Муаммонинг ечими топилди

28.03.2022 12:03:03

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Махфурат Хушвақтованинг Миришкор тумани сайловчилари билан учрашувлари ғоят самарали кечди. Депутат  қишлоқ аҳолиси билан учрашганида “Чандир” МФЙ раиси Исмат Авезов 1990 йил қурилиши бошланиб, шу алфозда чала ташлаб қўйилган мактаб биносини фойдаланишга топширишга ёрдам беришини илтимос қилди. Хақиқатдан ҳам бундан 30 йил олдин 640 ўринга мўлжалланган мактаб қурилиши бошлангану ташлаб кетилган.  Депутат муаммони обдон ўрганиб, мутасадди ташкилотлар билан мулоқотга киришиб масалани ҳал этди. Тез кунлар ичида мактабда бунёдкорлик ишлари бошлаб юбориладиган бўлди.

Депутатнинг “Чандир” қишлоғи аҳолиси билан юзма- юз мулоқотида ҳам одамларни қийнаб келаётган жумбоқларга ечим топилди. Қишлоқ фуқаролари Даврон Отахонов, Оқмурод Рахимовлар депутатга ички йўллар қишда лой, ёзда чанг эканлигидан шикоят қилиб, уни асфальт қилишга амалий ёрдам беришини сўрашди. Депутат аралашуви билан бу муаммо ҳам туманни ижтимоий- иқтисодий ривожлантириш дастурига киритилиб, ҳал этиладиган бўлди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдуғани Умиров Нишон туманида бўлиб чет давлатларда ишлаб келган фуқаролар билан суҳбат қурди. Жорий йилнинг ўтган ойлари давомида. Туманга чет давлатлардан 580 нафар фуқаро қайтиб келган. Шу давр ичида эса 47 нафар фуқаро ишлаш мақсадида чет давлатларга жўнаб кетган. Депутат чет давлатлардан қайтиб келган мигрантларнинг бандлигини таъминлаш масалалари билан қизиқди. Уларнинг яшаш хонадонларига ташриф буюриб,  оилаларидаги шарт -шароитлар ва уларни ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланишлари учун мутасаддилар томонидан кўрсатилаётган ёрдамлар билан танишди. Кўпгина мигрантларни қийнаб келаётган муаммолар депутат томонидан жойида ўрганилиб уларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилшод Ҳамзаев Ғузор туманидаги “Янги ҳаёт” МФЙда бўлиб аҳолининг иш билан бандлиги масалалари билан қизиқди. МФЙ аъзоси Азиз Мейлиев хонадонига ташриф буюриб,  оила аъзоларининг ҳаммаси йирик шохли мол боқиш ва деҳқончилик билан мунтазам шуғулланиб ўз бандлигини таъминлаб келаётганлигини ижобий баҳолади.  Шунингдек,  депутат маҳалладаги кўпгина фуқаролар билан юзма- юз мулоқотга киришиб, уларининг муаммоларини тинглади ва ҳуқуқий маслаҳатлар берди. Тадбиркорлик билан шуғулланишлари  учун ер олиш, кредит ва бошқа масалаларда фуқароларга амалий ёрдам кўрсатди.

Нодир Исомов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ёрдамчиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+