“ЧУМОЛИННИНГ БУЗИЛГАН ИНИ”

10.01.2022 12:01:10

Вақтлар ўтиб, дунёдаги барча мамлакатлар тарихи ўрганилаётганда, албатта ўн йилликлар бўйича ҳисобланади. Ва бу даврларда халқ ва ҳукуматнинг ўзаро муносабатлари ҳам назардан қочмайди.

2022 йилнинг боши, январнинг  биринчи беш кунлиги ҳам қўшни мамлакат Қозоғистон тарихида ана шундай вайронагарчиликларга сабаб бўлган кунлар дея хотирланиши ҳаммага аён бўлди.

Хўш, бу бошбошдоқликлар қандай воқеалар сабабли келиб чиқди? Биринчидан, қозоқ оммаси ўртасида газ нархи ошиб кетаётгани биринчи омил қилиб гапирилаяпти. Айтайлик газ кислород эмас. Унинг кимёвий формуласи мураккаб. Буни кимё дарсидан билиш мумкин. У бир жойга экиб етиштирилмайди. Неча юз метрларга трубалар ташланиб, линиялар барпо қилиниб, олинган маҳсулот заводларда қайта ишланиши керак. Бир литр газ ҳам, минг тонна газ ҳам шундай олинади. Хўш, машинага қуйиладиган ё уйга, ишхонага ё завод, фабрикага ёқиладиган, тадбиркорлик субъектига ёқиладиган газ оддий нарса эмас. Гуёки намойиш “газ нархи ошиб кетганидан” бошланган. Хўш, мамлакатда газ нархи ошган экан, бунга намойишга чиқиш, кўчаларни тўлдириб, ўлим ва қон тўкишларга имкон яратиш, қиш совуғида, оч ҳолда йўлларда тунни ўтказиш, тик оёқда қолиб касалликлар орттириш, йўлларда олов, палапартишликлар келтириб чиқариш зарурмикан?

Психологлар оддий халқ оммаси ҳали тўла давлат тўнтаришига онги етадиган, қонни кўрса ҳам эти жунжикмайдиган одамлар бўлишини инкор этади. Чунки одамга биринчи ўринда иссиқ жой, қорнини тўйдиришга етадиган овқат ё пул, рўзғор ташвиши бўлиши керак. Яники, одам хотиржамлиги учун биринчи заруратлар шулар. Кейин бошқалари келиб чиқади. Ана шу “бошқалари” кунлар ўтиб юзага чиқади. Тўй қилиш, уй қуриш, шаҳарга кўчиб ўтиш, кийимларни яхшилаш, болалар фаровонлиги ва бахтига интилиш, ярқироқ ва сифатли нарсалар сотиб олиш. Бугун Қозоғистонни ҳамма, яъни интернетга уланиш имкони борларнинг барчаси кузатмоқда.  Ойнадай кўриниб турибди. Халқ нима қилаяпти, ҳукумат, Президент нима қилаяпти, кўчаларда қандай тўполон келиб чиқмоқда, қаер ёнаяпти, қаерга бостириб кирилаяпти, машиналар, бинолар, дўконлар, ошхоналар вайрон бўлаётгани, барча-барчаси халқнинг эртанги кунига салбий таъсир қилаяпти.

 “Бир кун уруш бўлган жойда қирқ кун барака кўтарилади” деган гап бор. Хўш, оилада келин-қайнона, ўғил-ота, ё қўшни билан қўшни урушса одамлар нима деб гапирадию, қандай ҳолат юзага келади? Шундай ҳодисани Қозоғистонда маҳалла, туман, вилоят миқёсида тасаввур қилиб кўрсак-чи? Ҳаммаёқ ёниб ётса, автомашиналар пачоқ, кўчада ўз мустақил фикрига эга бўлмаган оломон эгаллаб, нима қилаётганини билмай қолса-чи? Полиция аралашуви билан яна “олатаъсирлар” кўпаяётган кўчани тасаввур қилинг. Албатта, бунда кимнингдир  пешонаси ғурра, кимнингдир бурни қонаган, кимнингдир оёғи ёки танаси шикастланган, кимдир ёқалашув, муштлашувларнинг ўртасида қолиб кетган, кимнидир полиция ушлаб олган, кимдир жон ҳукмида қийналаётган ҳолатлар кўпаяди. Оммавий тартибсизликлар деганда биз шуни тушунамиз. Қозоғистондаги шунча тартибсизликларни  маънавият билан олдини олса бўларди. Энди қанча одам қамалган, қанчаси терговда, қанчаси кўчада нима бўлишини тушунмай оч-наҳор чопиб юрибди. Хуллас, “чумолининг ини бузилган”.

Тасаввур қилсак, қишнинг ўртасида бу мамлакатда газ етказиб бериш, электр энергия, сув тармоқлари узилди, бузилди, хўш, ким совқотади, ким қоронғуда ўтиради, ким ичишга сув излаши керак? Шу халқ. Буни бошқа мамлакатларга таъсири йўқ. Четдан бориб биров газ, свет, сув улаб бермайди. Шунақа гаплар. Қозоқларнинг ғалаёнли тўдалашуви, машина, биноларга ўт қўйиши нимага олиб келишини билмадиму, билганим, ёнган, бузилган, вайрон қилинган нарсалар пулга келганди. Буни унутмаслик лозим. Газнинг нархи ошса, буни яхши, тинч йўл билан ҳал қилиш мумкин эди.

 Эндичи? Болалар, чақалоқлар, кексалар, аёллар нима қиларини билмайди, уларга тинчлик ва иссиқ овқат, иссиқ  ётоқ керак. Қисқаси оммавий тартибсизлик, ғалаён барча гўзал ҳаёт неъматларининг “оёғини қирқди”, худо билади, бугун қозоқларда уйида хотиржам ўтириб, сўнг сокин уйқуга кетаётган одамлар борми, йўқми? Ахир, мамлакатнинг бахти хотиржам одамлар кўплиги билан ўлчанади. Яни осойишталик ва соғлиғимиз энг катта бахт эканини билишимиз керак. Қаранг, қозоқларнинг қанчаси оилавий бахт ва соғлиғини йўқотди. Бахт ва соғлиқ ҳамда хотиржамликни қайтариш эса  бу дунёда жуда азобли, одамлардан жуда кўп куч, энергия, вақт талаб қиладиган  ишлардан биридир.

Азамат ТАВБОЕВ,

Халқ депутатлари Пайариқ туман Кенгаши депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+