Тирноқ тагидан кир Қидирманг, ватандош!

12.02.2021 17:02:52

Ўтаётган ҳафта аввалида ижтимоий тармоқларда “Сирдарёда қарғайдиган ЙҲХ ходими” сарлавҳали видеолавҳа тарқалди. Ушбу видеолавҳа жамоатчилик орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Назаримизда, бу масалани таҳлил қилиш жараёнида “танга”нинг икки томонини ҳам ўрганиш керак.

Лавҳада ЙҲХ ходими ҳайдовчини спиртли ичимлик истеъмол қилганлигида гумон қилгани учун қўлбола идишга пуфлашни сўраган. Ҳайдовчи ЙҲХ ходимининг талабини бажармасдан, унга нисбатан қўрс муомалада бўлиб, хизмат вазифасини бажаришга тўсқинлик қилган. Ниҳоят асабини жиловлай олмаган ЙҲХ ходими “Илоҳим фарзандинг менга ўхшаб ГАИ бўлсин...” деган мазмунда гапирган. Бу, бизнинг назаримизда, қарғиш эмас. Балки, ният...

Келинг, энди йўллардаги хавфсизлигимизни таъминлаётган, яқинларимиз ёнига эсон-омон етиб боришимиз учун ўз бурчини адо этаётган ЙҲХ ходимлари совуқ ва ёмғирли кунларда, ёзнинг жазирамаси-ю, қишнинг қаҳратонида тик оёқда туриб, ўз вазифасини бажараётган бир вақтда биз ҳам уларга елкадош бўлайлик. Уларни қўллаб-қувватламасак ҳам, ҳеч бўлмаса, ишларига халал бермайлик.

Бир тасаввур қилиб кўринг-а, агар йўлларимизда бир кун ёки бир соат ЙҲХ ходимлари бўлмай қолса, қай аҳволга тушар эканмиз? Ахир ЙҲХ ходимларининг қатъиятларига қарамасдан, кунда кунаро спиртли ичимлик истеъмол қилиб машина бошқараётгани, турли автоҳалокатлар келтириб чиқараётгани, энг ёмони, ана шу автоҳалокатлар натижасида айбсиз айбдор юртдошларимиз қурбон бўлаётганидан кўз юма олмаймиз-ку. Афсуски, ҳайдовчиларимиз орасида ҳамон қонунни писанд қилмайдиган, димоғи осмонда, ўзганинг ҳаётидан ўзининг маишатини устун қўядиганлари ҳам учраб турибди... 

Яна мавзуга қайтсак. Тан олиб айтишимиз керак, кейинги пайтларда айрим фуқароларимизнинг ўз шахсий манфаатини ўйлаб, юз берган воқеа-ҳодисаларни фақат ўз манфаатига хизмат қилувчи қисмини “кесиб олиб”, ижтимоий тармоқларга жойлаштираётгани кишини бироз ўйлантириб қўяди. Бунинг яна бир ёмон томони шундаки, ижтимоий тармоқ кузатувчиларининг бир қисми воқеаларнинг асл мазмун-моҳиятини англамай туриб, салбий фикрга зўр беришади. Бу эса, охир-оқибат омма орасида бирон-бир соҳа ёки тизимнинг обрўсизланишига олиб келади.

Хулоса ўрнида айтмоқчимизки, шу Ватан бутун борлиғи, яхши-ю ёмони билан бизники. Унинг тинчлиги, осойишталигини асраш, ҳамжиҳат бўлиш сиз-у бизнинг бурчимиздир. Шундай экан, тирноқ тагидан кир қидирмай, бир-биримизни қўллаб-қувватлаб яшайлик.

Яна бир гап. Машиналар оқими бир лаҳза тинмаётган мана шу йўлларда ҳар куни ота-онамиз, яқинларимиз ва фарзандларимиз ҳаракатланишини ҳам унутмайлик, азиз ватандош!   

 Нилуфар БАҲРОМОВА,

ТДЮУ узлуксиз таълим бошқармаси ходими

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+