Партиядошимиз таълим фидойиси сифатида эътироф этилди

06.05.2024 10:05:12

Муҳаббат Шароповани қашқадарёликлар тажрибали, жонкуяр педагог сифатида ардоқлашади. У 1949 йилда Шаҳрисабз шаҳрида туғилган. 1971 йили Самарқанд давлат университетини тугатиб, ўзи таҳсил олган мактабда ўқитувчилик фаолиятини бошлаган. 1991 йили "Ўзбекистон халқ маорифи аълочиси", 1996 йили эса "Меҳнат шуҳрати" ордени билан тақдирланган. 2000 йилдан бошлаб Қарши 2-ихтисослаштирилган умумтаълим мактаб интернатида педагогик фаолиятини давом эттирган. 2007 йили "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими", 2016 йили эса жонажон ватанимизнинг юксак "Ўзбекистон Қаҳрамони" унвони билан мукофотланган. Айни пайтда тиниб-тинчимас партиядошимиз қутлуғ 75 ёшни қарши олган бўлсалар-да, ҳамон эл хизматида. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати ва вилоят ҳокимлиги хотин-қизлар қўмитаси фаоли сифатида жамият ҳаётида фаол иштирок этиб, истиқбол эгаларига тўғри йўл кўрсатиб келмоқда.

 - Меҳнатларим ортидан шу даражага эришдим, — дейди Ўзбекистон Қаҳрамони Муҳаббат Шаропова.

- Математика ўқитувчиси бўлишимда онамнинг хизматлари катта бўлган. "Қизим сени орзу-ҳавас билан ўқитувчи қилганман. Таълимда ўзингни намоён эт, фаолият олиб бораётган жойингда ўрнинг бўлиши керак", — деб бот-бот айтардилар. Шу туфайли ҳам мактабда ташаббускор бўлишга, натижалар кўрсатишга ҳаракат қилдим. Меҳрибон отам касбимнинг заҳматларига мардларча кўнган. Мени қўллаб-қувватлаган турмуш ўртоғимдан ҳам миннатдорман. 

Ҳар сўзида ҳикмат, ҳар одимида ибрат бор Муҳаббат опа бугун вилоятнинг энг таниқли математика ўқитувчиларидан бири. Шу боис унга олийгоҳларга чорловлар ҳам кўп бўлган. Бироқ, партиядошимиз онасининг маслаҳати билан мактабни танлаганини фахр билан айтади.

Муҳаббат опа креатив таълимни янада ривожлантиришга катта ҳисса қўшмоқда. Шунингдек, хотин-қизлар фаоллигини ошириш, бандлигини таъминлаш, оилада гендер тенглик масалалари юзасидан тарғибот ишларига фаоллик билан ёндашмоқда. Ёш қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, оилага тайёрлаш ҳам диққат марказида.

Дарвоқе, вилоят ҳокими Муротжон Азимов ҳаловатсиз умр йўлини танлаган Муҳаббат Шароповани қутлуғ 75 ёшга тўлганлиги муносабати билан муборакбод этди ва ҳақиқий таълим фидойиси сифатида олқишлади. Шунингдек, Муҳаббат опани республикамизнинг турли жабҳаларида ишлаётган минглаб шогирдлари қатори Ўзбекистон «Адолат» СДП вилоят Кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Руиддин Раупов ҳам партиямизнинг заҳматкаш жонкуяри эканлигини алоҳида қайд этди.

- Вилоятимиз жамоатчилиги, ҳамкасбларим, шогирдларим қутловлари қалбимга ўзгача шукуҳ берди, — дейди Муҳаббат Шаропова.

- Мен оддий математика ўқитувчиси учун бу ҳаяжонли, албатта. Ҳаётда нимага эришган бўлсам, барчаси касбим туфайли, деб биламан. Бундан кейин ҳам имконим борича таълимни ривожлантиришга, ёшларга сифатли таълим-тарбия беришга улуш қўшавераман.

 

Ўзбекистон «Адолат» СДП
Қашқадарё вилоят Кенгаши
Матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+