Аёл-буюк ва беқиёс муъжиза

04.02.2022 11:02:56

Аёл – яратганнинг нозик ҳилқати, табиатдаги нафис мавжудоддир. Аёл  бир томондан назокат тимсоли бўлса, иккинчи томондан жамиятга энг таъсирли қудратдир.  Оиладаги муҳит, фарзандлар тарбияси ва эркак кишининг матонати оиладаги аёлнинг олиб бораётган сиёсатига боғлиқ.

Аёл – жамиятда бамисоли уммон. У ҳам она, опа, сингил, фарзанд, келин, иш муассасаларида ишчи, ходим, педагог, доктор, бошқарувчи, депутат, унинг чеки чегараси йўқ. Бирон фаолият мавжуд эмаски, уни аёлсиз тасаввур этса. Ҳар жабҳада ўз меҳнат, матонатини аямай сарфлаб, жонкуяр муҳаббати билан иситади.

Барчага маълумки, аёллар жуда катта куч ҳисобланадилар. Ўз ғояларини жамиятга сингдиришни истаётган ҳар қандай куч, албатта, катта эътиборни аёлларга қаратиб, улар орқали гуруҳ ва жамоаларни бошқарадилар.

Бугунги кунда аёл-қизларнинг билим савияси, тарбияси ва ҳулқ-атворига эътибор бериш долзарб масалаларга айланмоқда. Сабаби келажак авлод тақдири бевосита оналарга  боғлиқдир. Фарзандларга тўғри йўл кўрсатиш, ёт ғоялардан ҳимоя қилиш, илм ва ҳунарга йўналтириш каби ишларга аёллар масъул эканлигини ҳис этишлари лозим.

Оила психологияси томонидан олиб қаралганда, оилада аёлларнинг вазифаси учта: репродуктив, продуктив ва ижтимоий вазифалардир. Репродуктив вазифа – бола туғиш ва уй-хўжалигини юритиш – иш кучини тиклаш ва сақлаб туриш учун зарур» . Бу ўринда репродуктив вазифа аёллар билан боғлиқ вазифа сифатида тилга олинаётгани бежиз эмас. Шарқда оила ва фарзанд кўриш, бола тарбияси энг аввало аёл билан боғлиқ ҳолда тушунилиб, ушбу вазифа аёлга тааллуқли деб қаралади. Шунинг учун Шарқ адабиётларида «аҳлу аёл» ибораси кенг қўлланилади. «Аҳл» дегани оила, аёл демакдир .

«Жаннат» оналар  оёғи остида, деб беҳуда гапирилмаган. Ҳеч ўйлаб кўрганмизми, фарзандларимиз Аллоҳнинг уйи Байтуллоҳга йўл олса, онамиз: «Эй болажоним, мени дуо қил!» – деб айтиши мумкин. Лекин биз оналаримизга борганда «Мени дуо қилинг» демаймиз. Сабаби онажонларимиз айнан бизни дуо қилиш учунгина Байтуллоҳни зиёрат қиладилар. Вақти келса фарзандимиздан бир кунда неча маротаба хабар оламиз-у, лекин онамизга қилган биргина қўнғироғимизда онажондан ҳол-аҳвол сўрасак, «Ўзинг омон бўлсанг, бас болам»,  дея жавоб оламиз. Бу не зотки?!  Ўзиданда фарзандини устун қўйса. Бу не зотки?! Меҳри уммон каби муҳаббатга лиммо-лим бўлса.

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Бу борада зарур ҳуқуқий асос яратиш ва уни янада такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини, жисмоний, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, иш билан таъминлаш, саломатлигини мустаҳкамлаш, ижтимоий муҳофазасини янада кучайтириш, оила, оналик ва болаликни ҳимоялаш, тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ўзининг юксак самарасини бермоқда.

Сўнгги йилларда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштироки янада мустаҳкамлаш мақсадида қабул қилинаётган Президент фармонлари ва қарорлари биз ўз қадр-қимматимизни янада чуқурроқ ҳис этишимиз, ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда, кундалик турмушимизда муносиб ўринни дадил эгаллашимизга ҳар томонлама ёрдам бераяпти, десак сира муболаға бўлмайди.

Мустақиллик йилларида бир-бирини мантиқий давом эттирадиган давлат дастурларида хотин-қизларнинг манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига бўлган сайловларда хотин-қизлар тобора фаоллик иштирок этишяпти ва Олий Мажлис қонунчилик палатасига депутатликка, Сенат аъзолигига, маҳаллий кенгашларга сайланаётган хотин-қизлар сони тобора кўпчиликни ташкил этаяпти. 

Шу йил Халқаро хотин-қизлар куни арафасида, аниқроғи, 5 март куни Президентимиз хотин-қизлар ҳаётида муҳим ўрин тутган қарорга имзо чекдилар. “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5020-сонли қарор билан республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши ташкил этилди. Мазкур кенгашнинг асосий вазифалари этиб хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни қўллаб-қувватлашга доир ислоҳотлар мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш, хотин-қизларнинг таълим ва касбий кўникмалар олиши, муносиб иш топишига ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёш хотин-қизларни аниқлаш ва уларнинг қобилиятини тўғри йўналтириш, ҳудудларда, айниқса, қишлоқларда хотин-қизларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш, турар жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш, турмуш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, даромадларини кўпайтириш борасида тизимли чора-тадбирларни белгилаш, хотин-қизларнинг оилаларни мустаҳкамлаш, миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда фарзанд тарбиясидаги ролини ошириш чораларини кўриш, “Аёллар дафтари” билан манзилли ишлаш, мутасадди ташкилотлар, секторлар томонидан хотин-қизлар муаммолари ўз вақтида бартараф этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш каби вазифалар белгиланди.

 Эндиликда Республика кенгаши, жумладан ҳудудларда, айниқса, қишлоқларда хотин-қизларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини оширади. Қарорга кўра, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси (Жамғарма) сифатида қайта ташкил этилди. Республика кенгашининг асосланган ҳисоб-китобларига мувофиқ Жамғармага ҳар йили 300 миллиард сўмгача миқдорда Давлат бюджети маблағлари ажратилади. Ҳа, ҳар бир жамиятнинг маданий даражаси ва маънавий баркамоллиги аёлларга бўлган муносабат билан белгиланади. Бу борада юртимизда салмоқли натижаларга эришилмоқда. Зеро, аёлни улуғлаш барча хайрли ишларнинг мезонига айланган.

Улпаш Мадреймова,

Томди туман Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+