Хотира азиз, хотира мангу

09.05.2024 12:05:00

Ўзбекистон "Адолат" СДП Қарши шаҳар Кенгаши томонидан Нуроний жамғармасида "Хотира бор экан - миллат барҳаёт" мавзусида маданий маърифий тадбир бўлиб ўтди. Ёшлар, уруш ва меҳнат фахрийлари, давлат ташкилотлари раҳбарлари, партия фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда инсон хотираси муқаддас эканлиги эътироф этилди.

- Ҳар йили республикамиз бўйлаб 9 май Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонланиб келинади, - деди тўпланганлар ҳузурида "Адолат" СДП фахрийси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Абдуқаҳҳор Ахмедов.

- Унда суронли йилларда жасорат ва матонат намуналарини кўрсатган ота-боболаримиз ҳаёти ёшларга чуқурроқ таништирилади. Уруш ва меҳнат фахрийлари эъзозланади. Дарҳақиқат, хотира - инсон умрининг маҳсули, ўлчови, ўз давримизда яшаб ўтган ҳаётимизнинг ростгўй тарозибони. Ҳар бир инсон ўзига ўлчаб берилган умрни яшар экан, бу йўл паст баландликлар, яхши ва ёмон, ёруғ ёки армонли хотиралар билан шууримизга сингади.

- Айни пайтда вилоятимизда 353 минг 577 нафар нуронийларимиз умргузаронлик қилиб келишмоқда, - деди халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши депутати Хаққул Эшимов.

- Шулардан 1941-1945 йилларда уруш жанггоҳларида мардлик ва матонат намуналарини кўрсатганлар 8 нафар , қирғинбарот уруш вақтида фронт ортида меҳнат қилганлар эса 897 нафарни ташкил этади. Воҳамизда 100 ёшдан ошган нуронийларимиз 86 нафардан иборат.

Дарвоқе, биз азал-азалдан тинчликсевар халқмиз. Айнан шу ғоя тарғиботига бевосита бағишланган миллий маънавий меросимиз ҳам мавжуд. Шуниси эътиборлики, уларнинг ҳаммасида тенги йўқ тинчликнинг қадрига етиш тарғиб этилади, уруш эса аксинча, батамом қораланади. Бутун дунё тамаддуни тарихида энг аянчли унутилмайдиган доғ сифатида эътироф этиладиган, одамзод бошига кўплаб кулфат, азоб-уқубатларни келтирган иккинчи жаҳон урушидир. Ёшлар билан учрашувда шулар хусусида кенгроқ сўз юритилди.

Ўзбек халқининг бой қадриятларидан бири бу жонажон Ватан, олийжаноб халқ тақдири учун жасорат тимсоли бўлмиш ўғлонлари хотирасини ёд этиш ҳам қарз, ҳам фарздир. Она юрти тақдири учун жасорат кўрсатиб бугунги дориламон замонда умргузаронлик қилаётган 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, нуронийларни эъзозлаш, эҳтиром кўрсатиш ҳам энг олий маънавий қадриятларимиздан саналади. Учрашувда уруш ва фронт ортида жасорат кўрсатган фахрийлар ёшларга суронли йилларда кечирган ниҳоятда қийин ҳаёт йўллари ҳақида сўзлаб бердилар. Шундан сўнг, партия фаоллари нуронийлар иштирокида уруш ва фронт ортида хизмат қилган фахрийлар хонадонларида бўлиб, улар ҳолидан хабар олишди ва совға-саломлар улашишди.



"Адолат" СДП
Қашқадарё вилоят Кенгаши
Матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+