Қўшкўпир туман Кенгаши сессиясига масала киритилди

01.05.2024 17:05:44

Хоразм вилоят Қўшкўпир туман ҳокимлиги кичик мажлислар залида туман Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Сессия кун тартибида Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси депутатлик гуруҳи томонидан партиянинг «Тозалик йўлида бирлашайлик!» лойиҳаси доирасида туман бўйлаб амалга оширилган ҳамда олиб борилган ўрганиш ишлари натижаси муҳокама этилди.

Сўзга чиққан туман Кенгаши депутатлик гуруҳи раҳбари – Азизбек Эркиновнинг таъкидлашича, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, партия томонидан ишлаб чиқилиб ҳаётга татбиқ этиб келинаётган – «Тозалик йўлида бирлашайлик!» лойиҳаси ҳамда партия сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг 27-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Қўшкўпир туман Кенгаши депутатлик гуруҳи томонидан туман ҳудудидаги маҳаллалар, кўчалар, ташкилот ва муассасалар ва уларнинг атрофлари, боғ — роғларнинг ободонлиги, атроф-муҳит тозалигига риоя қилиш даражаси ўрганиб чиқилган. Унда, барпо этилган кўкаламзорлаштириш, ободончилик каби бир қатор ижобий ҳамда депутатлар томонидан амалга оширилган ишлар билан бир қаторда талайгина муаммо ва камчиликлар ҳам аниқланган.

Масала юзасидаги савол-жавоблар, фикр ва мулоҳазалардан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6 ва 24-моддаларига мувофиқ, халқ депутатлари Қўшкўпир туман Кенгаши қуйидагича қарор қабул қилди.

Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясининг «Тозалик йўлида бирлашайлик!» лойиҳаси доирасида партия Қўшкўпир туман Кенгаши депутатлик гуруҳи раҳбари –Азизбек Эркиновнинг тумандаги маҳаллаларда аҳолининг атроф-муҳит тозалигига муносабати ҳамда ҳудудлардаги чиқиндилар билан боғлиқ муаммолар юзасидан ишчи гуруҳ томонидан ўтказилган ўрганиш натижалари тўғрисидаги ахбороти маълумот ва ижро учун қабул қилинди.

Маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги кўчалар ободончилиги талаб даражасида эмаслигига туманда фаолият олиб бораётган барча маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда корхона ва ташкилот раҳбарларининг эътибори қаратилди. Шунингдек, корхона ва ташкилот раҳбарларига ўзлари фаолият юритаётган жойларда тозаликка риоя қилиш бўйича махсус дастур ишлаб чиқиш, аҳолини санитария-гигиена ва тиббий маданиятини оширишда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда сайёр учрашув ва давра суҳбатларни ташкил этиб бориш ва шунга ўхшаш масалалар вазифа этиб белгиланди ва аҳоли яшаш пунктлари ва унга яқин ҳудудларда тўпланиб қолган турли чиқиндиларни олиб ташлашда мутасадди ташкилотлар фаолияти устидан самарали жамоатчилик назорати ўрнатиш топширилди.

Аҳоли ўртасида чиқиндилар билан боғлиқ масалалар юзасидан тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш, бу борада маҳаллалардаги ёши улуғ ва халқ орасида ҳурмат-эътиборга сазовор бўлган инсонлар ҳамда маҳалла фаоллари кўмагидан фойдаланиш, аҳоли томонидан чиқиндилар билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар содир этилганда, айбдор шахсларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда атроф-муҳитга келтирган зарари учун жаримага тортиш ва жамоатчилик орасида муҳокама қилиш чорасини кўриш туман Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси зиммасига маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари билан ҳамкорликда иш олиб бориш вазифаси юклатилди.

Туман марказий кўчаларида ободончилик ишларига алоҳида эътибор қаратиш масаласи туман Ободонлаштириш бошқармасига, аҳоли яшаш пунктлари ва унга яқин ҳудудларда тўпланиб қолган турли чиқиндиларни олиб ташлаш чораларини кўриш Хоразм вилояти «Тоза ҳудуд» ДУК тумани филиали раҳбарига, Халқ депутатлари туман Кенгашининг интернетдаги веб сайти ва ижтимоий тармоқларда амалга оширилган ишларни кенг ёритиб бориш вазифаси туман ҳокимлиги матбуот котибига топширилди. Мазкур қарор ижросини назорат қилиб бориш халқ депутатлари туман Кенгашининг барча доимий комиссия раислари зиммасига юклатилди ва қарор ижроси амалиётга йўналтирилиб, назоратга олинди.

Замира АБДУЛЛАЕВА,
«Адолат» СДП
Хоразм вилоят Кенгаши
Матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+