Қинғир ишни қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам фош бўлади

09.12.2022 11:12:54

Сўнгги йилларда аҳоли турмуш тарзини яхшилаш мақсадида тижорат банклари томонидан истеъмол кредитлари ҳамда тадбиркорлик фаолияти учун имтиёзли шартларда кредит маблағлари ажратилиши бир мунча кўпайди. Ўз навбатида кредит ажратиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ҳамда жиноятчилик сони ҳам ошди.

Хусусан, жиноят ишлари бўйича Конимех туман судининг 2021 йил 5 ноябрдаги ҳукми билан, Р.С таниши А.Ф га қарзи кўпайиб кетганлиги сабабли, унинг номига кредит расмийлаштириб, ажратилган кредит маблағларини кейинчалик ўзининг номига қайта расмийлаштириб олишини айтиб, унинг ишончига кирган. А.Ф билан банк ўртасида истеъмол кредити бериш тўғрисида шартнома тузиб, ушбу шартномага асосан А.Фга ажратилган 20.000.000 сўм кредит маблағларини «ТТТ» МЧЖ ҳисоб рақамига кўчирилишига эришган. Сўнгра ушбу жамиятдан 20.000.000 сўмлик маиший техника воситаларини олиб кетиб, ўзининг эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган. Суриштирув ишлари натижасида жиноий иш аниқланиб, Р.С Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми «б» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Жавобгар Р.С томонидан зарарни қоплаш мақсадида депозит ҳисоб рақамига тўланган маблағлар ҳисобидан фуқаровий даъвогар банк фойдасига А.Ф номига ажратилган кредит асосий қарздорлиги қоплаш учун 12.040.062 сўм ўтказилган.

Жавобгар Р.Сдан фуқаровий даъвогар банк фойдасига А.Ф номига ажратилган кредит асосий қарздорлигидан 4.071.039 сўм ва 7.157.500 сўм кредит фоизи жами 11.228.539 сўм ундириш белгиланган.

Бироқ, суд ҳукмининг ушбу қисми ҳозирги кунга қадар ижро қилинмаганлиги сабабли А.Ф номига 8.999.050 сўм кредит қарздорлиги ҳисобланган ҳамда унинг иш ҳақларидан мунтазам равишда кредит қарздорлиги ҳисобига ушланиб келган.

Шу сабабли, даъвогар А.Ф судга кредит шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда ҳисобланган кредит фоизларини ундириш ҳақида мурожаат қилган.

Суднинг 2022 йил 5 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан даъвогар кредит шартномасига шахсан ўзи имзо қўйганлиги асоси билан даъвогарнинг даъво талаби қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

Суднинг ушбу қароридан норози бўлиб даъвогар апелляция шикояти билан мурожаат қилган.

Апелляция инстанцияси судлов ҳайъати жавобгар Р.Снинг даъвогарни алдаб шартнома тузишга эришганлигини, ушбу шартнома бўйича даъвогар умуман манфаатдор бўлмаганлигини, аксинча алдов йўли билан барча кредит маблағлари эвазига олинган маиший техника воситалари Р.С томонидан эгалланганлигини ҳамда ҳукмга асосан кредит қарздорлиги ҳам Р.Сдан ундирилганлиги сабабли биринчи инстанция судининг 2022 йил 5 сентябрдаги ҳал қилув қарорини қисман бекор қилиб, иш бўйича даъвогар А.Ф ва банк ўртасида тузилган 2019 йил 12 августдаги кредит шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида янги ҳал қилув қарори қабул қилган.

Апелляция инстанцияси томонидан фирибгарлик, алдов йўли билан тузилган кредит шартномаси ҳақиқий эмас деб топилиб, даъвогарнинг ҳуқуқлари тикланди.

 

Азизжон Баҳронов

Навоий вилоят суди фуқаролик ишлари

бўйича судьяси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+