Халқ юрагига йўл унинг дардига дармон бўлишдан бошланади

12.02.2021 17:02:32

Водий халқини биласиз, самимий соддаликни, халқчилликни қадрлайди. Мамлакатимиз Президентининг Фарғона вилоятига ташрифидан бери бир неча кун ўтган бўлса ҳам, фарғоналиклар ҳалигача ҳаяжонда.

Ҳунармандлар даврасидаги дилга яқин суҳбатлар, олтиариқликлар меҳнатига берилган чинакам баҳолар, журналистларни оталарча қўллаб-қувватлаш, тадбиркорларга катта эътибор — буларнинг барчаси кўз олдимизда рўй берди. Ўша воқеалардан кейин Фарғонада янгича ҳаёт, янгича нафас, ўзгача муҳит ҳукм сура бошлади. Эрта тонгдан ишга йўл оларканман, бир-бирларига салом бериб ўтаётган ватандошларим нигоҳида умидни, ишончни, шукронани кўрдим. Ўтган йил оғриқлари, пандемия талафотларидан елкаси бироз эзилиб, шиддати сўна бошлаган одамларда кўтаринки кайфият, кўзларида чўғ, билагида қувват, юришларида ғайрат кўзга ташлана бошлади.

Айниқса, шаҳардаги “Шодиёна” маҳалласига ташланган қадамлар эндиликда ҳамманинг эътибор марказидаги масалага айланди. Президент гўёки биргина маҳаллага эмас, ҳар бир фарғоналикнинг уйига кириб боргандай бўлди. Халқ билан очиқчасига, ёнма-ён туриб қилинган илиқ мулоқот ёшу кексанинг қалбигача кириб борди. Бу жараён давлат ва жамият бошқарувида мансабдорларга, Президентимиз иборалари билан айтганда “оёғи ердан узилган” раҳбарларга жуда катта мактаб бўлди. Давлатимиз раҳбари бизга одамлар билан тиллашишни, диллашишни ўргатиб кетди. Вилоятдаги камчиликларни, фуқаролардаги муаммоларни йиллаб кўриб чиқишни эмас, масалани қандай ечишни, тўғри йўл қаерда эканини, халқнинг дардини олишни, элни қандай рози қилишни ҳаммага аниқ равшан қилиб кўрсатиб берди.

Давлатимиз раҳбари томонидан вилоят тақдири, бугунги ва эртанги куни, фарғоналикларнинг бахтли ҳаёти йўлида қилинаётган барча ҳаракатлари, таҳлиллар, қарорлар ва хулосалар чуқур мулоҳаза асосида, жиддий ва энг муҳими, халқ кутганидай очиб берилди. Туманлардаги вазият холисона мушоҳада этилгани, қуваликлар, Ўзбекис­тону, ёзёвонликлар турмушини яхшилаш сари қилинган ташланган қадамлар бу — Президентнинг халқ юрагига кириб бораётганидан далолатдир.

Ҳеч кутмагандик, энг қувонарлиси, Президентимиз сессия йиғилишида ёшларнинг кўз ўнгида тайёргарликсиз сўзга чиққан “Фарғонаазот” акциядорлик жамияти ёшлар етакчиси Бобурбек Мўминовни Фарғона шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимига муносиб кўрди. “Сенга, ёшларга ишонаман” — дея билдирилган ишонч сўзлари — ёшларимизнинг ҳар бирининг бошини оталарча силаб, пешонасидан меҳр билан ўпгандай бўлди. Бобурга кимлар ҳавас қилмаяпти дейсиз?

Давлатимиз раҳбари ташриф чоғида журналистларга ҳам катта далда берди. “Изланишга эрингманглар, адолатни халққа етказишга қўрқманглар, ортингизда Президент бор” — деди.

Буларнинг ҳаммаси бошланган улуғвор ишларнинг келгусида тўла амалга ошишига нафақат фарғоналиклар қалбида, балки бутун Ўзбекистон халқи дилида ҳам юксак ишонч уйғотди.

Комила ИСРАИЛОВА,

партия фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+