Ёшлар — мамлакатимиз тараққиётининг драйверига айланади

29.04.2024 11:04:38

Ҳар қандай давлатнинг тарихий тараққиёт йўлидан маълумки, юртнинг жадал ривожланиши, муайян ютуқларга эришиши, халқнинг фаровон бўлиши ўша давлатда ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига бериладиган эътибор даражасига чамбарчас боғлиқ. Шу маънода, Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сифатида биринчи имзолаган қонун ҳужжати – 2016 йил 14 сентябрдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги Қонун эканида ҳам рамзий мазмун-моҳият мужассам. Бинобарин, аҳолисининг ярмидан кўпроғи ёшлардан иборат бўлган мамлакатда ёшларга оид давлат сиёсатини изчил амалга ошириш, ёш авлодни ҳар томонлама етук ва баркамол, интеллектуал салоҳиятли, ўз қатъий позициясига эга, юртда амалга оширилаётган ислоҳотларга бефарқ бўлмаган, юртнинг эртанги муносиб келажаги учун дахлдорликка тайёр, мақсадга интилувчан, серғайрат, ватанпарвар, садоқатли, комил шахслар сифатида тарбиялаш Ўзбекистонни дунёнинг энг ривожланган давлатлари сафидан ўрин олишининг муҳим омили эканини мамлакат раҳбари ва ҳукумат яхши англайди. Бугун давлатимизнинг кучли ижтимоий сиёсатида ёшлар масаласи энг муҳим устувор йўналиш сифатида қаралаётганлиги, уларнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаб, ватанга бўлган садоқати ва фидойилигини янада оширади. Бундан ўн йил аввал касб-ҳунар коллежларида таҳсил олган ёшлар биринчи навбатда уч томонлама ёлғон шартномаларни тўлдириш учун сарсон бўлган бўлсалар, иккинчи навбатда қўлида дипломи бўла туриб иш тополмай яна саргардон бўлганлигини гувоҳи бўлдик. Айни куч-қувватга тўлган, тоғни урса талқон қиладиган ёшлар иш излаб чет давлатларда қурилишларда, оғир шароитларда ишлашга мажбур бўлгани ҳам ҳақиқат.

Ҳозирги кунда юртимизда энг иқтидорли ёшларни бағрига олган Президент мактаблари, Ал-Хоразмий, эл севган адиблар номи билан аталувчи ижод мактабларининг барчаси ёшларга сифатли таълим бериш ва касбга йўналтириш, уларнинг интилишларини қўллаб-қувватлашга қаратилган юксак эътиборнинг амалдаги исботидир.

Юртимизнинг ҳар бир маҳалласида «Ёшлар бандлиги дастури» амалга оширилмоқда. Давлат раҳбарининг ҳаётий ташаббуслари «Беш ташаббус олимпиадаси», « Маданият карвони» тадбирлари ва турли фестиваллар Ўзбекистон ёшларини янада жипслаштиришга, иқтидори ва истеъдодини намоён этишга ҳамда қўллаб-қувватлашга хизмат қилаётганлигига ўзимиз гувоҳмиз. Жорий йилнинг 21 февраль куни Президентимиз фармони билан «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури қабул қилинди.

Бу дастурни Ўзбекистон «Адолат» СДП Қибрай тумани Кенгаши жамоаси билан батафсил ўрганиб чиқдик. Дастурда ёшлар муаммоларини ҳал қилиш ва салоҳиятини юзага чиқариш, уларни талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўқитиш орқали бандлигини таъминлаш бўйича кўплаб вазифалар белгиланганлиги барчамизни қувонтирди. Хусусан, «Беш ташаббус олимпиадаси» доирасида 2024 йил 1 мартдан бошлаб маҳалла, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар тизимида мукофот жамғармаси 600 миллион сўм миқдорида хорижий тиллар («Ибрат фарзандлари») бўйича танлов, киберспорт мусобақаси ва «Заковат» интеллектуал ўйинлари юқори савияда ташкил этилади.

Биргина жорий йилнинг ўзида «Ёшлар баланси» бўйича 925 минг йигит-қизнинг бандлигини таъминлаш вазифаси илгари сурилган. Дастурга биноан ёшларнинг бизнес билан шуғулланишига қўшимча имкониятлар яратилиб, оилавий тадбиркорлик дастури доирасида ажратилаётган кредитларнинг камида 40 фоизи ушбу йўналишга йўналтирилиши диққатга сазовор. Шунингдек, «Ёш тадбиркор» танловлари ўтказилиб, ғолиблар хорижий давлатларга малака оширишга юборилиши ҳам ёшлар учун янги имконият ва ғамхўрликлар намунасидир. Бундан ташқари, «Ҳар бир маҳалладан икки нафар дастурчи» лойиҳаси доирасида бу йил ахборот-технологиялари соҳасида 70 минг ёшни банд қилиш режалаштирилганлиги, қобилиятли йигит-қизларни аниқлаб, уларни IT-касблар ва хорижий тилларни ўрганишига кўмаклашиш каби масалалар мутасаддилар учун вазифа қилиб берилди. Фармонда барча ўзгаришларнинг негизи ҳисобланган таълим-тарбия тизимида ҳам янгича туб ислоҳотларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада қанча маблағ талаб этилса, ажратилишига шубҳа йўқ. Ўрни келганда шуни айтиш керакки, бугунги кунга келиб мамлакатимизда таълим, шу жумладан, ижтимоий соҳа учун харажатлар миқдори давлат бюджети харажатлари умумий қийматининг ярмидан кўпроғини ташкил этмоқда.

Табиийки, ҳар қандай давлат ҳам бундай катта харажатларни кўтара олмайди. Аммо қанчалик оғир бўлмасин, бунинг учун зарур маблағ ва ресурслар юртимизда излаб топилмоқда. Президентимиз мазкур харажатларни келажак учун қўйилган энг самарали сармоя деб ҳисоблаб, таълим даражаси ва сифати ҳар қандай давлатнинг истиқболини белгилаб берадиган муҳим омил эканини таъкидламоқда.

Фармоннинг яна бир эътиборга молик жиҳати, 2024 йил 1 майга қадар адашган ёшларни жамиятга интеграция қилиш, уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш мақсадида Ёшлар иттифоқи кафиллиги асосида жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган ёшларни пробация ҳисобидан чиқариш амалиёти жорий этилади. Уларни профилактик ҳисобга олиш асослари кескин қисқартирилади. Бу каби улуғвор мақсадлар Адолат партиясининг Сайловолди дастурида ҳам ўз ифодасини топган.

Ёшларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, етук инсонлар бўлиб улғайиши йўлида замонавий, илғор-инновацион шарт-шароитларни яратиб бериш учун Ўзбекистон бор куч ва имкониятларини ишга солмоқда. Чунки ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маънавий етук, жисмонан соғлом, ватанпарвар ва фидойи этиб тарбиялаш, ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга эътибор қанча кучайтирилса, унинг самараси ҳам шунча юқори бўлади. Шу боис Ўзбекистон жамиятнинг фаол қатлами сифатида эътироф этилувчи ёшлар қатламига «муаммо» деб эмас, балки юрт равнақини таъминловчи катта куч, давлатнинг стратегик ресурси сифатида қарамоқда. Натижада бугун юксак билимли, замонавий фикрлайдиган, қатъий позицияга эга ёшлар мамлакатнинг эртанги тараққиётида тобора ҳал қилувчи кучга айланиб боряпти. Ёшлар — юрт келажаги, бунёдкори экан, Президентимиз илгари сурган мақсад ва ғояларни ҳаётга татбиқ этилиши учун биз «Адолат» фаоллари жамоатчилик назоратини мунтазам йўлга қўямиз. Ҳудудларда депутатлик гуруҳлари томонидан ёшларни қийнаётган муаммоларни ҳал этилишига, уларни қўллаб-қувватлаган ҳолда Янги Ўзбекистоннинг янги бунёдкорларини комил инсон бўлиб, ҳаётда ўз ўринларини топишларига кўмакдош бўламиз.

Давлат дастурида кўзда тутилган мақсад ва вазифалар ёш авлодни ҳар томонлама етук ва баркамол, юртда амалга оширилаётган ислоҳотларга бефарқ бўлмаган, интилувчан, серғайрат, ватанпарвар сифатида тарбиялаш борасида бошланган ишларни янги босқичга олиб чиқишда дастуриламал бўлади. Қонун устуворлиги, адолатли ҳимоя ва тартиб-интизом ёшларимизни ватан тараққиёти йўлида бирлашишига хизмат қилар экан, биз ҳам мамлакат раҳбари томонидан ҳар биримизнинг зиммамизга юклатилган вазифаларни сидқидилдан адо этишга ҳаракат қиламиз.

Дониёр Юсупов,
Халқ депутатлари
Қибрай тумани Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+