Ўлмас мерос

12.02.2021 17:02:35

Башарият тарихининг ижтимоий-сиёсий, илмий-маданий соҳаларида салмоқли ўрин тутган сиймолардан бири буюк ватандошимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳисобланади.

У улуғ шоир ва адиб, қомусий илм соҳиби, айни пайтда моҳир лашкарбоши ва йирик давлат арбоби сифатида ҳам шуҳрат қозонди. У амалий ва бадиий баркамол асарлари билан жаҳон маданияти тараққиётига катта ҳисса қўшди.

Кейинги йилларда Заҳириддин Муҳаммад Бобур мероси билан мамлакатимизда кенг жамоатчиликни, халқимизни яқиндан таништириш мақсадида ҳамда буюк аждодимизнинг улуғвор хизматларини кенг тар­ғиб қилиш, унинг хотирасини абадийлаштириш, асарларини нашр этиш борасида кўламли ишлар олиб борилди. 1992 йилдан бери Андижон шаҳридаги Боғишамол даҳасида ташкил этилган Бобур боғи фаолият юритиб келмоқда. Бу ерда шоир ҳайкали қад ростлаган. “Бобур ва жаҳон маданияти”, “Андижон шаҳарсозлик маданияти тарихи” музейлари фаолият юритмоқда. Ушбу масканда ҳар йили Бобур таваллуди муносабати билан илмий-амалий конференциялар, ҳар беш йилда халқаро анжуманлар ўтказилиб келинмоқда. Бундай анжуманлар республикамизнинг кўплаб шаҳарларида, таълим муассасаларида ҳам ташкил этилмоқда. Тошкентдаги “Ижод боғи”да ҳам Бобур ҳайкалининг қад ростлагани кўнгилдаги иш бўлди.

Айни пайтда Бобур меросини ўрганиш масалалари халқаро миқёсда ҳам амалга оширилмоқда. Бобур халқаро жамоат фонди томонидан Бобур ҳаёти ва ижодини ўрганиш бўйича кўпгина хорижий давлатларга самарали экспеди­циялар уюштирилди. Жумладан, Бобурнинг Машҳад музейи­да сақланаётган ва Бобур ихтиро қилган хат билан ёзилган Қуръони карим қўлёзма нусхасининг Ватанимизга келтирилиши маданий ҳаётимизда катта воқеа бўлди. Бобур асарлари тўплами қўлёзмасининг Теҳрон Милий кутубхонасида сақланаётган ва ватанимизга келтирилган нусхаси ҳам Бобур меросини чуқурроқ ўрганишга хизмат қилади. Сўнгги тадқиқотлар натижасида бобурийлар яратган бой мероснинг бир қисми АҚШ Огайо штатидаги Санъат музейининг хазинасида сақланиб келаётгани маълум бўлди.

Халқимиз узоқ асрлардан буён қадрлаб келаётган мумтоз шоир ва аллома Бобурнинг ижоди айни замонда Марказий Осиё халқлари билан қўшни Афғонистон ва Ҳиндистон халқ­лари ўртасида қадимий тарихга эга бўлган муносабатларнинг узвий халқаси бўлиб келди ва шундай бўлиб қолмоқда. Унинг ижодий меросини бугунги кунда дунёдаги кўплаб тадқиқотчилар қаторида афғон ва ҳинд, покистонлик ва бангладешлик олимлар ҳам қунт билан ўрганмоқдалар. Буюк ватандошимиз ҳақида мазкур мамлакатларда кўплаб илмий асарлар, қисса ва романлар, бадиий фильмлар яратилгани, музейлар барпо этилгани, диққатга сазовор.

Айниқса, Бобур қўлёзмаларини излаш борасида амалга оширилган ишлар эътиборга лойиқ. Бобурнинг шу кунгача ўзбек ва форс тилларидаги шеърларидан таркиб топган Париж Миллий кутубхонаси, Истанбул университети кутубхонаси, Тўпқопи сарой реванд кутубхонаси, Ҳиндистондаги Рампур навоби кутубхонасида сақланиб келаётган қўлёзма девонлари нусхалари асосида Бобур шеърларининг мукаммал матни яратилди. Маданий меросимизни излаш, тўплаш ва тадқиқ қилиш борасидаги тинимсиз изланишлар натижасида Бобур девонининг янги қўлёзма нусхалари топилиб, илмий истифодага киритилди.

Улуғ адибнинг “Бобурнома” асари кўп асрлардан бери шарқ ва ғарб тарихчилари ҳамда фаннинг бошқа соҳалари вакилларининг диққат-эътиборини ўзига тортиб келмоқда. Шу жиҳатдан Бобуршуносликда эришилган ютуқлар ва келгусидаги вазифаларни белгилаб олиш нуқтаи назаридан ҳамда “Бобурнома” асари билан боғлиқ ҳолатда халқаро миқёсда илмий-амалий аҳамиятга эга анжуман ўтказиш ҳам муҳим масалалардан бири ҳисобланади.

Бобур ижодида “Мубаййин” асари ҳам алоҳида ўрин тутади. “Мубаййин” ислом дини асосларини баён этувчи йирик асар. Унда диний масалалар чуқур билимдонлик ва юксак бадиий маҳорат билан ёритилган. Ватанимиз ва хорижда кенг тарқалган бу асар қўлёзмалари ҳали етарлича ўрганилмаган. Бу асарни ҳар жиҳатдан ўрганиш, айниқса, ёш авлодни ислом дини моҳиятини англаш, диний экстремизм хавфидан сақлаб, баркамол инсон қилиб тарбиялашда катта аҳамият касб этиши шубҳасиз.

Дунё қўлёзмалар фондида Бобур ва бобурийларга оид бир неча мингдан зиёд асарлар жамланган. Ҳозирги кунгача тўпланган бу ноёб асарлар қадимий адабий жараёнларни ёритишда муҳим манба бўлиб хизмат қилиб келмоқда. Ана шу меросни бобуршунос олимлар тадқиқ қилиши, илмий муомалага киритиши, қўлёзма ва тошбосма китобларнинг каталогини тузиши ва топилган ҳужжатларни дастлабки ишловдан ўтказиши, илмий тавсифини яратиши, шоирнинг алоҳида асарларини нашрга тайёрлаши ҳам муҳим вазифалар ҳисобланади.

Зокиржон Машрабов,

Бобур халқаро жамоат фонди раҳбари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+