Аёл муқаддас оила қўрғони

09.03.2022 12:03:40

“Адолат” СДП вилоят ва Қарши шаҳар Кенгаши томонидан Қарши шаҳридаги “Хон” ресторани тадбиргоҳида Халқаро хотин-қизлар куни 8 март байрами муносабати билан “Сен муқаддассан аёл” мавзуида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда хотин-қизлар ташкилотлари вакиллари, партия фаолллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, ёшлар, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

     Тадбирда оила бешигини тебратувчи, баркамол авлод камолотини таъминловчи, мустақиллигимизни асраб авайловчи, янги Ўзбекистонимизнинг буюк келажагини яқинлаштириш ишига бебаҳо ҳисса қўшаётган опа-сингилларимиз эканлиги алоҳида эътироф этилди.

  • Шиддат билан ривожланиб бораётган ҳаётимизнинг қай бир жабҳасига қараманг муҳтарам опа-сингилларимизни кўрамиз,-деди тадбирда партия вилоят Кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Руиддин Раупов.- Улар мустаҳкам оилаларимиз чароғбони. Таълим-тарбияда меҳрибон устоз, ишлаб чиқаришда эса изланувчан тадбиркор. Ширинсухан шифокор, одамлар муаммоларини тинглаётган депутат. Энг муҳими эса истиқболимиз эгаларини тарбиялаб вояга етказаётган мунис Она!
  • Айни пайда партия вилоят Кенгаш сафларида 15 мингга яқин хотин-қизлар уюшган,- деди тадбирда халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши депутати, вилоят аёллар Кенгаши фаоли Чамангул Мухаммадиева.- Кейинги йилларда муҳтарам Президентимиз бошчилигида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳар қандай зўравонликлардан асраш, давлат ва жамиятни бошқаришдаги иштирокини кенгайтириш, бандлигини таъминлаш, ҳуқуқий онгини юксалтириш, кундалик турмушдаги муаммоларини ҳал этиш борасида бирмунча ишлар амалга оширилаяпти. Биргина жорий йилнинг ўтган ойлари давомида вилоятимиз партия ташкилотлари саъй-ҳаракати ва бевосита ташаббуси билан 100 нафарга яқин аёллар ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этилди. Вилоят ва ҳудудларда ташкил этилган “Адолат қабулхонаси” га мурожаат қилган 200 нафардан ортиқ мунис опа-сингилларимиз мурожаатлари хал этилди. Бугунги кунда вилоят партия ташкилотларидан кўрсатилган хотин-қизларнинг 1 нафари Олий Мажлис Қонунчилик палатасига, 18 нафари эса маҳаллий Кенгашларга фаолият олиб бормоқда.

        Тадбирда аёллар Кенгаши фаоли Азима Зайнуддинова, Кенгаш раиси ўринбосари Гулноза Ражабова, фаоллар Шаҳло Турсунова, Гулшан Каримовалар ҳам сўзга чиқиб, хотин-қизлар шаънига билдирилган эзгу истаклар учун самимий миннатдорчилик изҳор этишди. Улар янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган улкан ислохотларда бунданда фаолроқ иштирок этишга ваъда қилдилар.

      Тадбир ниҳоясида фаол хотин-қизларнинг бир гуруҳига Адолат СДП вилоят Кенгашининг “ Ташаккурнома” ва эсдалик совғалари топширилди.

     Қарши шаҳар маданият уйи ходимларининг азиз оналарни мадҳ этувчи куй- қўшиқлари ва 15 умумтаълим мактаби ўқувчиларининг тайёрлаб келган саҳна кўринишлари тадбирга ўзгача кўтаринкилик бахш этди.

                                                       Дилрабо Чориева,

                                                   “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши

бош мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+