Иккинчи жаҳон уруши даврида чирчиқликларнинг кучли иродаси, мардлиги ва ташаббускорлиги

07.05.2024 18:05:19

Иккинчи жаҳон урушининг таъсири етиб бормаган давлат қолмади. Барчаси у ёки бу даражада дахлдор бўлиб яшади. Уруш бошланган пайтда Ўзбекистонда 6,5 миллион аҳоли истиқомат қилиб, уларнинг 1,9 миллиони фронтга сафарбар этилди ва 538 минги ушбу урушда ҳалок бўлди. Бундан ташқари, 158 минги бедарак йўқолган, деб қайд этилди. Ўзбекистонга 1 миллион аҳоли эвакуация қилинди, улардан 200 минги болалар эди.

Ўрта Осиёга эвакуация қилинган 308 корхонадан 100 дан ортиғи айнан бизнинг юртимизга кўчиртирилди. Уларнинг 50 таси 1942 йил бошида, қолганлари уруш бошланган йилнинг ўзидаёқ ишга туширилди. Ўзбекистоннинг 300 та корхонаси ҳарбий маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилди. Уруш талофоти ҳар бир хонадонга ўз таъсирини кўрсатди, аммо шароитлар қандай оғир бўлмасин, Ўзбекистон аҳолиси ушбу даврни катта матонат билан ўтказди. Халқ хўжаликнинг қатор соҳаларида шижоатини кўрсатиб, урушнинг тезроқ якунланиши учун ўз ҳиссасини қўшиб келди.

Иккинчи жаҳон уруши бошланиши билан минглаб чирчиқликлар фронтга сафарбар этилдилар. 1941 йил 22 июнда Москва радиоси Германия босқини тўғрисида эълон бергандан бир соат ўтиб, Чирчиқ электрокимё комбинати олдида катта митинг ташкил қилинди. Шунингдек, 22-23 июнь кунлари шаҳарда корхона ва ташкилотлар ишчилари иштирокида 50 га яқин митинг бўлиб ўтган. Унда 25 минг киши қатнашди. Урушга юбориш тўғрисида шаҳар ҳарбий қўмитага, партия қўмитасига ва ёшлар ташкилотига аризалар туша бошлади. Қисқа муддатда юзлаб кишилар, биринчи навбатда раҳбарлик лавозимларидаги мансабдор кишилар, ёшлар ташкилоти аъзолари сафарбар этилиб, фронтга юборилди.

Урушга кўпчилик ўз иродаси билан боришга интилди. Жумладан, темир йўл хўжалиги қоровул хизмати ишчиси Агибай Тюкбаевнинг фронтга юбориш тўғрисида берган аризаси сақлаб қолинган бўлиб, унда қуйидагича илтимос битилган: «Шаҳар комсомол қўмитасидан мени Қизил Армия сафига юборишини сўрайман. Ўз кучим, қоним ва ҳаётимни аямай фашизм деб номланган инсониятининг ёвуз душмани устидан тўлиқ ғалабага эришишга ҳаракат қиламан».

Бутун уруш даври давомида Чирчиқ шаҳридан ўн мингдан ортиқ киши Иккинчи жаҳон урушига жўнатилди. Ишхонада уларнинг ўрнини аёллар, болалар эгаллади. «Барча нарса фронт учун, барча нарса ғалаба учун!» шиори чирчиқликлар учун ҳам бегона эмас эди. Бу қийин даврда ҳам Чирчиқ шаҳар корхоналари белгиланган режани ортиғи билан бажариб борди.

Иккинчи жаҳон урушидан олдин хотин-қизларнинг ишлаб чиқариш корхоналаридаги улуши жуда ҳам оз эди. Тез фурсатда улардан ҳам аниқ мутахассислик эгалари етишиб чиқди. 1938 йилда қурилишда хотин-қизлар сони 1724 нафар ёки жами ишчиларнинг 19 фоизини ташкил этган бўлса, уруш йилларида бу рақам 50 фоиз атрофида бўлди.

Уруш даврида ёши катта ишчилар эрталабки соат 8 дан кечки соат 12 гача ишлаган, қўшни цехларда эса ётоқхона ташкил этилган, яъни уйга бормай, қатнашга кетадиган вақтни тежаб, шу ерда қолиб яшашган ва ишлашган. Чирчиқ шаҳрини бунёд этишда иштирок этиб, шу ердан кетган ўн минг кишидан икки мингга яқини фашизмга қарши курашда жанг майдонларида ҳалок бўлди. Қайтганларнинг аксарияти муносиб тақдирланди ва орден ҳамда медаллар билан қайтиб келди.

Уруш кечаётган ҳудудларда истиқомат қилган минглаб кишилар Чирчиқ шаҳрига эвакуация қилинди. Кундан кунга турли ҳудудлардан турли заводларнинг асбоб-ускуналарига тўлган эшелонлар Чирчиқ станцияга етиб кела бошлади.

Уруш талофотларидан қайғуда бўлган аёллар, қариялар, болаларни қабул қилиш, жойлаштириш, заводлар учун майдон топиш, уларни жойлаштириш ва ишга тушириш осон иш эмасди. Шаҳарда уй-жой, юк кўтариш техникаси ва транспорт етишмаслиги яққол кўзга ташланди. Шу билан бирга, ишчиларнинг ойлигини ўз вақтида тўлаш, озиқ-овқат маҳсулотларини келтиришда катта муаммолар келиб чиқди. Шу боис, чирчиқликлар узоқ юртлардан келганларни ўз уйларига қабул қилдилар, дастурхонлари билан бўлишдилар.

Уруш талофоти етган жойлардан кўчиб келганлар ҳисобига шаҳар аҳолиси 1942 йил 1 апрелда 68 минг кишидан ортди. Шу йили аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш долзарб муаммога айланди. Муаммонинг олдини олиш мақсадида Бўзсув, Аранча ва комбинатнинг бугунги боғи жойлашган ҳудудлар индивидуал деҳқончилик учун ажратилди. 282 гектар ерда комбинатнинг 3500 нафар ишчиси меҳнат қилдилар. Аранчада сигир, қўй ва чўчқа боқишга ихтисослаштирилган хўжалик ташкил этилди. Кузга бориб олинган маҳсулотлар меҳнаткашлар учун катта ёрдам берди.

Ўз навбатида, янги уй-жойларни қуришга эътибор кучайтирилди. Электрокимё комбинати балансида кўплаб бараклар бўлиб, у ерда яшаётганларни обод уйларга кўчириш, эвакуация қилинганларни, шу қаторда кўчирилган саноат корхоналарини тиклаш, кўплаб янги мутахассислар учун қулай уй-жой ажратиш мақсадида 1941-1942 йилларда кўп қаватли уйларни қуриш билан бирга, аҳолига ҳовли-жой қилиш учун ерлар ажратилди.

Электрокимё комбинати уй-жой қурилишига ва маиший объектларни қуришга катта маблағ ажратарди. Эшелонда келган заводларнинг асбоб-ускуналарини вагонлардан кўтариб олиб қабул қилиш ва монтаж қилиш учун чақирув ёшидан ташқарида бўлган вояга етмаганлар ва қариялардан иборат бригадалар тузилди. Мактаб болалари ҳам эвакуация қилинган заводлар учун эски биноларни қайта реконструкция қилиш ва янгиларини қуриш ишларига жалб этиб борилди.

Айнан кучга тўлган ишчилар урушга кетганида ишлаб чиқариш жараёнини давом эттириш мақсадида заводлар, фабрикаларга балоғатга етмаган болалар, аёллар келдилар ва улар ўз оталари, акалари ўрнини босиб, урушда ғалаба қозонишга ўз ҳиссаларини қўшиш учун шижоат билан ишладилар. Минглаб мактаб болалари қурилиш объектларида, фабрика ва завод ускуналари олдида ишга тушдилар.

Хусусан, 1942 йилда электрокимё комбинатининг 670 нафар ишчилари ҳали 17 ёшга ҳам тўлмаган эдилар. Ишчи болаларнинг бўйи ҳали бирмунча паст бўлганлигидан ускуналарда ишлаш учун оёқлари остларига турли ёғочлар, яшиклар қўярдилар. Қийин бўлишига қарамай, улар тинмай ишлаб, белгиланган нормаларни бажариб келарди. Улар 10-12 соат ишлардилар. Барча ушбу меҳнат, бу иш режими зарурлигини тўғри англаган эди. Улар ҳам фашизм устидан қозонилган ғалабанинг тўлақонли иштирокчиларидир.

Ишчилар кунига 400-500 грамм нон олардилар. Уларнинг оила аъзоларига 300-400 грамм ажратиларди. Зарарли ишларда ишлаётганлар учун бу норма 900 граммга тенг эди. Ишга болалар 12 ёшдан, зарарли цехларга 14-15 ёшдан қабул қилинарди.

Эвакуация қилинган заводларни қисқа муддатларда ишга тушириш вазифаси қўйилганди. Бу мураккаб эди. Сабаби, Чирчиқ шаҳрига келтирилган заводлар асбоб-ускуналари ҳали тўлиқ етиб келмаганди. Бундан ташқари, уларнинг кўпчилиги тўлиқ комплектда эмасди, қолганлари эса йўлда бузилиб, таъмирга муҳтож бўлиб қолган. Йўлда, айниқса, «Электропулт» Ленинград заводи қаттиқ талофот кўрганди. Бирорта завод ҳам қўшимча ёрдамчи хўжаликлари билан келмаган эди. Катта миқдорда электр энергия, ёқилғи, темир ва бошқа материалларга зарурат кундан кунга ошарди.

Заводларга техника, муҳандислар ва ишчилар етишмасди. Уруш даврида кўпгина ишчилар фронтга кетганлиги боис, кадрларга катта эҳтиёж пайдо бўлиши табиий ҳол эди. Бундан ташқари, уруш даврида янги корхоналар ва объектлар ишга туширилиши ҳам ушбу эҳтиёжни бир неча бор долзарблаштириб борди.

Бу эҳтиёж корхона, ташкилотларга аёллар ва болаларни жалб қилиш орқали ҳал этиб борилди. Уруш бошланганидан кейин 4 ой ичида шаҳар корхоналарига 794 нафар, шу қаторда «Чирчикстрой» объектларида ишлаш учун 295, «Чирчиказот»да 197 нафар аёллар ишга қабул қилинди. Электрокимё комбинатида бу кўрсаткич 52 фоизга тенг бўлган, Фрунзе номидаги машинасозлик заводида (бўлажак «Ўзбеккимёмаш» заводи») эса барча аёллар ва ўспиринлар ишчиларнинг 80 фоизни ташкил қилди. Урушдан олдин «Чирчиктранс» тизимида биронта аёл ҳайдовчи бўлмаган, 1942 йилда эса уларнинг сони 67 фоизни ташкил қилди.

1942 йилда шаҳар корхоналари ва ташкилотларига 4 мингга яқин аёл ва ўспиринлар ишга қабул қилинди. Шу йилнинг охирида барча ишчиларнинг 49,2 фоизини аёллар ташкил қилганди. Чирчиқликларнинг кучли иродаси, мардлиги ва ташаббускорлиги кўпгина қийинчиликларни енгишга имкон берди. Чирчиқликларнинг ғайрати билан Сумадаги Фрунзе номидаги Сума машинасозлик заводи эвакуация учун силжиган кундан 67 кун ва Чирчиқ шаҳрига етиб келган 40 кун ичида ишга туширилди ва маҳсулот ишлаб чиқара бошлади. Маҳсулотлар рўйхатида у илгари ишлаб чиқармаган маҳсулотлар ҳам пайдо бўлди. Бугун мазкур завод «Ўзбеккимёмаш» номи остида республика иқтисодиётида фаол иштирок этиб келмоқда.

Ростов қишлоқ хўжалиги машинасозлиги заводи («Ростселмаш») Тошкент заводи билан биргаликдаги кооперация асосида бир ойдан кейин ҳарбий маҳсулот ишлаб чиқаришга тушди. 1942 йил 27 июлда «Ростселмаш» ва «Коментерн» Воронеж заводлари монтажи якунига етди. Шу асосда Чирчиқ қишлоқ хўжалиги машинасозлигининг «Чирчиққишлоқмаш» заводи ташкил этилди. Пахтачилик учун машиналар ишлаб чиқариш билан бирга, у фугасли авиа бомбалар ҳам ишлаб чиқарадиган бўлди. 1944 йилда завод пахта сеялкалари, культиваторларни, пахта териш машиналари учун айрим эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқаришни ўзлаштирди.

Чирчиқ шаҳрига эвакуация қилинган ва "Чирчикстрой"нинг марказий устахоналарида жойлаштирилган "Электропулт" Ленинград заводининг асбоб-ускуналари базасида «Электрошит» заводи ташкил этилган. Бу завод ўша даврда Ўрта Осиёда электрошитлар, кучланишли трансформаторлар ва бошқа электроаппаратлар ишлаб чиқарувчи ягона корхона эди. Келгусида бу завод «Чирчиқ трансформатор заводи» номини олади.

Заводлар 1942 йилнинг ўрталарига бориб, тўлиқ қувватларда ишлай бошлади ва фронт учун буюртмаларни бажарди. Оғир шароит бўлишига қарамай, бу даврда оёқ-кийим ва тикув фабрикалари ишга туширилди. Тинч ҳаётни бузган фашизмга нисбатан нафрат оммавий равишда меҳнат ғайратини кучайтириб юборди.

Уруш даврида Чирчиқ шаҳрига, шу қаторда, марказий илмий лойиҳа институтлари ва олий таълим муассасалари эвакуация қилинди. Улар орасида Азот саноати институти (ГИАП), азот корхоналарини лойиҳалаштириш институти (Гипроазот), Гидротехника институти (ВНИИГ), Киров номидаги Харков кимё-технология институтларини кўрсатиб ўтиш мумкин. Уларда 300 нафардан ортиқ илмий ходимлар, шу қаторда 70 дан ортиқ докторлар ва фан номзодлари ишлади.

Шунингдек, Чирчиқ шаҳрига Харков бронетанк билим юрти эвакуация қилинди. Бу билим юртига 1918 йил 18 октябрда асос солинган бўлиб, унинг асосий корпуслари тарихий иншоотлар сифатида тавсиф этилади.

Уруш бутун иқтисодиётни ва инфратузилмани тубдан қайта кўриб чиқишни тақозо қилди. Халқ хўжалиги учун йўналтирилган корхоналар ҳарбий соҳага ихтисослаштирилди, мудофаага оид янги маҳсулотлар ишлаб чиқарилишига устувор аҳамият қаратилди. Бироқ, ушбу жараёнда ҳам Чирчиқ шаҳар корхоналари халқ хўжалигига йўналганлигини маълум меъёрда сақлаб қолди.




А.Самеджанов, сиёсатшунос,
С.Дастиров, “Адолат” СДП “Ёш адолатчилар”
қаноти Тошкент вилояти Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+