"Адолат" СДП вилоят кенгашлари Матбуот хизмати хабарлари

12.02.2021 17:02:04

Шифокорлар рағбатлантирилди

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан таъсис этилган “Партия ишларидаги алоҳида хизматлари учун” эсдалик нишонини партиямиз фаолияти, ривожи, унинг эл орасида танилишига ўз ҳиссаларини қўшаётган жонкуяр фаоллари, депутатлари ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакилларига тантанали тақдим қилиш ишлари давом этмоқда.

Урганч шаҳар шифохонасида партиянинг “Саломатлик йўлида бирлашайлик!” лойиҳаси доирасида ана шу мақсадни ўз ичига олган “Ислоҳотларда партия вилоят Кенгашининг ўрни” мавзусида ташкил этилган тадбирда тиббиёт муассасаси ходимлари, партия фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбирни партия вилоят кенгаши раиси Тоҳир Палванов кириш сўзи билан очиб, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларда партиянинг ташаббускорлиги тўғрисида сўзлади.

Шунингдек, тадбир давомида жонкуярлик билан аҳоли саломатлигини ўз зиммасига олиб кеча-кундуз тиним билмасдан бурч ва вазифасини сидқидилдан адо этиб келаётган, айниқса, пандемия даврида ўз жонини хатарга қўйиб, юртдошларимиз соғлиғи учун курашган бир гуруҳ шифокорлар партиянинг эсдалик нишони билан тақдирландилар.

— 2020 йилда рўй берган оғир ва синовли кунларда тиббиёт муассасамиз коронавирусга қарши курашда махсус штаб вазифасини ўтади, — дейди партиядошимиз Аҳмаджон Султанов. — Жамоамиз билан коронавирусга чалиниб, соғлиғи оғирлашиб келган беморларни бор имконият ва тиббий маҳоратимизни қўллаб, ҳаётга қайтаришнинг уддасидан чиқдик. Бугун қувончимиз чексиз. Камтарона меҳнатимизни қадрлаб партиямиз томонидан эсдалик нишони ва ташаккурнома билан тақдирландим. Бу эътибор менга ва жамоамга янада катта масъулият юклайди.

Аҳмаджон Султанов тўғрисида гап бораркан, бу фидойи шифокорни таниган, билган касбдошлари, дўстлари, унинг ёрдамида дунёга қувонч кўзлари билан боқаётган инсонлар халқимиз учун оғир кунларда шифокор қасамёдига, виждонига, севган касбига содиқ ҳолда ҳар бир беморни нафақат тиббий муолажа, дори-дармонлар, балки тиб илмининг отаси Ибн Сино айтганидек, табассуми, нажотбахш сўзлари билан даволаганини, ҳар бир бемори билан дардни бирга тортиб, бирга касалликни енггани, тузалиб чиқиб кетаётган беморларни кўзларида шукроналик, мамнунлик ёшлари билан кузатиб қолганини айтади.

Мухтасар айтганда, партиямиз томонидан фидойи партия­дошларимизга ва ҳамюртларимизга қаратилаётган бундай эътибор, партия­мизнинг мақсад ва вазифаларини ҳаётга самарали татбиқ этиши билан бир қаторда юртимиз келажаги учун хизмат қилиши шубҳасиз.

Замира АБДУЛЛАЕВА,

Хоразм вилоят кенгаши матбуот котиби

 ***

Масалага ечим топилди

Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгаши депутати Шоҳида Холлиева Термиз шаҳридаги “Дўстлик” МФЙ фуқаролари билан олиб борган мулоқотида бир қатор муаммоларга ечим топди.

Маҳаллада истиқомат қилувчи Зебохон Бобоева депутатимиз билан мулоқотда 4 нафар ўғли, келинлари билан бирга яшашини, уй-жой зарурлигини таъкидлаб, шунинг учун фарзандларини уй-жой билан таъминлаш масаласида ёрдам сўраб мурожаат қилди. Ш.Холлиева мазкур муаммони маҳалла фаоллари билан биргаликда ўрганиб, ҳокимлик мутасаддиларига депутатлик сўрови юборди. Шунингдек, бу оила аъзолари иссиқхона қуришган бўлса-да, маҳсулот етиштириш учун банкдан кредит олиш масаласида муаммолар бўлаётганлигини маълум қилиб, шу хусусда ҳам ёрдам беришни сўрашди. Депутат бу масала “Микрокредит­банк”нинг шаҳар филиали ташкилоти мутасаддилари билан биргаликда, тез орада ижобий ҳал этилишини билдирди.

Маҳаллада истиқомат қилувчи яна бир фуқаро Шоиста Бегимова ҳам маҳаллада “Гўзаллик салони” очиб, айни пайтда тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётганлигини, келгусида фаолиятини кенгайтириш учун кредит зарурлигини, шу масалада ёрдам беришни сўраб мурожаат қилди. Депутатимиз тегишли банк мутасаддилари билан келишиб, тез орада муаммони ҳал қилиб беришга ваъда берди.

Шунингдек, депутатга аҳоли томонидан иш ўрни масаласида ҳам мурожаатлар бўлди. Депутат фуқаролар мурожаатлари асосида туман Бандликка кўмаклашиш маркази билан боғланиб, уларга ечим топишини ва назоратга олишини билдирди. 

— Одамлар билан юзма-юз мулоқот ҳар бир ҳудуддаги, қишлоқ, маҳалла, хонадондаги мавжуд аҳволга холисона баҳо бериш ва камчиликларни ўз жойида бартараф этишга эришишнинг энг яхши йўлидир, — дейди депутат Шоҳида Холлиева. — Албатта, қаерда бўлманг, муаммолар бор. Жойлардаги муаммоларни ўша ҳудуддан сайланган депутатлар бош­қаларга қараганда яхшироқ билади. Одамлар ишончини қадрлаган, халқ вакили бўлиш нималигини ҳис қилган депутатлар ҳар доим ҳаракатда, изланишда бўлади.

Гулшод Турсоатова,

Сурхондарё вилоят кенгаши матбуот котиби

 ***

Ишга жойлашди

Халқ депутатлари Чимбой тумани Кенгаши депутати Ф.Палванова туманнинг «Бердақ» маҳалла фуқаролар йиғинида «Аёллар дафтари» рўйхатидаги хотин-қизлар билан учрашди.

Учрашув давомида ҳунар ўрганишни, ўз ҳунари орқали тадбиркорлик фаолиятини бошлашни истаган аёллар учун яратилаётган имкониятлар тушунтирилди. Бунинг учун хотин-қизлар томонидан амалга оширилиши керак бўлган ишлар, касб-ҳунар ўрганишга бўлган қизиқиш, ташаббускорлик ва шижоат зарурлиги таъкидланди.

Хотин-қизларнинг айрим мурожаатлари жойида ўз ечимини топди. Жумладан, «Аёллар дафтари» руйхатида турувчи Утеулиева Ританинг мурожаати бўйича ўғли Зейнетов Али депутат кўмаги билан тумандаги 19-сонли мактабгача таълим муассасасига ишга жойлашадиган бўлди.

Бундан ташқари, «Темир дафтар»га киритилган оилаларнинг коммунал тўловлари ўрганилиб, депутатимиз кўмаги билан уларга моддий ёрдам ҳам берилди.

Ханназат СУЛАЙМАНОВ,

Чимбой тумани кенгаши раиси

 ***

Келажагимиз эгалари камолотига эътибор қаратилмоқда

 

Ёш авлод – ҳаётнинг янги қатлами, эртанги кунимизнинг ишончли ворисларидир. Айни пайтда униб-ўсиб, камол топаётган ёшларнинг билим даражаси, дунёқараши, ўй-фикри, маънавий қиёфасига қараб жамиятнинг эртанги кунини белгилаш мумкин. Ҳар қандай жамият тараққиёти, кенг қамровли ислоҳотларнинг амалга оширилиши, ҳаёт тамаддунини идрок қилиш ёшларни тарбиялаш жараёни билан боғлиқ кечади.

Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида илгари сурилган ғоялар доирасида умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг онгига коррупциянинг жамият ривожланишига салбий таъсирини содда ва тушунарли қилиб етказиш, истиқболимиз эгаларининг ҳуқуқий билимини бойитиш, улар онгида коррупцияга қарши нафрат уйғотиш, ёшларнинг дунёқараши ва фикрлаш доирасини, уларнинг маънавий баркамол шахс бўлиб, жамиятда ўз ўринларини топишларига кўмаклашиш мақсадида вилоятимизнинг шаҳар, туман умумтаълим мактабларининг 6-11 синф ўқувчилари ўртасида “Коррупция – адолат кушандаси”, “Коррупция ва миллий тараққиёт” мавзуларида иншолар танлови ўтказилмоқда.

Қарши шаҳридаги 15-умумтаълим мактабида иншолар танловини тажрибали педагоглар зарурий кўргазмали қуроллар воситасида ўтказдилар. Танлов мазмунли, ўқувчиларнинг ёш ҳамда психологик хусусиятларига мос ил­ғор услуб ва янги педагогик технологиялар ёрдамида ўтказилди. Ўқувчилар коррупция жамият, қолаверса, тараққиёт кушандаси, иллат эканлиги, агар коррупция авж олса, инсон ҳуқуқлари, уларни кафолатлаш ва ҳимоя қилиш қийин кечиши ҳақида тасаввурга эга бўлдилар. Танлов асносида ўқувчилар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисидаги билим ва тасаввурларини бойитдилар. Коррупцияга оид намойиш этилган мавзу бўйича халқ­аро ва миллий тамойиллар ифодаланган турли кўргазмали воситалар, суратлар, плакатлар ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотди.

– Мен “Адолат” СДП томонидан ўтказилган танловда қатнашганимдан мамнунман, – дейди Қарши шаҳридаги санъат мактаби ўқувчиси Гулираъно Умидова. – Очиғи, коррупция ҳақида тасаввурга эга эдим-у, бироқ чуқур билимим йўқ эди. Танлов баҳонасида жуда кўп китобларни, коррупция ҳақида рисола ва мақолаларни мутолаа қилдим. Англаб етдимки, коррупция давлатни, халқни жар ёқасига етаклаб борувчи иллат экан.

Қашқадарё вилоят кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+