Аёлларнинг жамият ривожи йўлидаги ютуқлари

06.05.2024 15:05:01

Бугунги кунда юртимиз ҳар соҳада жадал суръатларда ривожланиб бораётгани барчамизга маълум. Дарҳақиқат, бунинг исботи сифатида илм-фан, спорт, санъат ва маданият каби яна кўплаб йўналишларда дунё мамлакатлари орасида тобора юқори ўринларни эгаллаб келмоқдамиз. Шуни эътиборга олишимиз лозимки, бу статистик маълумотларни ошишида ўзбек аёлларининг ўрни беқиёс. Шунинг билан ҳукуматимиз томонидан аёлларимизга кўрсатилаётган эътибор уларни ҳар соҳада илғор кўришимизга сабаб бўлмоқда. Шу ўринда гендер тенгликни таъминлаш учун қабул қилинган қонунлар ва ислоҳотларни кўриб чиқишимиз мумкин. Бугунги кунда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларга назар ташласак ҳам буни яққол кўришимиз мумкин. Янги қабул қилинган "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида"ги конституциявий Қонун лойиҳасининг 58-моддасида хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги кафолатланмоқда. Бу эса мамлакатимизда ҳақиқатдан ҳам эркаклар ва хотин-қизлар учун тенг имконият ва шароитлар яратиб берилаётганлигидан далолат беради.

"Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида"ги Қонунда хотин-қизлар ва эркакларга шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни амалга оширишда тенг ҳуқуқлиликни, жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, сайлов жараёнида тенг иштирок этишни кафолатлаши мустаҳкамлаб қўйилди.

Олий Мажлис Сенатида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил этилди. Алоҳида Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия ташкил этилиб, у хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги ишларнинг ҳолати тўғрисида ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ахборот тақдим этиши белгилаб қўйилди.

Айтишимиз мумкинки, аёллар ва эркаклар тенглиги маданиятини шакллантириш — тизимли ва доимий жараён бўлиб, кенг жамоатчилик ва фуқаролик институтлари билан ҳамкорликни талаб этади. Бу борада жамиятнинг барча жабҳалари – давлат тузилмалари, жамоат ташкилотлари, бизнес субъектлари, касаба уюшмалари ва кенг аҳоли қатламларининг биргаликдаги ва ҳамжиҳатликдаги фаолияти муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, ўтган 2023 йилга кўра, Ўзбекистон аёлларнинг сиёсатдаги улуши бўйича 195 та давлат ичида 56-ўринни эгаллади. Ушбу рақамлар биз қилаётган ислоҳотларнинг натижаси ҳамда қилишимиз керак бўлган ишлардан иборат.

Ҳозирда сиёсатнинг барча тармоғидаги ҳар бир раҳбар ёки раҳбар ўринбосари қилиб тайинлашни президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз селектoрларида айтиб ўтган. Таъкидланадики, ташкилот ва корхона раҳбарларининг ўртача 45,3 фоизи – аёллар. Хотин-қизлар соғлиқни сақлаш ва ижтимоий соҳаларда фаолият юритаётганларнинг 82 фоизини, фан, таълим, маданият, санъат соҳасида 72 фоизни, қишлоқ хўжалигида 45 фоизни ҳамда тадбиркорлик субъектларининг 29 фоизини ташкил этади. Ҳозирги вақтда мамлакатимизда турли соҳа ва тармоқларда меҳнат қилаётган ишчи ва хизматчиларнинг 45 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Жумладан, давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида 1400 га яқин хотин-қиз раҳбарлик лавозимларида меҳнат қилмоқда. Улардан 17 нафари сенатор, 16 нафари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, 1075 нафари эса халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари таркибида фаолият юритмоқда.

Бироқ баъзида аёлларимиз ҳақидаги баъзи мудҳиш статистикалар қулоғимизга чалинади. Буларнинг барчаси инсонларнинг ўз ҳуқуқларини билмасликлариданми ёки ҳуқуқий маданиятнинг ривожланмаганлигиданми? Жамиятимизнинг айрим бўғинларида аёлларга нисбатан паст назарда қараш туфайли бу каби саволлар жавобсиз қолишига тўғри келмоқда.

Шуни алоҳида эътироф этиш лозимки, ҳозирда аёлларга бўлган эътибор туфайли аёллар ҳар соҳада ўз ўрнини мустаҳкамлаб юқори натижаларни қўлга киритиб келишмоқда. Юқорида келтирилган маълумотларга кўра шуни аниқ айтишимиз мумкинки, бугунги кунда хотин-қизларга бўлган эътибор бежизга эмас. Уларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш ва эришаётган ютуқларини тўғри баҳолаш ҳамда шунга мос ҳолатда рағбатлантиришимиз ҳозирги замон талаби десак, муболаға бўлмайди.

Шундай экан, жамиятимизда аёлларнинг ўрнини мустаҳкамлаш, уларнинг ҳам сиёсий ҳам ижтимоий соҳаларда юқори натижаларга эришишларида ёрдам беришимиз, бу борадаги ижобий фикрларни, уларнинг ютуқларини тарғиб қилишимиз лозим бўлади.

Сабина Абдураҳимова
“Адолат” СДП
Жиззах вилоят 
Кенгаши
Матбуот котиби




Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+