Водийлик депутатлар тажриба алмашдилар

06.05.2024 11:05:58

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Сенат Девони ходимлари ва Халқ депутатлари Наманган ва Андижон вилояти Кенгаши депутатлари Халқ депутатлари вилоят ва маҳаллий Кенгашларининг соҳадаги ижобий ютуқлари, амалга ошираётган ишлари билан яқиндан танишиш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш мақсадида Фарғона вилоятига келдилар.

Меҳмонлар Марғилон шаҳар ҳокими Ш. Нисбатхонов бошчилигидаги сектор раҳбарлари, Халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари иштирокида қадимий ва ҳамиша навқирон Марғилон шаҳрида кутиб олинди.

Дастлаб, меҳмонлар Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов номидаги "Ижодкорлар боғи"да шоир ҳайкалига ҳурмат ва эҳтиром рамзи сифатида гуллар қўйишди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Сенат Девони ходимлари ва халқ депутатлари Наманган ва Андижон вилояти Кенгаши депутатлари ташриф давомида Эркин Воҳидов номидаги Ижод мактаби фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Мактабда ўқувчилар учун яратилган замонавий шарт-шароитлар, чуқурлаштирилган таълим тизими, эртамиз эгалари бўлган ўғил-қизларнинг билим ва қобилиятлари меҳмонларнинг эътирофига сазовор бўлди.

Меҳмонларнинг навбатдаги ташриф манзиллари Эркин Воҳидов номидаги мемориал музей бўлди. Музей саҳнасидан ўрин олган шоирнинг ҳаёт ва ижод йўллари ҳақида сўзловчи экспонатлар иштирокчиларни беихтиёр ижодкор яшаб ўтган ижодий муҳит сари етаклади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Сенат Девони ходимлари ва халқ депутатлари Наманган ва Андижон вилояти Кенгаши депутатлари иштирокида Халқ депутатлари Марғилон шаҳар кенгаши йиғилишлар залида семинар ўтказилди. Семинарни Олий Мажлис Сенати масъул ходими Абдурашид Альтиев кириш сўзи билан очиб берди.

- Семинар давомида Халқ депутатлари Андижон, Наманган ҳамда Фарғона вилояти, шаҳар ва туман Кенгашлари котибиятларининг соҳадаги ижобий ютуқлари, амалга ошираётган ишлари юзасидан ўзаро тажриба алмашдик, — деди Ўзбекистон "Адолат" СДП Фарғона вилоят Кенгаши раиси Шаҳноза Ғаниева.

Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларида бўлиб ўтадиган сайловлар олдидан ташкил этилаётган бу каби семинарлар ҳар бир иштирокчиларнинг сиёсий билимини янада мустаҳкамлашга, тажрибаларни оммалаштиришга ва энг муҳими, Янги Ўзбекистоннинг яна бир муҳим сиёсий жараёнини муваффақиятли ўтишига замин яратади.

Семинардан сўнг меҳмонлар учун "Ижодкорлар боғи"да шаҳар Маданият марказининг соҳир нафас санъаткорлари ҳамда 8-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабининг иқтидорли ўқувчилари иштирокида концерт дастури намойиш этилди.


Ўзбекистон "Адолат" СДП

Фарғона вилоят Кенгаши
Матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+