Ғамхўрлик ифодаси

01.03.2021 10:03:44

Кечагина давлат раҳбари томонидан ўтказилган йиғилишда боқувчисини йўқотган, ёлғиз она қарамоғидаги қизларни уй-жой билан таъминлаш мақсадида ҳар бир вилоят учун алоҳида пул маблағлари ажратилаётганлигини эшитиб қалбим жунбушга келди. Ўттизга ҳам етмай икки ёш қиз гўдаги билан турмуш ўртоғидан айрилган муштипар онам кўз олдимга келди. Отамдан кейин тоғаларим хашар йўли билан қуриб берган, чала битган уйда қизларини вояга етказган, қўлида хатто Тошкентга ўқишга юбориш учун йўл хақига пул топиб бера олмаса ҳам уларни яхши ўқишга ундай олган, пировардида иккаласини ҳам олий маълумотли қила олган мунисамга таъзим қилдим.

“Она нимага бизни уй энг хунук уй? Бу ерга ўртоқларимни олиб келгани уяламан” дейдиган биз учун таскин бера олган онамга ачиндим. Ўша пайт қийналганимиздан ойлаб гўшт кўрмаганимизни, гўшт соғлиқ учун зарарли деб хисоблаб, вояга етган сабримизга қойил қолдим. Катта бўлсам, уйимизни чала қисмини битказаман, чиройли уйларда яшайман, деб умид қилганимни, лекин шу етишмовчилик ичида ўртоқларим олдида доим кийимларим, буюмларим чиройли, бежирим бўлмаганлиги учун бахтли болалик, ёшлик сурурини ҳис эта олмаган йилларимиз учун ўзим ва синглимга раҳмим келди.

Давлат раҳбарининг айнан мен каби ўксик қалбли қизларнинг дилининг энг тубидаги азалий орзу умидларини кўра олганлиги учун чексиз миннатдорлик ҳиссини туйдим. Энди мендек етим ўсган қизларнинг бахтли болалиги бўлишини, улар бошида давлат ғамхўр бўлиб турганлигини ҳис этиб улғайишини ҳис этдим. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ҳам уларнинг энг севимли уйлари етимлар ўсаётган уй эканлигини айтганлиги, муқаддас хадисларда зикр этилган.

Тақдир хукми ила отасиз қолган қизларим, энди ўксишга хаққингиз йўқ, чунки Сизларни бошингизни силагувчи қўллар бор, меҳрибон давлатимиз бор.

Олтиной МАМИРОВА,

Олий Мажлис

Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+