Аёлга зўравонлик учун қонуний чоралар кучайтирилиши лозим

20.10.2022 17:10:27

Ижтимоий тармоқлар ва веб-сайтларда Тошкентда умр йўлдошини 7 йилдан бери мунтазам ва аёвсиз калтаклаб келгани айтилаётган эркак қамоққа олингани ҳақида ёзилди.


Афсуски, бу воқеа биринчиси ва охиргиси ҳам эмас. Статистик маълумотларга кўра Ўзбекистонда ҳар тўртинчи аёл калтак ейди. Жамиятда аёлнинг ролини ошириш, унга қулайликлар яратиш ҳақида гапирганимиз билан, аёллар оилавий зўравонликка дуч келишда, бунга чидаб яшашда давом этмоқда.

Бу ҳақда жамоатчилик бонг урмоқда!
Жамиятдан, расмийлардан, тегишли органлардан, қонунлардан аёлни зўравонликдан ҳимоя қилишни сўрамоқда.

Бунинг учун, аввало, оилавий зўравонлик учун жазо чораларини кучайтириш, аҳолини бундай ҳолатлар юз берганда тегишли органларга хабар бериш ҳақида хабардорлигини ошириш зарур.
Ўзбекистон қонунчилигига киритилган "Ҳимоя ордери" ҳақида кенгроқ ахборот бериш керак.

Юқоридаги воқеалар нафақат хотинини урган эркакнинг жинояти, балки ушбу жиноятни яширишга уринган, тил бириктирган органлар жинояти ҳамдир. Улар фаолияти кўриб чиқилиб, ходимлар қонунда белгиланган жавобгарликка тортилиши керак.

Умуман олганда, яшаш имконсиз шароитда яшашга мажбур қилишнинг ўзи ҳам жиноят деб қаралмоғи керак. Нима учун инсон ҳаёти учун хавфли шароитда яшаши керак. Расмийларимиз ажрим сони кўпайишидан қўрқиб,(нега шу статистика муҳим, ҳайронман) аёлларни чидаб бўлмас шароитларда қолишга ундашади, ота-оналар ҳам кўпинча шундай. Ажримдан қўрқиш эмас, унга ҳам никоҳ каби оддий қараш керак.

Шу даражада бир-биримизга нисбатан бефарқмизми, 7 йил давомида муттасил калтакланган синглимизни ҳимоя қиладиган қондош ёки қўни-қўшни, маҳалла посбони топилмадимикан?

Зўравонликни кўриб туриб, кўрмасликка олганларни ҳам зўравон билан бирдек жазолаш керакмикан, балки? “Ҳимоя ордери” ни бериб қутулиш билан иш битмайди.

Керак бўлса, қонунчилигимизга зўравонликка гувоҳ бўлиб, тегишли органларга бу ҳақида берадиган маълумотини жабрдийдадан олинган ариза сифатида қабул қилинишини назарда тутувчи ўзгартишлар киритилса ҳам йўқ демасдим.

Агар мана шундай ҳолатлар учун қонунлардаги жазо чораларини енгиллатаверсак, аёли эъзозланмаган жамият чоҳга қулаб бораверади.

 

Гулбаҳор Саидғаниева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

"Адолат" СДП фракция аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+