Конституциямизнинг аудио китоби тақдимоти бўлиб ўтди

30.04.2024 22:04:06

Бугун Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ҳамда партиянинг Тошкент шаҳар Кенгаши ташаббуси билан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида янги таҳрирдаги Бош қомусимизнинг аудио китоби тақдимотига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Партия фаоллари, университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари ва талаба-ёшлар иштирок этган тадбирда партия Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова йиғилганларга партия ташаббуси билан яратилган янги таҳрирдаги Конституциямизнинг аудио китоби аҳолининг кенг қатлами, хусусан ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини юксалтиришда ижобий самара бериши, халқчил нормаларнинг кенг тарғиб қилишдаги афзалликлари ҳақида маълумот берди. Қолаверса, ушбу жараёнда партия раҳбари университет кутубхонаси учун совға сифатида мазкур аудиокитоблар тўпламини олийгоҳ ректори Илҳом Тўхтасиновга топширди.

Шунингдек, жараёнда сўз олган партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Ислом Ҳамроев иштирокчиларга партиянинг бу борадаги режалари ҳақида маълумот берар экан, келгусида Конституциямизнинг аудио китобини бошқа олий ва ўрта таълим муассасалари, имконияти чекланганлар билан ишлаш жамиятлари ва, албатта, Миллий кутубхона тизимидаги ахборот ресурс марказларига ҳам бепул тарзда етказилиши кўзда тутилганлигини таъкидлаб ўтди.

Шу билан бирга, ушбу тадбир доирасида «Хотин-қизларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш, оилада зўравонликни олдини олиш» мавзусида давра суҳбати ҳам бўлиб ўтди.

Жараёнда сўз олганлар мамлакатимизни келгуси етти йилликда ривожлантиришга қаратилган «Ўзбекистон — 2030» стратегияси доирасида ҳам жамиятда хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилиш борасидаги аниқ вазифалар белгиланганлиги борасида сўз юритдилар.

Жумладан, аёл-қизларимизнинг иқтидори ва орзу-истакларини юзага чиқариш борасида кенг имкониятлар яратилаётганлиги эътироф этилди. Бу борада партия томонидан янги таҳрирдаги Конституциямизнинг аудио китоби яратилиши ҳам нозик хилқат эгаларининг ўз ҳуқуқларини теран англашларига хизмат қилиши айтиб ўтилди.

Тадбир якунида партия вакилларига университет жамоаси ва талаба-ёшлар томонидан миннатдорчилик билдирилди ҳамда партияга аъзо бўлиш истагини билдирганларга аъзолик гувоҳномалари топширилди.

 

 

"Адолат" СДП 
Матбуот хизмати 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+