Қиш эшик қоқди: Тайёргарлик нега суст?

06.12.2022 20:12:28

Мана серқуёш юртимизда қиш мавсуми ҳам бошланди. Ота-боболаримиз қишнинг бир куни ҳам қиш, деб бежизга айтишмаган. Шунинг учун ҳам қиш мавсумига алоҳида эътибор бериб, жиддий тайёргарлик кўрилса, мавсумни муаммоларсиз, талафотларсиз ўтказиш мумкин. Бироқ, бу масалага етарли эътибор берилмаса, панд еб қолиш ҳеч гап эмас.

Куни кеча ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманидаги 58-сонли мактаб ва унинг филиалларига 22 тонна яроқсиз кўмир етказиб берилгани, бунинг оқибатида синфхоналар етарлича исимаётгани, ота-оналар томонидан олиб келинаётган ўтин эвазига «буржуйка» печкаларидан фойдаланилаётганлиги танқид қилинган эди.

Ушбу муаммони Ўзбекистон «Адолат» СДП Деҳқонобод туман Кенгаши фаоллари ва депутатлар ҳамкорлигида ўргандик. Ҳақиқатдан ҳам 58-мактабнинг Ойбек МФЙдаги Полвонсой қишлоғида жойлашган иккита филиали бор. Шулардан Дўконхона қишлоғидаги таълим муассасасида 56 нафар, Толь қишлоғида жойлашган мактабда эса 46 нафар ўқувчи ўқийди.

Мутасаддиларнинг бизга маълум қилишларича, мактаб синф хоналарини қиш мавсумига иситиш учун 22 тонна кўмир берилган. Шунинг 5 тоннаси яроқли, 17 тоннаси эса яроқсиз эканлиги маълум бўлди. Биз мактабда ўрганишлар олиб борганимизда мактаб директори И.Юсупов, хўжалик ишлари бўйича мудири Х.Мирзаев Ойбек МФЙ раиси Х.Ғафуров ва туман халқ таълими бўлими шўба мудири Ў.Тошбоевлар ҳам бу камчиликка йўл қўйилганлигини эътироф этишди.

Биз партия фаоллари ва депутатлар мактабда болалар учун зарур чора тадбирларни кўриш кераклиги юзасидан масъулларга мурожаат қилдик. Шунга асосан ўқув машғулотлари талаб даражасида олиб борилиши юзасидан муаммо бўлмаслиги учун мактабга яна 20 тонна кўмир бериладиган бўлди.

Мактаб жамоаси ва ўқувчиларни қийнаб келаётган муаммо ҳал этилди.

Жовли Сатторов,

«Адолат» СДП Деҳқонобод туман

Кенгаши раиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+