Аёллар саломатлигини асраш устувор вазифа

13.02.2020 14:02:03

Аёллар саломатлигига бўлган эътибор – жамиятнинг муҳим бўғини экан, Ўзбекистон “Адолат” СДП айни мана шу масалага алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Партиянинг бир қатор лойиҳалари доирасида ташкил этиб келинаётган акциялар, тарғибот тадбирлари, семинарлар давомида ёш қизларни ҳаётга, келинларни оналикка тайёрлаш, қайнона ва келин муносабатларини мустаҳкамлаш, оилада аёлнинг ўрни ва уларнинг репродуктив саломатлигига эътибор қаратиш тўғрисида мутахассислар билан суҳбатлар олиб борилган ҳамда тиббий кўриклар ташкил этилган. Худди шундай мазмундаги навбатдаги семинар “Хотин-қизларнинг саломатлигини мустаҳкамлашда тиббиётнинг ўрни” мавзуси остида партиянинг 25 йиллиги муносабати билан Шофиркон туман Кенгаши “Аёллар қаноти” ташаббуси билан тумандаги “Кўришкент” МФЙда бўлиб ўтди. Унда партия ходимлари, депутатлар, мутахассислар ҳамда маҳалла аёллари ва ҳуддудаги 14-сон умумтаълим мактаби ўқитувчилари иштирок этишди. Тадбирдан мақсад оила ва жамиятда аёлнинг ўрнини мустаҳкамлаш баробарида саломатлигига ҳам эътибор қаратиш ҳамда самарали тиббий кўрикларни ташкил этишдан иборат бўлди.

Семинарда сўзга чиққан Халқ депутатлари Шофиркон туман Кенгаши депутати, 50-қишлоқ оилавий поликлиникаси шифокори Назира Раҳматова хотин-қизлар ўз саломатлигини мустаҳкамлашда эътиборли бўлиши, мунтазам равишда тиббий кўриклардан ўтиб бориши лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, ҳар бир оилавий поликлиникаларда хотин-қизлар саломатлигини назорат қилиш, касалликларни эрта аниқлаш, уларга ташхис қўйиш мақсадида “Аёллар маслаҳатхоналари”нинг ташкил этилганлиги, қишлоқ оилавий поликлиникаларида ҳам бу борада амалий ишлар олиб борилаётганлигини айтиб ўтди.

Туман хотин-қизлар қўмитаси мутахассиси Фазолат Ўринова ўз сўзини “Соғлом онадан соғлом бола туғилади” деган ҳикмат билан бошлар экан, аввало, ҳар бир аёл саломатлигига вақтида эътибор қаратиши, оилада унинг мустаҳкам ўрни, ҳар қандай салбий иллатларга қарши курашиши, фарзанд тарбиясига бўлган қарашларини доимо шакллантириб бориши лозимлигини қайд этди.

Тадбир давомида шунингдек, жойларда хотин-қизлар ўртасида тиббий саводхонликни ошириш, нафақат аёлнинг ўзи, балки оила аъзолари билан бирга вақтда тиббий кўриклардан ўтиш, соғлом турмуш тарзига риоя этган ҳолда фарзандлар тарбиясида ҳам шунга амал қилиши энг муҳим омиллардан эканлиги эътироф этилди.

Фикр-мулоҳазалар, таклиф ва тавсияларга бўй бўлган семинар хотин-қизларнинг сиёсий саводхонлигини ошириш билан бир қаторда тиббий маданиятини ҳам шакллантирди.

Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+