Тараққиётимизнинг асосий пойдевори

07.12.2022 16:12:36

Бу йил мустақиллик йилларида инсон қадри улуғланган, адолатли жамият қуришимизда мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилиб келаётган Бош қомусимизнинг 30 йиллигини кенг нишонлаймиз. Хусусан, ўтган беш йилликда Ҳаракатлар стратегияси йўналишлари доирасида ҳам Конституциямизда муҳрлаб қўйилган ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини қуриш ғоясига содиқ қолиниб, шу йўлда кенг кўламли улкан ишлар амалга оширилди. Катта билим ва тажриба тўпланди.

Натижада, ўтган қисқа даврда жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий манзараси бутунлай ўзгарди. Эркинлик ва очиқлик, қонун устуворлиги, жаҳон ҳамжамияти билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик давлатимиз сиёсатининг асосий йўналишига айланди.

Буни биргина, инсон қадр-қимматини эъзозлаш, бунинг учун ҳар қандай ҳолатда ҳам адолатни қарор топтиришга қодир бўлган одил судлов тизимини шакллантириш борасида амалга оширилган ишлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Жумладан, буюк соҳибқирон Амир Темур бобомиз Оқсарой пештоқига “Адолат – давлатнинг асоси ва ҳукмдорлар шиоридир”, деган ҳикматли сўзларни ёздиргани бежиз эмас, албатта. Ушбу улуғвор ғоя инсон қадр-қимматини олий даражага кўтариш борасидаги амалий ҳаракатларимиз пойдеворига айланди.

Бугунги кунда юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини қонуний ҳимоя қилиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, шахсни айблашда қонунга зид усулда олинган маълумотлардан далил сифатида фойдаланганлик учун қатъий жавобгарлик белгиланди. 

Шунингдек, бир пайтлар диний экстремистик гуруҳларга алоқаси бор, деб назоратга олинган 20 мингдан зиёд фуқаро “махсус ҳисоблар”дан чиқарилди. Жойларда судьяликка номзодларнинг шахсий ва касбий сифатларини ўрганиш учун жамоатчилик комиссиялари ташкил этилди.

Адолат, очиқлик ва ошкораликни таъминлаш мақсадида судда ишларни электрон тақсимлаш тизими амалиётга киритилди. Эндиликда, инсон аралашувисиз ишни қайси судья кўришини электрон дастур белгилайди. Суд-тергов фаолиятида очиқлик ва қонунийликни таъминлаш, сарсону овора бўлиш ва ортиқча сарф-харажатга йўл қўймаслик мақсадида “электрон жиноят иши” ва “масофадан туриб сўроқ қилиш” тизимлари ҳам жорий этилмоқда.

Албатта бу жараёнда яна бир муҳим босқич, фуқароларимиз ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида адвокатларнинг ваколатлари кенгайтирилди. Буларнинг барчаси инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича олиб бораётган ислоҳотларимиз натижасидир.

Эътиборли томони айнан Конституциямизга таянган ҳолда Ҳаракатлар стратегиясининг мантиқий давоми бўлган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини қабул қилдик. Тараққиёт стратегиясида белгилаб берилган 100 та мақсадлар доирасида Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича кенг кўламли ислоҳотларни бошладик.

Жумладан, тараққиёт стратегиясининг мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш йўналиши доирасида ҳам қонун устуворлиги ва конституциявий қонунийликни таъминлаш ҳамда инсон қадрини ушбу жараённинг бош мезони сифатида белгилашга қартилган бир қатор мақсад ва вазифалар белгилаб олинган.

Хусусан, мулкий ҳуқуқларнинг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда давлат органларининг мулкий муносабатларга ноқонуний аралашувини чеклаш, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда судлар тизимида “ягона дарча” тамойилини кенг жорий этиш мақсадида аризаларни судга тааллуқлилигидан қатъий назар қабул қилиш ва ваколатли судга юбориш ҳамда муайян иш доирасида барча ҳуқуқий оқибатларни ҳал қилишни таъминлаш тизимини жорий этиш шулар жумласидандир.

Ушбу мақсадларнинг соҳага ва ҳаётимизга тадбиқ этилиши нафақат инсон қадрини янада юксалтиришга шу билан бирга, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашда судьялар ҳамжамияти органларининг ролини ошириш, судьяларнинг ўзини ўзи бошқариш тамойилини кенг жорий этиш ҳамда судьяларга ғайриқонуний тарзда таъсир ўтказишнинг олдини олиш бўйича бошланган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, бу каби барча соҳада кўзланган мақсадларимизга эришишимизда Конституциямизда белгилаб берилган нормалар муҳим аҳамият касб этади. Айнан шу сабабли Бош қонунимизни чуқур ўрганиш, англаш, ҳаётга жорий этиш ва унга сўзсиз амал қилиш – барчамизнинг шарафли бурчимиз саналади. 

 

Олтиной МАМИРОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+