Беш ташаббус доирасида ижодий онлайн учрашув

24.01.2022 17:01:03

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида «Адолат» СДП Тошкент шаҳар Кенгаши билан ҳамкорликда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, эл ардоғидаги шоир Бобур Бобомурод билан онлайн ижодий учрашув ўтказилди.  Учрашувда шоир Бобур Бобомурод томонидан шеъриятнинг инсон руҳиятига таъсири, шоирлик – илоҳий қисмат эканлиги ҳамда унинг машаққат ва масъулиятлари тўғрисида дилдан суҳбат ўтказилди.

         Тадбир иштирокчилари шоирга талабалик йилларининг гўзал хотиралари, «Омонат дунёда омон бўлайлик» шеърининг дунёга келиши, ижодкорлик масъулияти, шоирнинг биринчи устози, буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг шоир ҳаётида тутган ўрни тўғрисида берган саволларига атрофлича жавоб олишди. Шунингдек, тадбирда эстрада хонандаси Шухрат Дарё жонли ижро этган қўшиқлари ўзгача кайфият бахш этди. Талаба-ёшлар томонидан шоир ижодидан намуналар ижро этилди.

         Тадбир сўнгида Бобур Бобомурод университет раҳбарияти ва талаба -ёшларга ўз миннатдорчилигини билдирди. Шоирнинг «Кутубхона бўлмаса бу кўчадан кўчамиз» шеъри ижроси билан тадбир якунланди. Қизиқарли баҳс-мунозараларга бой ўтказилган онлайн маърифий тадбир талабалар хотирасида гўзал эсдалик сифатида муҳрланиб қолди. Бу каби китобхонлик тадбирлари талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишда муҳим аҳамият касб этади.

 

Кўчамизга қараймиз,

Катта бизнинг кўчамиз.

Турфа эшиклар қатор,

Қайси бирин очамиз?!

 

Қадамда шаробхона,

Оралаб кабобхона.

Лек, афсус, топилмайди -

Битта ҳам китобхона.

 

Бор ҳоким - жанобхона,

Ҳам қози - жавобхона.

Учрамайди, лек, аттанг,

Бир китоб - савобхона.

 

Дорихона ҳам бисёр,

Гўё бутун эл бемор.

Қалбга шифо бўлгучи -

Кутубхона йўқ бекор.

 

Маърифат тутиб, хона,

Дардларин ютиб, хона.

Туради кутубхона -

Интизор, кутиб хона...

 

Кўчамизга қараймиз,

Шуми бизнинг кўчамиз?

Кутубхона бўлмаса -

Бу кўчадан кўчамиз!

 

 

Дилором АДИЛОВА,

Тошкент шаҳар Кенгаши

“Аёллар қаноти” фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+