Аёллар саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам

07.03.2022 10:03:11

Инсоннинг энг катта бойлиги бу албатта, унинг соғлигидир. Шу боис, кейинги йилларда юртимизда аҳолининг саломатлигини яхшилаш ва мустаҳкамлаш борасида катта ишлар қилинмоқда. Айниқса, хотин-қизлар соғлигига қайғуриш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Мамлакатимизда бу борада қатор вазифалар ва чора-тадбирлар белгиланиб, йилдан-йилга аёлларга тиббий хизмат кўрсатиш сифати яхшиланмоқда, ажратиладиган маблағлар ҳам сезиларли оширилмоқда.

Аёллар саломатлиги жамият бойлиги ҳисобланар экан, демак туғилган кунидан бошлаб қизларнинг соғлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш йўлида глобал ва маҳаллий миқёсда доимий кўмак ва имкониятлар берилиши табиийдир. Сўнгги йилларда мамлакатимизда фертил ёшидаги аёлларнинг соғлигини тиклаш мақсадида бепул дори ва витаминлар билан таъминланиши йўлга қўйилди. 2021 йилда ушбу вазифаларни бажариш учун 30 миллиард сўм ишлатилганлиги, 2022 йил давомида туғиш ёшидаги, ҳомиладор ва бола парваришидаги аёлларни дори ва витаминлар билан таъминлаш учун 100 миллиард сўм ажратилиши аёллар саломатлигига яна бир муҳим қадамдир.

Касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олиш маъқуллиги ҳеч кимга сир эмас. Шунинг учун, давлатимиз раҳбарининг кўрсатмасига асосан, 9-12 ёшдаги ўсмир қизларни одам папилломаси вирусига қарши эмлаш ва бошқа турдаги вакциналари учун 2022 йилда 200 миллиард сўм ажратилганлиги тўғрисида хушхабар халқимиз томонидан олқишланди, десак муболаға бўлмайди. Ундан ташқари, 3 миллион нафар хотин-қизларни онкологик скринингдан ўтказишни ташкил этиш ва бу тадбирлар учун давлат бюджетидан 40 миллиард сўм ажратиш белгиланди. Ҳеч шубҳасиз, давлатимизнинг аёллар ўртасида касалликлар профилактикаси бўйича тизимли ва давомли тадбирлари ўз натижасини беради.

Барча инсон иссиқ жон экан, касалликларга чалинган аёлларимиз борлиги ва улар ғамхўрликка ҳамда ёрдамга муҳтожлиги айни ҳақиқат. Аёллар ва болалар соғлиги, уни тиклаш билан боғлиқ масалалар депутатларнинг сайловчилар билан учрашувлар вақтида ҳам тез-тез кўтарилиши ушбу муаммонинг жиддийлигини кўрсатмоқда. Албатта, аёлларнинг саломатлигини тиклаш бўйича мамлакатимизда аниқ тадбирлар амалга оширилган. Масалан, 2021 йилда 1 153 нафар аёлга юқори технологик тиббий операциялар бепул ўтказилган. Лекин, бемор аёллар кўплиги инобатга олиниб, 2022 йилда ушбу кўрсаткич 5 бароварга оширилди. Яъни, жорий йилда 6 минг нафар аёлларга юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш учун 100 миллиард сўм йўналтирилиши белгиланди. Республика бўйича 10 мингдан зиёд ногиронлиги бўлган аёллар реабилитация воситалари билан таъминланадиган бўлди. Асосий мақсад, аёл беморларга ғамхўрлик кўрсатиб, уларнинг соғлигини тиклаб, жамиятимизнинг фаол аъзоси сифатида мавқеини сақлаб қолишдир.

Яқинда Президентимиз раислигида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими ҳамда уларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш масалалари бўйича ўтказилган видеоселекторда туғруқ комплекслар ва туман перинатал марказларнинг таъмири бўйича амалий ишлар белгиланиши ҳам аҳоли томонидан мамнуният билан кутиб олинди. Жумладан, 2022-2025 йилларда 207 та туғруқ комплекси ва 46 та туманлараро перинатал маркази тўлиқ таъмирланиб, замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланади. Демак, ушбу оғриқли нуқта ҳам босқичма-босқич бартараф этилади.

Айрим инсонлар билан суҳбатлашганингизда, мамлакатимизда бўлаётган янгиликлар билан ўртоқлашмоқчи бўлсангиз, норозилик кайфияти борлигини сезасиз. Нима учун бу ундай эмас, нима учун у бошқача...

Тўғри, йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар кўп, уларни баратараф этиш учун эса вақт ва маблағ керак. Шундай экан, биздан сабр ва ижтимоий фаоллик талаб қилинади. Пировардида, аста-секинлик билан, режага асосан барча муаммолар ечимини топиши даркор. Ушбу фикрнинг яққол далили сифатида аёллар билан боғлиқ муаммоларнинг, айниқса хотин-қизларнинг саломатлиги билан боғлиқ масалаларнинг қадамма-қадам ечим топаётганлигини келтиришимиз мумкин.

Дарҳақиқат, аёллар соғлом бўлса, жамиятимиз соғлом бўлади. жамиятимиз соғломлиги эса фаровон ҳаётга, ёрқин келажакка муҳим биринчи қадамдир. Ушбу қадамимиз доим дадил ва шаҳдам бўлсин!

 

Нодира ЖОНИБЕКОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+