ҲАМКОРЛИК - ТАРАҚҚИЁТ ГАРОВИ

31.01.2022 14:01:17

Глобал ривожланиш йўлидан бораётган бугунги дунёда ҳар бир мамлакат ўзининг иқтисодий режаларини ўзаро ҳамкорликсиз тасаввур эта олмайди. Икки ва кўп томонлама манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш эса юксалишга пухта замин яратиши мумкин. Ахир, халқимизнинг доно нақли ҳам бор – ёлғиз отнинг чанги чиқмас, чанги чиқса ҳам, донғи чиқмас. Шу жиҳатдан қараганда, Ўзбекистон кейинги йилларда жаҳондаги турли давлатлар билан савдо-иқтисодий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантираётгани диққатга сазовордир.

Жумладан, ўтган ҳафтада видеоанжуман шаклида ташкил этилган «Ҳиндистон – Марказий Осиё» биринчи саммити ҳам бу борадаги муҳим қадам бўлди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев  иштирок этди. Мазкур тадбирда минтақа мамлакатлари ва Ҳиндистон ўртасидаги анъанавий  дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди, халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди. Давлатимиз раҳбари бу борадаги ўз фикрларини баён этар экан,  ушбу учрашувнинг стратегик шерикликни мустаҳкамлаш ҳамда минтақавий ҳамкорликнинг узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган янги кун тартибини шакллантиришдаги аҳамиятини алоҳида қайд этди.

Албатта, бу мулоҳаза замирида жуда катта маъно бор.  Чунки халқларимизни боғлаб турган асрий ва теран тарихий илдизлар мавжудки, улар келажакка ишончли замин бўлиб хизмат қилади. Хусусан, минг йиллар мобайнида минтақамиз ва Ҳиндистон халқлари ўртасида фаол гуманитар алмашинувлар ва савдо алоқалари мавжуд бўлган,  маданиятлар, анъаналар ва маънавий қадриятлар бир-бирини бойитиб келган. Юртимиздан етишиб чиққан шоҳ ва саркарда, шоир Бобур ва у тузган давлат ҳам халқларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришда катта роль ўйнаган. Мазкур анжуманнинг пойдевори ўша пайтларда тикланган, десак муболаға бўлмайди.

Президентимиз  «Ҳиндистон – Марказий Осиё» форматидаги амалий ҳамкорликни илгари суришнинг стратегик устувор йўналишлари юзасидан бир қатор  аниқ таклифларни илгари сурди. Масалан, уларнинг  таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларига  тааллуқлиларини олайлик. Чунки бу борада Ҳиндистоннинг илғор тажрибаси,  технологиялари бутун дунёда тан олинган. Шунинг учун  биргаликда замонавий кўп тармоқли тиббиёт марказлари ташкил этиш, тиббий университетларнинг Ўзбекистондаги филиаллари қошида  клиникалар тармоғини янада  кенгайтириш истиқболли масалалардандир.

Ёки фармацевтик препаратлар ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, вакцинация тўғрисидаги сертификатларни ўзаро тан олишни жадаллаштириш, вирусолог врачлар тайёрлаш дастурларини бошлаш, анъанавий тиббиёт усулларини кенг жорий қилиш,   ҳар йили қўшма Соғлиқни сақлаш форумини ўтказиб бориш таклифлари ҳам эътибор марказида бўлди.

 Бизга маъқул тушгани – ҳамкорлик ўрнатиш бўйича билдирилган ҳар бир таклиф мана шундай батафсил ёритилди. Уларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши ҳаммага катта наф келтиради, деб ўйлаймиз.

Баҳодир БОЛТАБОЕВ,

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+