларни ҳал этиш учун амалий тавсиялар ва ҳуқуқий нормаларни янада такомиллаштириш зарурияти пайдо бўлмоқда.

Ташкил этилган давра суҳбатида кўтарилган масалалар барча қатнашувчиларни янада ҳушёр бўлишга, айниқса, келажак эгалари сифатида бу масалаларга бефарқ бўлмасликка чақирди, десак ўринли бўлади. Мазкур мавзудаги тадбирлар албатта бутун вилоят миқёсида давом этади ҳамда сиёсий ташкилотлар ҳамкорлиги ва кўмагида ижтимоий сўровномалар ҳам кўплаб ўтказилиб боради.

Одинахон Абдусаматова
Фарғона давлат университети Социология йўналиши талабаси,
«Адолат» СДП Фарғона вилояти Кенгаши
Матбуот хизмати қошидаги Медиа гуруҳи аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+