Аёллари қадрланган юрт тараққий этади

17.01.2022 11:01:57

Ҳар қандай жамиятнинг аёллари оқила, билимли, зукко бўлса шу мамлакат тараққий этади. Бугунги кун аёли бир вақтнинг ўзида ҳам она, ҳам рафиқа, ҳам қайсидир соҳанинг жонкуяр вакили. Бу албатта, аёлга ҳам масъулият ҳам рағбат бериш билан биргаликда уни шарафлайди. 

Бугун давлатимиз олиб бораётган ислоҳотларда аёлларга нисбатан ғамхўрлик нишонаси бўй чўзаётганлиги таҳсинга сазовор.

«Адолат» СДП ҳам «Инсон қадри учун» тамойили асосида олиб борилаётган айни даврдаги ишларга ҳурмат назари билан қараб, партия тизимида ҳам  «Аёллар қаноти» жамоаларида хотин-қизлар манфаатларини кўзлаган ҳолда самарали фаолият олиб бормоқда.

Жумладан, жорий йилнинг 8 январь куни партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппаратининг Аёллар ва ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш бошқармаси томонидан ўтказилган онлайн конференцияга Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Республика марказининг етакчи раҳбарлари, соҳа мутахассислари, ҳамда мамлакатимиз бўйлаб партиянинг барча фаол хотин-қизлари жалб этилди. 

Мазкур тадбирларда хотин-қизларимиз учун зарур билим ва тушунчаларинг берилиши албатта, юртимизда кечаётган ислоҳотлар жараёнининг тезлашишига хизмат қилиши, шубҳасиз.

Шунингдек, тадбир давомида Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Республика маркази томонидан айни даврда олиб борилаётган амалий ишлар, хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилиш, унинг сабаб ва оқибатлари билан жиддий курашиш, ислоҳотлар моҳиятини ҳар бир оилагача олиб киришдек муҳим жараёнлар хусусида маълумотлар бериб ўтилди.

Айтиш жоизки, ушбу жараёнларда ҳукуматимиз томонидан ўтган йиллар давомида хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлашга оид чиқарилган қонун, қарор ва фармонлар муҳим аҳамиятга эга бўлаётганлиги алоҳида таъкидланди.

Шу билан бирга, статистик маълумотларга эътибор қаратадиган бўлсак, олдимизда ҳали қилинажак вазифалар талайгина. Аёлларга нисбатан жисмоний, руҳий, жинсий каби зўравонликларнинг содир этилаётганлиги бизни жиддий ташвишга солиши, ҳар дам олдимизга қўйилган мақсадимиз йўлида собитқадамлик билан иш олиб боришимиз кераклигини англатади. 

Сир эмаски, бугун оилаларда қайнона-келин, келин-куёв, келин-қайнсингил, келин-қайниука кабилар ўртасидаги муносабатларда турли низолар келиб чиқиб, арзимаган сабаб билан қанчадан қанча оилалар бузилиб кетмоқда. 

Ўзбек жамиятида неча йиллардан бери ҳукм суриб келаётган, оиладаги анъана деб аталаётган, аслида иллат бўлган баъзи жиҳатларга кўз юмиб қарамаслигимиз даркор. Керак бўлса, ана шу иллатларни барҳам топтириш учун қаттиқ курашишимиз керак. Хоҳ у сиёсий жабҳада, хоҳ оддий кундалик турмушда бўлсин курашга бел бойлаш шарт ва муҳим. 

Биз ана шундай одатларга ўралашиб қолаверсак, иллатларнинг янада бўй кўрсатишига замин яратсак, мамлакатимизнинг тараққиёти йўлида амалга ошираётган ислоҳотларимизнинг пойига болта уришимиз ҳеч гап эмас. 

Шунинг учун бугун ҳар бир аёл-қизнинг ҳақ-ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаш унинг эртанги кунимизни белгилаб берувчи муҳим омилдир ва албатта, ушбу амалиётни биринчи навбатда оиладан бошлаш зарур.

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

«Адолат» СДП Тошкент шаҳар Кенгаши матбуот котиби

         

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+