Депутатимиз  “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли» бўлди

06.01.2022 11:01:54

Мустақил тараққиёт ва ривожланиш йўлидан дадил одимлаётган мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат, эркин фуқаролик жамият қуриш жараёнлари юз бераётган бир даврда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилишга йўналтирилган ислоҳотларга алоҳида урғу берилаётганлиги эътирофга лойиқдир. Таъкидлаш жоизки, бугун жамият ҳаётининг барча жабҳаларида фаол иштирок этаётган аёлларимиз ҳудудларда ечимини кутаётган масалаларга синчков назар ташлаб, ҳаётий тажрибаларини ишга солиб, ибратли ишларни амалга оширишмоқда.

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳидаги фаол аёлларимиздан бири Малика Аманова ҳам шундай халқпарварларимиздан биридир. У халқнинг оғирини енгил қилиб, ўз ташаббускорлиги билан обрў-эътибор қозонган фаол депутат аёлларимиздан ҳисобланади. У партиянинг «Муаммо билан юзма юз», “Адолат – қонун устуворлигида” лойиҳалари доирасида бир қанча муаммоларни ҳал қилиш асносида ўз сайловчиларининг ишончини қозониб келмоқда.

Хусусан, яқинда ҳам депутатимиз Термиз шаҳридаги “Тупроққўрғон” МФЙ ҳудудида жойлашган хонадонларга ташриф буюриб, ушбу ҳудуддаги аҳоли билан мулоқот ўрнатиб бир қанча муаммоларни тегишли тартибда ҳал этиб, ўз устида тинмай ишлаб келмоқда.

Депутатимиз билан ўтказилган учрашувлардан бирида фуқаролардан чиқинди ва коммунал соҳа билан боғлиқ муаммолар юзасидан мурожаатлар билдирилганди. Бугун мазкур мурожаатларнинг аксарияти жойида ҳал этилиб, қолганлари бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олиниб, амалий ишлар қилинмоқда.

Шунингдек, мулоқотлар жараёнида Термиз шаҳри “Тупроққўрғон” МФЙда “Аёллар дафтари”да рўйхатда турувчи Дилором Эргашева мурожаат қилиб, соғлиғи йўқлиги сабабли даволаниши зарурлигини айтиб, унга амалий ёрдам беришларини сўраган эди. Ушбу мурожаат бўйича депутатимиз фуқарони шифохонага ётқизиш чораларини кўрди ва даволаниши учун дори-дармон воситалари билан таъминланиши ва ижроси ишчи гуруҳ томонидан назоратга олинадиган бўлди.

Шунингдек, ўрганишлар асносида  “Тупроққўрғон” маҳалласида боқувчисини йўқотган  7 нафар фарзанди билан ижарада яшаётган аёл  аниқланиб,  “Тупроққўрғон” МФЙ фаолларига хабар берилди  ва  депутатимиз томонидан аёлга моддий кўмак сифатида озиқ-овқат  маҳсулотлари етказилди.

Хусусан, партия Термиз шаҳар Кенгаши “Аёллар қаноти”  қатор партиявий лойиҳалар орқали хотин-қизларнинг ўз бизнесларини йўлга қўйиши, иш билан бандлигини таъминлаш, тажрибали ишбилармон аёллар кўмагида бепул касб-ҳунарларга ўқитиш, мунтазам бепул тиббий кўрикларнинг ташкил қилишда амалий натижаларни кўрсатиб келмоқда. Депутатимиз партия Термиз шаҳар Кенгаши “Аёллар қаноти” Кенгаши раиси сифатида партия Термиз шаҳар Кенгаши ҳамда Термиз шаҳар Кўп тармоқли марказий поликлиникаси билан ҳамкорликда Термиз шаҳридаги Сурхон спорт мажмуаси гимнастикачи ўқувчиларининг чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилишини ташкил этишда фаол иштирок этди..

"Давлатимиз раҳбари айтганидек, “Депутат бўлиш, халқ ишончини қозониш ва уни муносиб равишда оқлаш – бу осон эмас. Бундай шараф ҳар кимга ҳам насиб этмайди. Депутат – фикри зикри билан халққа энг яқин одам, доимо эл-юртнинг ташвиш ва муаммолари билан яшайдиган, катта билим ва тажрибага эга бўлган шахс”,- дейди депутат Малика Аманова. - Халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини ҳал этиш бугунги кунимизнинг долзарб вазифаларидан бирига айланди. Қолаверса, бу жараён ҳар биримизга алоҳида масъулият юклайди, халқ дарди билан яшаш, муаммоларига ечим излашга ундайди.

Ҳа, том маънода бугун аёллар демократик жараёнларнинг кузатувчиси эмас, фаол ва ташаббускор иштирокчисига айланмоқда. Депутатимиз ҳам фаол аёллар сафида туриб, аҳоли манфаатларини ўйлаб, таклиф, муаммо ва мурожаатларини тинглаб, шу асосда иш олиб бораётганлиги таҳсинларга сазовор.

Қувонарлиси шундаки, «Адолат» социал-демократик партияси томонидан 2021 йил якуни бўйича партия тизимида фаоллик кўрсатган хотин-қизларни аниқлаш мақсадида «Йилнинг энг фаол адолатчи аёли» номинацияси бўйича ўтказилган сўровномада Халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгаши депутати Малика Аманованинг фаолияти эътироф этилиб партия Сиёсий Кенгашининг дипломи билан тақдирланди.

Биз жонкуяр ва фидоий депутатимизни ғолиблик билан қутлаймиз ва келгусидаги фаолиятига улкан муваффақиятлар тилаймиз!

Гулшод Турсоатова,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+