ТАЪЛИМДА КЛАСТЕР ТИЗИМИ - ДАВР ТАЛАБИ.

22.03.2021 09:03:39

Баъзан шундай ҳолатга дуч келамиз: бир томондан, бир йилда олий таълим ташкилотарини битирган ёш мутахассислар сони бир неча юз мингга етади, аммо бир пайтнинг ўзида турли корхона ва ташкилотларда бўш иш ўринлари сони ҳам оз бўлмайди. Яъни, тайёр мутахассислар сони кўп бўлгани билан иш берувчилар талабига жавоб берадиган етук мутахассислар етишмаслиги долзарб муаммога айлангани рост.

Хўш, битирувчиларни ишга тайёр кадр сифатида етиштириш учун олий таълим ташкилотари ёки иш берувчилар нималарга эътибор қаратиши лозим?

Бугунги талаба яқин келажакда ўз ўрнини топиб кетиши, ўзи танлаган соҳанинг етук мутахассиси бўлиб етишиши учун иш берувчи ва таълим муассасаси ўртасидаги узвий ҳамкорлик йўлга қўйилганлиги қанчалик муҳим аҳамиятга эга?

Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти “Мактабгача таълим” кафедраси юқоридаги саволларга муносиб жавоб излаш йўлида мунтазам ўз устида ишлаб келмоқда. Хусусан, кафедра 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб кластер тизими асосида иш юритаётганининг асосий мақсади — бугун институтда таҳсил олаётган талабалар бир вақтнинг ўзида ҳам назарий, ҳам амалий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга эришишдан иборат.

Бундан икки йил аввал кафедра бу борадаги дастлабки ишини Чирчиқ шаҳар мактабгача таълим бошқармасига қарашли 33-сонли ДМТТ билан ҳамкорлик шартномасини имзолашдан бошлади. Коронавирус пандемияси туфайли бироз муддат танаффус қилишга тўғри келган бўлсада, вазият барқарорлашганидан сўнг кафедранинг вилоятдаги мактабгача таълим ташкилотлари билан тузган шартномалари сони кенгайишда давом этди. Жумладан, кафедранинг профессор - ўқитувчилари Бўка туманидаги “Шодиёна” номли 5–сонли, Паркент тумани 13-сонли, Чирчиқ шаҳридаги 8–сонли мактабгача таълим ташкилотлари билан ҳамкорлик шартномасини имзолашга муваффақ бўлинди.

Мазкур шартномаларга асосан, институтнинг “Мактабгача таълим” кафедраси профессор - ўқитувчилари ва иқтидорли талабалар билан бирга ҳамкорлик ўрнатилган МТТлардаги мавжуд бўшлиқлар, муаммоларни аниқлайди ва тарбиячи - педагогларга ўзлари томонидан ишлаб чиқилган методик қўлланмалар ва тавсияларни тақдим этади. Қолаверса, институтда таҳсил олаётган талабалар амалиёт учун мазкур мактабгача таълим ташкилотларига юборилади.

— Кафедра профессор-ўқитувчилари томонидан “Устоз-шогирд” тизими асосида “Ўқитувчи-ўқитувчи”, “Ўқитувчи-талаба”, “Талаба-талаба” фаолияти йўлга қўйилган, — дейди  кафедра мудири Абдуқаюм Абдуллаев. — Улар билан илмий мақолалар нашр эттириш, тажрибали ўқитувчилар томонидан маҳорат дарслари, семинар, семинар - тренинг, илмий лойиҳалар тайёрланиши бўйича тавсиялар берилиши йўлга қўйилди. Бундан ташқари, Институтнинг 2019 йил 21 ноябрдаги "Мактаб-лаборатория" инновацион тажриба майдончаларида тажриба-синов ишларини йўлга қўйишга оид буйруғи билан “Мактабгача ва бошланғич таълим” факультети биносида лаборатория боғча қурилди. Мазкур “Мобил боғча - лаборатория” нинг лойиҳаси, концецияси, ички ва ташқи дизайнлари яратилди ва “Мобил боғча - лаборатория” патентига эга бўлдик. Мақсад — мактабгача таълим тизимига малакали педагог кадрларни тайёрлаш ва ривожлантиришга янгича ёндашувларни жорий этишдан иборат.

Бу йўналишда дастлаб 7 нафар профессор, ўқитувчилар фаолият олиб борган бўлса, ҳозирги кунда уларнинг сони 19 нафарга етди. Бундан ташқари, кафедра узоқ йиллик тажрибага эга малакали тарбиячиларни кафедрага ташқи ўриндош сифатида ишга жалб қилиб келмоқда. “Мобил боғча - лаборатория”си мавзуси кафедранинг айрим ўқитувчиларини ушбу мавзуда илмий - тадқиқот ишларини юритишга туртки берди. Хусусан, кафедра ўқитувчиси З. Шанасирова томонидан “Мобил лаборатория орқали мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларининг мактабга тайёргарлик даражасини таъминлашнинг дидактик имкониятлари” мавзусида илмий тадқиқот ишларини бошлаб юборди. Кафедра ўқитувчиси Дилноза Муталова томонидан Буюк Британияда илмий журналида чоп этилган “Исследований и рефлексии в области образовательных наук”, “Таълим–кластери педагогик технология сифатида педагогик ҳамкорлик” мавзусидаги мақола ва тезислар чоп этилди. Шунингдек, кафедра профессор-ўқитувчилари З. Шонасирова, А.Абдуллаев, Д. Муталова, Л..Болиевалар томонидан “Мактабгача ва бошланғич таълим тизимида кластер усули орқали узлуксизликни такомиллаштириш” номли услубий қўлланмага муаллифлик ҳуқуқи гувоҳномаси олинди.

Хулоса қилиб айтганда, Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти педагоглари ва профессор - ўқитувчилари ташаббуси билан таълимда қўлланилаётган кластер тизими таълим соҳасида учраши мумкин бўлган бир қатор масалаларнинг ижобий ҳал бўлишига хизмат қилиши шубҳасиз. Хусусан, талабалар бўлажак иш жойларида ўз ўрнини топиб, тайёр кадр сифатида меҳнат фаолиятини юрита бошлайди. Шу билан бирга, институт педагоглари ёрдами билан ҳамкорлик ўрнатилган. Мактабгача таълим ташкилотарида таълим-тарбия тизими юқори даражага кўтарилишига умид қиламиз.

Марямбиби Абдуллаева ТВЧДПИ “Мактабгача таълим” кафедра ўқитувчиси

 Саодат Содиқова, “Adolat” газетаси мухбири

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+