Муаммоли вазият «Адолат» назоратида

30.04.2024 12:04:48

Ижтимоий тармоқларда «Қувасой шаҳридаги ушбу мактабнинг опен бюджетда ютиб олган пули қаерда?» сарлавҳаси остидаги видеолавҳа Қувасой шаҳар ҳокимлигининг масъул ходимлари ва Ўзбекистон «Адолат» СДП Қувасой шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳи томонидан ўрганиб чиқилди ва ушбу ҳолат халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг 2024 йил 26 апрель куни ўтказилган навбатдаги 66-сессиясида мазкур масала қўшимча кун тартибига қўйилиб, Қувасой шаҳар Кенгаши депутатлари томонидан муҳокама этилди.

Қувасой шаҳаридаги Қўчқорчи МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро Жалолиддин Дадажонов томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 апрель кунги «Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги  ПҚ-5072-сонли қарорига асосан мазкур маҳаллада жойлашган 19 умумий ўрта таълим мактабининг болалар футбол майдонини таъмирлаш бўйича openbudget.uz сайти орқали ташаббускор томонидан ҳақиқатдан ҳам 170 000 000 (бир юз етмиш миллион) сўмга баҳоланган лойиҳа жойланган.

Бироқ, Қувасой шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг ташаббусли бюджет лойиҳаларини молиялаштириш бўйича тузилган ишчи гуруҳи томонидан ушбу лойиҳа 50 000 000 (эллик миллион) сўмга баҳоланиб, қолган 120 000 000 (бир юз йигирма миллион) сўм маблағлар маҳаллий бюджет ҳисобига қайтарилган. Бу ҳақида лойиҳага овоз тўплаш ишлари самарали ташкил этилиб, 1 041 та овоз тўплашга муваффақ бўлган маҳалла фуқароларига сметада кўрсатилган маблағ миқдори 170 000 000 эмас, аслида 50 000 000 (эллик миллион) сўм маблағ ажратилганлиги ҳақида Қўчқорчи МФЙ аҳолиси хабардор этилмаган. Бу ҳолатдан хабардор бўлмаган маҳалла аҳолиси стадионни таъмирлаш ишлари ўлда-жўлда қилинганлигидан, овоз тўплаш жараёнидаги меҳнатлари самарасизлигидан ранжиб, 170 000 000 сўм маблағни талон- торож қилинган, деган хулосага борилади.

Фуқаро мурожаатидан сўнг, жорий йилнинг 27 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қувасой шаҳридаги Халқ қабулхонаси мудири С.Додобоев, шаҳар ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ҳоким ўринбосари А.Мамажонов, Халқ депутатлари Қувасой шаҳар Кенгашининг «Адолат» СДП депутатлик гуруҳи аъзоси, котибият мудири А.Назиров, Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Э.Қўзиев ҳамда иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи Ш.Тожимаматовлар томонидан муаммо жойига чиққан ҳолда ўрганиб чиқилди.

Мутасадди раҳбарлар якуний хулосасига кўра, мазкур муаммо бартараф этилиши, 19 умумий ўрта таълим мактаби футбол майдони маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан таъмирланиши белгиланди.

Мазкур масала юзасидан тегишли масъуллар шахсан жавобгар этиб белгиланиб, ижроси халқ депутатлари шаҳар Кенгаши ва «Адолат» СДП депутатлик гуруҳи томонидан назоратга олинди.

Дилобар Мирзаева
«Адолат» СДП
Қувасой шаҳар Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+