Мақсадимиз – келажак авлод учун она-заминни муносиб асраш

04.02.2022 14:02:00

Инсоният ҳаёти  уни ўраб турган табиий муҳит билан узвий боғлиқ. Муқаддас тупроқ, мусаффо ҳаво, зилол сув, ўз нурини саҳийлик билан сочаётган қуёш –  буларнинг барчаси табиатнинг бетакрор мўъжизасидир. Инсон туғилибоқ ушбу неъматлардан баҳраманд бўлади. Шунинг учун ҳам уни она табиат деб атаймиз. Она табиатни, атроф муҳтини асраб авайлаш бизнинг асосий бурчимиздир.

Бугун жаҳон ҳамжамияти табиатни асраб-авайлаш, келажак авлодларга талофатларсиз етказиш йўлида якдиллик зарурлигини англаб етди. БМТ томонидан табиатни асрашга эътибор қаратиш учун алоҳида саналар белгиланган. Хусусан, 22 март - Халқаро оби-ҳаёт куни, 22 апрель - Халқаро Она-замин куни, 5 июнь – Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни ва бошқа шу каби қатор саналар муносабати билан жаҳон ҳамжамияти халқларни ҳамкорликка, бирдамликка чорлаб келяпти.

Жаннатмакон юртимизда ҳам табиатни асраш йўлида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган йиллар мобайнида мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан оқилона фойдаланишнинг қонунчилик базаси шакллантирилди.

Куни кеча, президент Шавкат Мирзиёев раислигида чиқиндилар билан ишлаш тизими ва экологик ҳолатни яхшилаш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш борасидаги долзарб вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда таъкидланганидек, энг муҳим масала – аҳолининг экологик маданиятини оширишдир.

-Авлодларимиз биздан кейин ҳам муносиб табиий муҳитда яшаши керак. Бунинг учун биз табиатга эътибор беришимиз, фақат бугунни эмас, яқин ва узоқ келажакни ўйлаб иш тутишимиз зарур, - деди Ш.Мирзиёев.

Дарҳақиқат, жаҳон кўламида жадал суратлар билан кечаётган фан-техника инқилоби одамларнинг меҳнат шароити, турмуш даражаси яхшиланишига ижобий таъсир этиши билан бирга у туғдирган экологик ўзгаришлар,  ўз навбатида инсониятга, уни ўз бағрида сақлаётган она табиатга асоратли таъсир кўрсатмоқда.

Давлатимиз раҳбари аждодларимизнинг она-заминга бўлган ниҳоятда эҳтиёткор муносабатларини, ота-оналаримиз ҳовлини, атрофни пок сақлаш кераклигини, азалдан тупроқни, сувни, табиатни муқаддас деб билгани, оилада фарзанд дунёга келса, унга атаб ниҳол экилганлигини бежиз мисол қилиб келтирмади.

Бу каби гўзал анъаналаримизни ёш авлодга етказиб боришимиз жуда муҳим. Ҳануз ёдимда бор, болалигимда бобом  мени ҳовли этагига чақириб, бир туп ёнғоқ, бир туп ўрик кўчатларини биргаликда экиб, сўнг уларни қандай парвариш қилиш кераклигини уқтириб, мени узоқ дуо қилгандилар. Бугун шу дарахтлар кўкка бўй чўзиб, унинг меваларидан фарзандларим баҳраманд бўлаётганини кўриб, бобомни кўп эслаб дуо қиламан.  Қуш инида кўрганини қилади деганларидек, бугун ота-боболаримиз, доно онахонларимизнинг атроф-муҳитни покиза сақлаш, табиатга эҳтиёткор муносабатда бўлишига оид ўгитлари-ю, йўл-йўриқларини  ёшларга ўргатиб келяпмиз.

Мақсадимиз ҳам шу, муқаддас она-замин, ранг-баранг табиатимизни келажак авлодлар учун муносиб асраш.

Бу борада барчамиз биргаликда виждонан ҳаракат қилиб, президентимизнинг ўткир кўзлари ва эпчил  қўллари бўлсак, олдимизда турган долзарб вазифаларни амалга ошира оламиз.

Сўнгги давр оралиғида партия фаоллари, вилоятимизнинг туман, шаҳар кенгашига сайланган депутатлари билан биргаликда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида серқатнов йўллар ва ички кўчалар четларида, маҳаллалар ва бинолар ҳудудида манзарали ва мевали дарахтлар кўчатлари экилди. Мазкур акцияга ёшларнинг кенг жалб этилгани, кўзланган мақсадларимизнинг аҳамиятини янада оширди.

Партиямиз томонидан ушбу лойиҳа доирасида тарғибот-ташвиқот ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Доимий равишда аҳоли ва ёшлар иштирокидаги турли учрашувлар,  маънавий-маърифий тадбирлар давомида мамлакатимизда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик хавфсизликни таъминлаш, аҳолининг экологик маданиятини ошириш мавзулари ёритилади.

Айтиш жоизки, “Адолат” СДП Тошкент вилояти кенгаши фаоллари давлатимиз раҳбарининг экология ва атроф-муҳит муҳофазаси борасидаги  берган барча топшириқларини амалга оширишда бор куч ва салоҳиятини ишга солади.

 

Бобур МАМИРОВ,

 “Адолат” СДП Тошкент вилояти

Кенгаши раиси

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+