Ўзбекистон – Хитой муносабатлари изчил ривожланмоқда

24.01.2024 11:01:16

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Сзинпиннинг таклифига биноан 23-25 январь кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раисининг ўринбосари Қодир Жўраев билан мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар, хитойлик сармоядорларнинг Ўзбекистондаги фаолияти ҳамда ташрифдан кутилаётган натижалар хусусида суҳбатлашдик.
– Маълумки, Марказий Осиё ва Хитой ўзаро қўшни минтақалар ҳисобланади. Улар ўртасидаги алоқалар қадимдан ривожланиб келган, шундай эмасми?
– Ҳақиқатан ҳам тўғри. Қадимий қўлёзма манбаларга мурожаат қилсак, Хитой ва Марказий Осиё ўртасида мунтазам алоқалар йўлга қўйилгани ҳақида кўплаб маълумотларга дуч келамиз.
Масалан, Дунхуанда топилган археологик ашёлар қадимдан бу ерда Фарғона, Самарқанд, Бухоро ва Тошкентдан келган савдогарлар яшаганини яққол тасдиқлайди.
Бундан ташқари, милодга қадар II аср ўрталарида Ғарбий Хан империяси (эрамизгача 206 йилдан – эрамизнинг 25 йили) элчиси Чжан Сян Фарғонага келгани ҳақида маълумотлар бор.
Бошқа бир мисол, Сун сулоласи даврида (960-1279) Сун ҳукмдори Бухоро хонидан ёрдам сўрагани, у эса Нажмиддин Суфий бошчилигидаги катта ҳарбий отряд, 7 минг от ва туяларни ёрдамга юборгани ва натижада душман устидан ғалаба қозонилгани, Нажмиддин Суфий Хитойда қолиб, 97 ёшида оламдан ўтгани ҳақида маълумотлар учрайди.
Ўрта асрларда Абу Али ибн Синонинг “Тиб қонунлари” асари хитой тилига таржима қилиниб, чин халқ табобатини ривожлантиришда кенг фойдаланилган.
Темурийзода Шоҳрух бошқаруви даврида 1419-1422 йилларда унинг Пекинда элчиси фаолият юритган. Муаллиф Ғиёсиддин Наққошнинг бу ҳақдаги ёзувлари ҳозирда Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Шарқшунослик институти фондида сақланмоқда.
– Замонавий даврда Ўзбекистон – Хитой муносабатлари қай тарзда ривожланмоқда? Хитой мамлакатимиз ташқи сиёсатида қандай ўрин тутади, шу хусусда ҳам тўхталиб ўтсангиз.
– Хитой Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигини биринчилардан бўлиб, 1991 йил 27 декабрда тан олган мамлакат ҳисобланади. Биз буни ҳеч қачон унутмаслигимиз ва ҳамиша қадрлашимиз лозим. Дипломатик алоқалар 1992 йил 2 январда ўрнатилди. 1992 йилда икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий муносабатларда энг кўп қулайлик яратиш тартиби ўрнатилган бўлса, 2016 йил 22 июнь ҳамда 2022 йил 15 сентябрда янги даврдаги ҳар томонлама стратегик шериклик даражаларига кўтарилди.
Ҳозирда Хитой Ўзбекистон ташқи сиёсатида муҳим ўрин тутади. У мамлакатимизнинг стратегик шерикларидан бири ва энг асосий савдо-иқтисодий ҳамкори ҳисобланади.
Савдо-иқтисодий соҳада динамик ўсиш барча жабҳаларда намоён бўлмоқда. Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида юқори улушга эга бўлган ҳамкор давлатлар орасида Хитой етакчи давлат сифатида эътироф этилмоқда. Икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси ҳажми 2023 йилда салкам 14 млрд. долларга тенг бўлди (экспорт – 2,5 млрд. доллар, импорт – 11,3 млрд. доллар).
– Икки мамлакат алоқаларининг ривожига туртки бераётган омиллардан бири, бу давлат раҳбарларининг олий даражадаги ташрифлари ҳисобланади. Бу борада фикрингиз қандай?
– Ҳақиқатан ҳам, икки мамлакат ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг изчил ривожланишида олий даражадаги давлат ташрифларининг аҳамияти беқиёсдир. Ушбу ташрифлар ўзаро ишонч ва дўстликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. 1992-2023 йиллар мобайнида Ўзбекистон ва Хитой раҳбарларининг ўзаро ўнлаб давлат ташрифлари амалга оширилди. Биргина 2023 йилда Президент Шавкат Мирзиёев икки марта Хитойга ташриф буюрди: 8-19 май кунлари Циан шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Хитой” илк саммитида иштирок этган бўлса, 17-18 октябрда Пекин шаҳрида бўлиб ўтган “Бир камар, бир йўл” 3-халқаро форумида қатнашди.
Айниқса, Циан шаҳрида Хитой Халқ Республикаси раҳбари ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари етакчилари иштирокида “Марказий Осиё – Хитой” биринчи саммитининг ўтказилиши минтақалар ўртасида ўзаро ҳамкорликнинг янги истиқболларини очиб берди, деб бемалол айтиш мумкин.
Бундан ташқари, икки мамлакат парламенти вакилларининг доимий мулоқоти ва ҳамкорлиги ҳам кенг йўлга қўйилган. 2017 йилдан бери Олий Мажлисда Бутунхитой халқ депутатлари мажлиси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳ фаолият кўрсатмоқда.
– Маълумки, Ўзбекистон иқтисодиётига энг кўп жалб қилинаётган сармоялар Хитой сармоялари ҳисобланади. Бу ҳозирда қандай натижа бермоқда?
– Эътироф этиш лозимки, ўтган йиллар мобайнида хитойлик сармоядорлар иштирокида юртимизда қатор стратегик аҳамиятга эга бўлган корхона ва иншоотлар барпо этилди. Мисол сифатида Ангрен – Поп темир йўли, Қамчиқ довонида қурилган туннелларни келтириш мумкин. Ҳозирда ҳам хитойлик ҳамкорлар билан бирга қатор стратегик объектлар, хусусан, йирик корхоналар ва энергетик мажмуалар барпо этилмоқда.
Умуман, ҳозирги кунда Ўзбекистонда хитойлик сармоядорлар иштирокида 2337 та корхона фаолият кўрсатмоқда. 2017-2023 йилларда ўзлаштирилган Хитой инвестициялари ҳажми 14 млрд. долларни, жалб қилинган умумий кредитлар ҳажми эса 7 млрд. доллардан ортиқни ташкил қилди.
– Савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳалардан ташқари ҳамкорликнинг яна қайси соҳаларини ажратиб кўрсатиш мумкин?
Мен изчил ривожланиб бораётган соҳалардан яна бири сифатида маданий-гуманитар алоқаларни алоҳида кўрсатган бўлар эдим. Бу борада кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Ўзбекистон ва Хитой маданият ва санъат усталари кўплаб нуфузли фестиваль ва анжуманларда ўзаро қатнашиб келмоқда.
Масалан, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида Конфуций номидаги хитой тили ва маданиятини ўрганиш институти, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида Хитой тили маркази ташкил этилган.
Хитой Миллатлар марказий университетида ўзбек тили бўйича бўлинма, Шанхай хорижий тиллар университетида “Ўзбек тили ва адабиёти” кафедраси фаолият кўрсатмоқда.
Ҳозирда Ўзбекистондаги олий ўқув юртларида 2 мингдан зиёд талаба хитой тилини ўрганмоқда. 5 та олийгоҳда эса хитой тили биринчи ёки иккинчи хорижий тил сифатида ўқитилмоқда.
– Икки мамлакат муносабатларини тартибга солувчи ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида ҳам тўхталиб ўтсангиз?
– Мамлакатларимиз алоқаларининг ривожи учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилган, деб бемалол таъкидлаш мумкин.
Юқорида айтганимдек, 2022 йилдан бошлаб, алоқалар янги даврдаги ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Ҳозирга қадар икки мамлакат ҳамкорлигининг ҳуқуқий асосини 285 та, жумладан, 100 дан ортиқ давлатлараро ва бошқа ҳукуматлараро ҳужжатлар ташкил этади.
Бундан ташқари, 2021 йил 1 мартдан ХХР фуқаролари учун Ўзбекистон ҳудудига кирган кундан бошлаб 10 кун муддатга визасиз тартиб ўрнатилди. Агар Хитойда 1,5 млрд.га яқин аҳоли истиқомат қилишини ҳисобга олсак, бу келгусида мамлакатимизга келувчи хитойлик сайёҳлар оқимини юксалтиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
– Давлатимиз раҳбарининг Хитойга ташрифидан қандай натижалар кутилмоқда?
– Жорий йилнинг 23-25 январь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитойга амалга оширадиган давлат ташрифи ўзаро алоқаларни янада юқори босқичга кўтаришда, шубҳасиз, муҳим аҳамиятга эгадир.
Ҳозирда ташрифга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Ташриф арафасида қатор анжуманлар, хусусан, тадбиркорлар иштирокидаги бизнес-форум ҳамда икки давлат нуфузли олий ўқув юртлари ректорлари иштирокидаги таълим форуми ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, улар ўзаро ҳамкорликни янада кучайтиришга катта ҳисса қўшади.
Ташриф кунлари, шунингдек, Пекинда Ўзбекистоннинг Хитойдаги маданият кунлари ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, унинг доирасида қатор маданий тадбирлар ташкил этилади.
Хулоса сифатида таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз раҳбарининг Хитойга амалга оширган давлат ташрифи якунида қатор соҳаларда ўнлаб ҳуқуқий ҳужжатларнинг имзоланиши кутилмоқда.
Ушбу ҳужжатлар икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлашга, пировардида эса, ўзбек ва хитой халқларининг фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Нигора Раҳмонова
суҳбатлашди

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+