Хитой, Туркия, Ҳиндистон ва Буюк Британия фуқароларига Қозоғистонда ишлашга рухсат берилди

21.04.2021 15:04:37

1 апрель ҳолатига кўра, Қозоғистон ҳудудида 14 минг 794 нафар чет эл фуқароси маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари рухсати билан меҳнат қилмоқда. Бу ҳақда Azattyq Rýhy янгиликлар сайти ахборот берди.

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги матбуот хизмати хабар қилишича, мамлакатга хорижий ишчи кучини жалб қилиш учун берилган рухсатномалар турли соҳадаги тоифаларга ажралади.

Яъни менежерлар ва уларнинг ўринбосарлари учун 648 та ҳамда таркибий бўлинмалар раҳбарларига 3 минг 240 та иш ўрни яратилган. Меҳнатга жалб қилинган ишчиларнинг 7 минг 397 таси мутахассислардир. Яна 491 киши малакали ишчилар тоифасига тўғри келади.

Шунингдек, 1 минг 329 нафар хориж фуқароси мавсумий ишларга, 1 минг 689 киши корпоратив трансферга жалб қилинган.

Айни пайтда Қозоғистонда хорижий ишчи кучидан фойдаланадиган 1 минг 641 иш берувчи мавжуд. Уларда 489 мингдан ортиқ Қозоғистон фуқароси ишлайди, бу умумий ишчиларнинг 97 фоизига тенг.

Меҳнат мухожирлари асосан Хитой (3 минг 617 киши), Туркия (1 минг 490 киши), Ҳиндистон (1 минг 98 киши), Буюк Британия (947 киши) ва Ўзбекистон (1 минг 369 киши) фуқаролари экани маълум бўлди.

Дарвоқе, ички меҳнат бозорини ҳимоя қилиш мақсадида Қозоғистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳар йили республикага хорижий мутахассисларни жалб қилиш квотасини белгилаб беради. 2021 йилда квота ҳажми ишчи кучининг 0,31 фоизи ёки 29,3 минг бирликни ташкил этди.

 

маълумот: УзА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+