Аёл китоб ўқияптими - юрт тақдирига дахлдорликни ҳис этаяпти

04.05.2021 15:05:18

Қарши шаҳридаги Ёшлар маркази тадбиргоҳида Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят ва Қарши шаҳар Кенгаши, вилоят Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир давлат сиёсатининг  устувор вазифалари” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда маҳаллий Кенгаш депутатлари, хотин-қизлар, ёшлар, тиббиёт ходимлари, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Муҳтарам Президентимиз бошчилигида хотин-қизлар ва ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, имтиёзли кредитлар ажратиш, илм олиш ҳамда яхши яшаши учун арзон уй-жой билан таъминлаш борасида тинмай ғамхўрлик кўрсатиб келиняпти.

Бугун бўлиб ўтган давра суҳбатида ҳам шулар хусусида сўз юритилди.
Ёш қизларни умуминсоний ва миллий қадриятлар, ватанпарварлик руҳида, юксак одоб – аҳлоқ тамойиллари асосида тарбиялаш, уларнинг онги ва қалбини маънавий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, хотин-қизларнинг бугунги эзгу ислоҳотлар ва  долзарб муаммоларга фаол муносабатини шакллантириш лозимлиги эътироф этилди. Иштирокчилар хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган халқаро Конвенциялар, Ўзбекистон Республикасида қабул қилинган қонунлар ва тегишли ҳуқуқий меъёрий ҳужжатлар билан таништирилди.

-Оила жамият  ҳаётида жуда муҳим роль ўйнайди,- деди тадбирда халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши депутати Чамангул Муҳаммадиева.
-Оила мустаҳкам бўлса, жамиятда барқарорлик ҳукм суради. Ҳар бир оила мустаҳкам бўлишида эса хотин-қизлар ҳуқуқий саводхон бўлиши лозим. Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши томонидан биргина апрель ойининг ўзида хотин-қизлар ўртасида 16 та ҳудди шу мавзуда тадбирлар ташкил этдик. Самимий мулоқот асосида ўтказилган давра суҳбатида хотин-қизлар муаммолари ҳал этилди. 50 нафар ёш қизлар бандлиги таъминланди, 30 нафар аёлга эса кредит олишга кўмаклашилди. Шунингдек ота-она ва фарзанд ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, ҳар қайси оиладаги соғлом ва носоғлом маънавий муҳитнинг ёш қизлар онгига таъсири, қизларнинг кийиниш ва тиббий маданиятини ошириш, интернетнинг хотин-қизлар ҳаётида тутган ўрни, одам савдоси  ва унинг оқибатлари ҳақида ҳам тушунтиришлар бериб бораяпмиз.

Хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир давлат сиёсатини амалга оширишда тарғибот-ташвиқотнинг роли жуда катта. Давра суҳбатида сўзга чиққан ҳуқуқшунос Дилрабо Чориева, Ёшлар парламенти аъзоси Мадина Аллабердиева, “Аёллар қаноти” раиси  Азима Зайниддинова, халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши  депутати Ҳусниддин Бердимуродов ва бошқалар таъкидлаганидек, хотин-қизларни китобга ошно этиш, спортга йўналтириш ҳам қизларимизнинг соғлом бўлиши, баркамол авлод дунёга келиши кафолати эканлиги қайд этилди.

Давра суҳбати якунида хотин-қизлар тарбияси, улар  учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар келажакда ҳам изчил давом этиши алоҳида таъкидлаб ўтилди.

 

 Адҳам САЙНИЯЗОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Қарши шаҳар Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+