Ҳалол меҳнат инсонни юксалтиради

05.01.2022 20:01:39

Инсон қадри унга кўрсатилган иззат-икром, ҳурмат-эътибор ва меҳр билан сарбаланд. Тинч ва хотиржам юртдаги осойишта ҳаёт, инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган эзгу амаллар билан у янада теран мазмун касб этади. Зеро, озод ва обод, гўзал ва бетакрор Ўзбекистонимизнинг равнақи, саодати, эркин ва фаровон турмушимиз замирида азизу мукаррам бўлган аёлларимизнинг фидойи меҳнати беқиёс ва у чинакам эъзозга лойиқдир.

Аёлни эъзозлаш, унга эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос олижаноб фазилатлардандир. Юртимизда хотин-қизларнинг манфаатларини таъминлашга, уларнинг жамиятдаги мавқейини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

«Адолат» социал-демократик партияси ҳам ўз Сайловолди дастурида бу борада олиб борилаётган давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаган ҳолда, мамлакатимизнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётида хотин-қизларнинг тўлиқ ва тенг иштирокини таъминлаш, хотин-қизларнинг давлат органларининг барча бўғинларида қарор қабул қилиш жараёнидаги иштирокини кафолатлашга қаратилган устувор вазифаларни белгилаб олган. Аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларда етакчилик сифатларини ривожлантириш, ташаббусларини рағбатлантириш ва бир қатор мақсадли вазифаларни амалга оширилиши натижасида, бугунги кунга келиб партия вилоят Кенгаши таркибида 27003 нафардан ортиқ хотин-қизлар жамланган бўлиб, улар партия дастури ва уставида аёллар масаласида белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш билан биргаликда «Аёллар қаноти»га таянч бўлишмоқда.

Ижтимоий-иқтисодий, сиёсий жараёнларда фаол иштирок этиб, хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқейини юксалтириш борасида амалга оширилаётган улкан ишлар самарасида аёллар барча жабҳада ҳавас қилса арзигулик натижаларга эришмоқда. Ана шундай эъзозга лойиқ аёллардан бири партия вилоят Кенгаши раиси Муҳиба Бобобековадир. Умумий иш стажи - 40 йил. Таълим тизимида - 21 йил. «Адолат» СДП тизимида - 9 йил. Эгаллаб турган лавозимида – 2016 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда.

Бобобекова Муҳиба Қиличовна «Адолат» социал-демократик партияси томонидан 2021 йил якуни бўйича партия тизимида фаоллик кўрсатган хотин-қизларни аниқлаш мақсадида ташкил этилган «Йилнинг энг фаол адолатчи аёли» номинацияси бўйича ўтказилган сўровномада ғолиб деб топилиб, партия Сиёсий Кенгашининг дипломи билан тақдирланди. Бундан аввал ҳам Муҳиба Қиличовна ўзининг фаоллиги, ташаббускорлиги натижасида партия Марказий Кенгашининг кўплаб ташаккурнома, дипломлари ҳамда «Адолат» кўкрак нишони билан тақдирланган.

Муҳиба Бабабекова партия сафидаги фаолияти даврида барча поғоналарни ўтаб, шаҳар партия Кенгаши раислигидан то вилоят партия Кенгаши раислиги вазифаларида фаолият юритишга эришди. Аҳоли ўртасида ўзининг фаоллиги, серғайратлилиги, ҳаракатчанлиги туфайли Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутатлигига сайланган. Депутат сифатида мамлакатимиз сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий ҳаётидаги янгилик ва ўзгаришлар моҳияти ва аҳамиятини халқимиз орасида кенг тарғиб этмоқда. Сайлов округида ечимини кутаётган масалаларга тезкорлик билан ечим топишда ҳамиша фаол.

Раҳбар сифатида доно ва узоқни кўра олган иш бошқарувчи. Партия фаоллари ва депутатларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ҳаётга татбиқ этиш, бюджет даромадлар базасини ошириш, янги иш ўринлари яратиш юзасидан фикр-мулоҳазалари асосида кўриб чиқилган масалалар бўйича депутатлик назоратини амалга ошириб, жамиятда адолатлилик ғояси, барчанинг қонун олдида тенглиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, «Адолат - қонун устуворлигида» тамойилини амалиётга янада кенг жорий этишда фаоллик кўрсатиб келмоқда. Ҳамиша ўзининг атрофидагиларга эътиборлилиги, ўзига ва ходимларига нисбатан ўта талабчанлиги билан ажралиб туради.

Ҳар бир бошлаган ишини, албатта, охирига етказади. Вилоятда партия етакчиси сифатида бир нечта долзарб масалаларни, жумладан, автомобиль йўлларини яхшилаш, ўқувчилар ўртасида ягона форма жорий этиш, умумтаълим ва мактабгача таълим муассасаларида тиббий хизмат сифати ҳамда самарадорлигини оширишга эришиш, фуқароларнинг меҳнат фаолиятларига доир архив ҳужжатларини вақтида топшириш ва уларнинг талаб даражасида сақланишини тартибга солиш масалаларини Халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиялари муҳокамасига киритилишига эришган. Аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламига, қариялар ва ногиронларга ёрдам кўрсатиш мақсадида доимий тарзда турли хайрия тадбирлари ташкил этишда ташаббус кўрсатиб келмоқда. Хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини ошириш мақсадида турли танлов ва тадбирлар ташкил этиб, уларни фаолликка ундайдиган ижодкор инсон.

Депутатлар фаолияти ва уларнинг ишларини режалаштириш борасида кўпгина услубий қўлланмалар чиқарган. Унинг ташаббуси билан биринчилардан бўлиб Самарқанд вилоятида ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтиришга қаратилган «Адолат маликаси» ва «Адолат ўғлонлари» танловлари мунтазам ўтказилиб келинмоқда.

«Юртимизда аёлларга яратиб берилаётган имкониятлар, имтиёзлар, қолаверса, уларнинг турмуш даражасини юксалтириш, уй-рўзғор юмушларини енгиллаштириш мақсадида қулай ижтимоий-маиший шароитлар яратилмоқда. «Ҳаракатда баракат» дейди халқимиз. Озгина ҳаракат қилсак, ҳалол меҳнатимиз орқасидан турмушимиз фаровонлигига, фарзандларимиз баркамол бўлиб вояга етишишига, юртимизнинг янада равнақ топишига ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз. Маҳаллаларда, олийгоҳларда қайсики ташкилотда учрашувлар ташкил этмайлик хотин- қизлар билан ҳукуматимиз томонидан адолат, эркинлик, ҳуқуқ ва бурчларимизни таъминлаб, бизларга кўрсатилаётган эъзоз ва эҳтиром, ғамхўрликка жавобан ҳалол меҳнатимиз, жамиятдаги фаоллигимиз билан муносиб ҳисса қўшишимиз лозимлиги тўғрисида жуда кўп суҳбатлашаман.»- дейди Муҳиба опа.

Бир сўз билан айтганда, жамиятимизда юз бераётган ўзгариш ва янгиланишларга ҳамоҳанг равишда сафимизда Муҳиба опа каби салоҳиятли, дастурий ғояларни кенг тарғиб эта оладиган, ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлган хотин-қизларнинг борлиги фаолиятимизни янада юксалишига хизмат қилиши шубҳасиз. Зеро, тинч ва осойишта Ватанимизда яшаб, жамият ҳаётининг турли жабҳаларида фаолият юритаётган, ўзи ва фарзанди тақдирини мамлакат тақдири билан боғлайдиган ҳар бир аёл эъзозга лойиқдир. Биз партиянинг Самарқанд вилоят Кенгаши номидан Муҳиба Қиличовнани самимий муборакбод этамиз!

Лола Сайидова

«Адолат» СДП Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+