Нилуфар Республика босқичида иштирок этади

29.11.2021 09:11:11

Жамият ҳаётини юксалтириш, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий куч-қудратини оширишда таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, шу билан бир қаторда ёшларнинг назарий билимларини амалий кўникмалар билан уйғунлаштириш, сиёсий, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш алоҳида аҳамият касб этади. Чунки миллат тараққиётига илм-фан чўққиларини эгаллаган, қалбида Ватан туйғуси жўш урган, истиқлол ғояларига садоқатли, юртнинг фаровон келажагига ишончи мустаҳкам ёш авлоднинг фаоллиги, ташаббускорлиги, мустаққил фикрлаш даражаси, Ватан равнақи учун масъулликни чуқур ҳис этиши орқалигина эришиш мумкин. Мамлакатимизда ҳар соҳада ёш авлод камолоти тўғрисидаги кенг кўламли ғамхурликка гувоҳмиз. Ёш авлоднинг, келажагимиз давомичилари йигит-қизларимизнинг ҳар томонлама етук, жисмонан ва маънан баркамол бўлиб улғайишлари учун зарур бўлган барча шарт – шароитлар яратилмоқда.

“Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши ҳам ёшларни нафақат мамлакатимиз келажаги, балки давлат ва жамият ривожи йўлидаги мақсадларга эришишда таянч ва ҳал қилувчи куч деб билади. Шу мақсадда партиянинг депутатлик гуруҳлари билан ҳамкорликда ёш авлод вакиллари ўртасида турли лойиҳаларни, уларнинг иқтидор ва салоҳиятларини рўёбга чиқариш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар белгилаб, жойларда учрашувлар, давра суҳбатлари ва турли кўрик-танловлар ўтказиб келинмоқда. Самарқанд шаҳридаги олимпия заҳиралари коллежининг фаоллар залида ана шундай тадбирлардан бири Бош Қомусимизнинг 29 йиллиги муносабати билан ёшлар ўртасида ҳуқуқий, сиёсий таълим-тарбияни янада такомиллаштириш, миллий қомусимиз – Конституция ҳақида кенг тушунча бериш, давлат бошқаруви моҳиятини ёш авлодга тушунтириш, ҳуқуқий демократик давлат барпо этишда ёшларни иштирокини таъминлаш, уларда Ватанга муҳаббат, келажакка ишонч руҳини шакллантиришга йўналтирилган “Конститутция билимдони” кўрик танлови ўтказилди. 

Туман ва шаҳар босқичларидан саралаб олинган 14 нафар ғолиблар кўрик-тонловнинг вилоят босқичида иштирок этишиб, 3 та шарт бўйича ўзаро беллашишди. Тадбир қатнашчилари танлов низомида белгиланган шартлар асосида катта тайёргарлик кўрганлиги уларнинг мамлакатимиздаги иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ислоҳотлар ҳақида ўз фикрларига эга эканлигидан, улар томонидан тайёрланган фотоальбом, ижодий ишлар жамланмаси, иншо, саҳна кўринишлари орқали адолат мезонлари бузилган ва унинг ечимини ифодалайдиган бугунги кун воқеаларини ёритиб, ўзларининг фикрлари асосида жамиятда ҳуқуқий саводхонликни ошириш бўйича  мулоҳаза ва таклифларини ўртага ташлаётганларидан ҳам кўриниб турибди.\

Танловда ҳакамлар ҳайъати ҳар бир шарт бўйича иштирокчиларнинг чиқишларини адолат мезонлари асосида баҳолаб борди. Танлов якунига кўра барча шартларда ўзининг фикрларини теран етказиб бера олиши, нотиқлик маҳорати орқали аудиторияни ўзига жалб эта олиши, ёшларнинг фаоллигини ошириш, партия фаолиятининг сермаҳсуллигини орттириш юзасидан билдирган фикр-мулоҳазалари, таклифлари орқали Булунғурлик Нилуфар Давурбоева алоҳида эътирофга лойиқ деб топилиб, 1-ўринга муносиб кўрилди. Самарқандлик  “адолатчилар” номидан вакил бўлиб танловнинг Республика босқичида иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритди. Кўрик-танловнинг қолган иштирокчилари ҳам “Адолат” социал-демократик партияси Самарқанд вилоят Кенгашининг махсус диплом, ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

        

Муҳиба Бабабекова,

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+