Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси томонидан ўтказилган «Миллий медиа маҳсулот яратишда аёллар сиймоси» мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этди.

03.05.2024 18:05:38

Жараёнда партиямиз раҳбари миллий контентларни яратишда аёллар сиймосига алоҳида урғу бериш ҳамда ОАВда аёлларнинг турли кўринишдаги камситиш, зўравонлик муаммолари каби ҳолатларнинг ёритилишига чек қўйиш борасида билдирилган фикр ва мулоҳазаларни юқори баҳолаб, ушбу мақсад йўлида аёл-қизларимизнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашда мустаҳкам асос сифатида, энг аввало, Бош қомусимизнинг ўрни беқиёс эканлигини алоҳида таъкидлади.

Дарҳақиқат, янги ҳуқуқий маконда қурилаётган бугунги кунимиз ва эртамизнинг қандай бўлиши янгиланган Конституциямизнинг руҳига қанчалик таянишимиз, уни ижтимоий-ҳуқуқий имкониятларидан тўлиқ фойдаланишимизга, халқчил нормаларнинг мазмун-моҳиятини чуқур англашимиз ҳамда уларга ҳурмат билан риоя қилишимизга кўп жиҳатдан боғлиқ.

— Ўз навбатида мамнуният билан қайд этиб ўтмоқчиманки, юртдошларимизнинг ҳуқуқий саводхонлик ва маданиятини юксалтириш борасида Ўзбекистон «Адолат» СДП томонидан салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда замонавий ахборот технологияларининг кенг имкониятларидан фойдаланган ҳолда яратилган қулай ва интерактив юридик адабиётларга талаб юқори эканлиги барчамизга маълум. Шу сабабдан ҳам янгиланган Конституциямизнинг бир йиллиги муносабати билан партиямиз томонидан Бош қомусимизнинг аудио китоб шаклидаги варианти яратилди, — деди Робахон Махмудова.

Конференция давомида партия етакчиси Миллий медиа бирлашмаси бошқарув раиси Шерзодхон Қудратхўжага у раҳбарлик қилаётган Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети кутубхонаси учун партия ташаббуси билан яратилган янги таҳрирдаги Конституциямизнинг аудио китоблари тўпламини тақдим этди.

"Адолат" СДП 
Матбуот хизмати 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+