14 февраль — Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун

12.02.2021 17:02:44

 

Омон МАТЖОН,
Ўзбекистон халқ шоири

БОБУР

Эй, сен юртим, қиличлардан қолган жароҳат,

Эй, сен тиғлар чақмоғидан яралган қуёш!

Қайси найза илиб кетди бошинг бу дафъа,

Бир фарзандинг излаб юрар сени сўққабош.

Излаб-бўзлаб юрар у ҳам қўлида қилич,

Номусингни у тиғ билан топмоқчи, Ватан!

Курашмоққа қолмаганда на имкон, на куч,

Кўкрагидан ғамли куйлар сирқади баъзан.

У куйлайди тупроғингни сенинг, о ўлка,

Унинг ёлғиз ҳамроҳидир қувғин ва алам.

Кета туриб, олган сиқим тупроғи ичра

Бор эди қон ва бор эди бир кичик қалам.

Шундай кетди ул саркарда юртдан бешуҳрат,

Фақат қалам ола кетди ва қалбда нидо,

Олисларда топса ҳамки ганжи беадад,

Она-Ватан кўйида у бўлди бир гадо.

Лекин чексиз эди ҳижрон. Чидолмай ахир

Ғазал тўла юрагини отди юрт томон.

О, Ватан деб пора-пора бўлган бу бағир

Осиёни қўшиқларга кўмди шу замон.

Қўшиғи деб қабул этди уни Ватани,

Қўшиғи деб энди бунда юради эркин.

Менинг юртим, ололмади шоҳ қалби сени,

Шоир қалби, шоир қалби забт этди лекин.

***

Бу тилак айёми дўстлар, нурли ҳолат биз билан,

Эътибор кўзгусимиз, тўғри мурувват биз билан.

Бизки ишқ ҳомийсимиз, оташ муҳаббат биз билан,

Биз диёнат аҳлимиз, инсоф, диёнат биз билан,

Ҳаққа жон тутган эдик, бу кун адолат биз билан.

Ўзни янгритмоқ мудом кўҳна олам касбидур.

Аммо гоҳ шодлик иши, гоҳи унинг ғам касбидур.

Пок чиқиш тун қўйнидан қатра шабнам касбидур.

Янгилик ижод этув ошуфта одам касбидур.

То бу олам дуррини асрашга санъат биз билан.

Ишга бакор ўлса деб, кутманг Фаридундан умид,

Шоҳи одилдан умид қил, Фарҳоду Мажнундин умид,

Ҳар тиниқ тонгдин умид, битта тинч кундин умид,

Ўзининг мард ўғлидан эл кутди олдиндин умид,

То абад бўлсин жасорат ҳам ҳимоят биз билан.

Ўнми-минг йилги саволларнинг жавоби очилиб,

Оқсин ўлкам сувлари кўпик-ҳубоби очилиб,

Ҳар юракнинг, ҳар ақлнинг ҳуши-тоби очилиб,

Бу ҳаёт жўшсин ҳақиқий меҳр тоби очилиб,

Чунки Нур, Бахт истаган барча жамоат биз билан.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+