Ҳар бир мурожаат эътиборда

30.11.2021 10:11:00

  “Атанган гузар” – Наманган шаҳрининг чекка ҳудудларидан саналади. У яқинда ташкил этилган Янги Наманган тумани таркибига киради. Марказдан олисда жойлашгани учунми, бу ерда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда анча-мунча муаммолар тўпланиб қолган. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Дилмурод Исмоилов сайловчилар билан учрашиш учун айнан шу маҳаллага ташриф буюрди.

   – Аввалроқ “Атанган гузар” фуқароларидан бир неча телефон қўнғироқлари ҳам бўлганди, - дейди депутат Д. Исмоилов. – Масалаларни жойида ўрганиш фикримиз бор эди. Бу ҳақда Янги Наманган тумани раҳбарларига айтгандим, улар ҳам қўллаб-қувватлашди.

  Маҳалла аҳолиси билан мулоқотларда парламент аъзоси билан бирга туман ҳокими Жобир Абдуллаев  ҳам иштирок этди. Самимий ва ишчанлик руҳида ўтган суҳбатларда юртимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар бош мавзу бўлди. Сўнгги пайтда қабул қилинган қонунлар, қарорлар ва фармонлар, уларнинг мазмун-моҳияти ҳақида фикрлар билдирилди. Айни пайтда маҳалла аҳолисини қийнаётган айрим муаммолар ҳам кун тартибига қўйилди.

  Аҳоли мурожаатларининг ҳар бири Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ва туман ҳокими томонидан атрофлича ўрганилди. Уларнинг ҳар бири бўйича ечим ҳам изланди. Масалан, қабристон учун ер ажратиш масаласи тезда ҳал этиладиган бўлди. Ҳоким тегишли ҳужжатларни тайёрлаш ва зарур таклиф киритиш юзасидан қурилиш бўлими мутасаддиларига топшириқ берди. Электр таъминотини яхшилаш бўйича эса ҳокимлик “Наманган ҳудудий электр тармоқлари” корхонасига мурожаат қиладиган бўлди. Катта Наманган канали устига қурилган кўприкни янгилаш масаласи эса кўпроқ вақт талаб этиши очиқ-ойдин айтилди. Чунки бу жараёнда республика идораларининг иштироки талаб этилади. Лекин тезда ишга киришилиши билдирилди.  Айни пайтда нафақа тайинлаш, беморларни даволаш, тадбиркорлик учун кредитлар олиш каби масалалар юзасидан мурожаат қилганларга ҳам ёрдам бериладиган бўлди.  Хуллас, депутат билан учрашувда қатнашган барча фуқароларда ўзаро мулоқотдан қониқиш юзага келди.

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+