Аёллар ҳуқуқларини таъминлаш йўлида

23.02.2021 23:02:18

Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясидаги нутқи, унда илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар кўп жиҳатдан жуда муҳим аҳамиятга эгадир. Ўзбекистоннинг ушбу Кенгаш аъзоси сифатида биринчи марта иштирок этиши ҳам мазкур нутққа барчанинг эътибори ошишига сабаб бўлди. Кейинги тўрт йилда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласида бутунлай янгича тизим яратилганлиги, Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида қайд этганидек, “Инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш Ўзбекистондаги ислоҳотларда энг муҳим ўрин тутиши мамлакатимизнинг ушбу Кенгашга ҳаққоний аъзо сифатида сайланишига мустаҳкам замин яратди”.

Давлатимиз раҳбарининг маърузасини диққат-эътибор билан тингладим. Президентимизнинг мазкур анжумандаги иштироки мамлакатимиз учун алоҳида аҳамият касб этади. Биринчидан, инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашга мамлакатимиз биринчи марта аъзо сифатида қатнашяпти.  Иккинчидан, тарихимизда биринчи марта Ўзбекистон Президенти Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича юксак халқаро минбардан сўзга чиқди. Бу чиқиш раҳбаримизнинг Инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича юксак сиёсий иродасидан дарак беради. Шунингдек, Президентимиз ўз нутқини ўзбек тилида баён этганлиги бизнинг она тилимиз халқаро минбарлардан туриб баланд янграётганлиги қалбимизда ғурур, фахр, ифтихор туйғусини уйғотади.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида қатор масалаларга тўхталиб ўтдилар. Мазкур масалалардан бири гендер тенглиги масаласидир. Бу борада мамлакатимизда мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратилганлигини таъкидлаш жоиз. Барча соҳаларда хотин-қизларнинг манфаатларини таъминлаш юзасидан қатор амалий ишлар қилинмоқда. Бу йўналишдаги ишларимиз Халқаро миқёсда ҳам муносиб тан олинмоқда. Хусусан, Ўзбекистон тажрибаси бошқа давлатлар учун ҳам намуна бўлишини таъкидлаб ўтиш керак. Жорий 2021 йилда Марказий Осиё мамлакатларининг етакчи аёллари мулоқотига раислик қилишининг Ўзбекистонга топширилиши ҳам мамлакатимиздаги гендер тенглиги сиёсатининг тўғри йўналишлар асосида олиб борилаётганлигини ижобий баҳолайди.

Мамлакатимиз раҳбари гендер сиёсати масалалари борасида мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва ишбилармонлик соҳасида аёлларнинг ролини тубдан оширишга қаратилган ишлар қатъий давом эттирилиши, жорий йилда Ўзбекистонда Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёлларининг мулоқоти ва хотин-қизларнинг минтақавий бизнес-форумини ўтказиш режалаштирилаётганини қайд этди.

Нутқни тинглар эканман, партия вилоят Кенгашимизнинг Аёллар қаноти томонидан олиб борилаётган ишларни янада юқори босқичга кўтариш учун муҳим лойиҳалар, устувор вазифалар ҳали олдимизда кўп эканлигини, жон-жаҳдимиз билан ишлашимиз, фаоллик кўрсатишимиз зарурлигини англадим. Бу борада бир қатор лойиҳалар ишлаб чиқишни мақсад қилдим. Масалан, хотин-қизларнинг давлат ва жамият фаолиятидаги иштирокини кенгайтириш мақсадида улар учун сиёсий ўқувлар, тадбирлар, иш билан таъминлаш бўйича лойиҳалар ташкил этишимиз зарур. Бу борада фаолликни янада кучайтиришимизни замоннинг ўзи талаб қилмоқда.

Мухтасар айтганда, Президентимизнинг юксак минбардан туриб, сўзлаган оташин нутқи нафақат бизнинг, балки дунё халқлари  ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларга куч бағишлайди.

Назокат ХИДИРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят “Аёллар қаноти” Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+