Халқ фаровонлигини таъминлаш - бугуннинг талаби

26.03.2021 15:03:58

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 24 март куни “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида жорий йилда амалга ошириладиган ишлар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Мазкур йиғилиш мамлакатимиз ҳаётида том маънода бурилиш бўлди десам, адашмайман.

Видеоселекторда Президентимиз томонидан ўтган қиш мавсумида йўл қўйилган камчиликлар, халқимиз эътирозига сабаб бўлган салбий ҳолатларнинг ҳар бири танқидий таҳлил қилинди. Бу йилги куз-қиш мавсумида барқарор газ ва узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш масаласи бўйича бир қатор режалар белгиланди. Шу бўйича белгиланган чора-тадбирларнинг ҳар бирини маҳаллага ҳар бир хонадонга кирган ҳолда ўрганиб барқарор кафолатланган табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.  Шу билан биргаликда тизимдаги шаффоф механизмлар, яъни ҳисоб-китобни йўлга қўйиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳам қўшимча топшириқлар белгиланиб, тизимнинг шаффофлиги ва коррупциянинг олдини олиш бўйича қилинадиган ишларни якунлаш бўйича вазифалар белгиланди. Бундан ташқари ички йўллар, йўлаклар, ижтимоий объектлар ва кўп қаватли уй-жойларнинг эксплуатация тизимини яхшилаш юзасидан топшириқлар берилди. Бу йилги “Обод маҳалла”, “Обод қишлоқ” Дастурида нафақат йўл қурилиши, балки айнан шу маҳаллаларда янги иш ўринларини яратиш,  “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”даги муаммоси бор фуқароларнинг барчасига амалий ечим топиш вазифаси белгиланди.         

Шунингдек,  маҳаллаларда кичик корхоналарни яратиш, аҳоли учун зарур бўлган инфратузилмаларни ривожлантириш ҳисобига аҳоли бандлигини таъминлаш белгиланди. Йиғилишда аҳоли бандлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Тадбиркорлик ва бандлик дастурларини маҳаллага боғлаб 500 минг нафар ёшлар ва 200 минг нафар аёлларни иш билан таъминлаш, “Темир дафтар”га киритилган 300 минг нафар аҳолини камбағалликдан чиқариш мақсад қилиб қўйилди.  “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” деганда, нафақат уларнинг йўли ёки қиёфаси яхшиланиши, балки у ерда яшовчи аҳолининг даромади кўпайиши, ижтимоий объектлар тўлиқ ишлаши керак. Энг асосийси, ҳақиқий обод маҳаллада “Темир дафтар”, “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарлари бўлмаслиги лозим. Бунинг учун, тадбиркорлар билан маслаҳатлашиб, ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, янги иш ўринлари яратиш зарур. Сарфланган ҳар бир сўм инвестиция одамларимизга уч баравар кўп фойда келтириши, уларнинг даромадини оширишга хизмат қилиши керак,-дея таъкидлади давлатимиз раҳбари.

Йиғилишда  ижтимоий-иқтисодий аҳволи оғир 325 та қишлоқ ва 71 та маҳаллани комплекс ривожлантириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Уларда ичимлик суви ва электр тармоқлари, ички йўллар, ижтимоий объектлар қуриш ҳамда таъмирлаш учун 3 триллион 300 миллиард сўм ажратилиши белгиланди. Шунингдек, 2 минг 721 та маҳалладаги 10 минг километрдан ортиқ ички йўлларни таъмирлашга 2 триллион сўм, 500 та маҳаллага 4 минг километрдан ортиқ ичимлик суви тармоғи тортиш учун 1 триллион сўм ажратилади.

Электр таъминотини яхшилаш долзарб эканини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Шу боис, 5 минг 377 та маҳалладаги 15 минг километр электр узатиш тармоқлари ҳамда 4 мингдан ортиқ трансформаторни янгилаш белгиланмоқда. Бу юртимиздаги маҳаллаларнинг 60 фоизи демакдир. Ушбу чора-тадбирларга қарийб 2 триллион 100 миллиард сўм йўналтирилиши белгиланди. Бундан хулоса шуки, навбатдаги куз-қиш мавсумида электр ва газ таъминотида ҳеч қандай муаммо халқимизга ташвиш туғдирмайди.

Мазкур йиғилишда соҳалардаги қамраб олинган муаммолар очиқ айтилгани ҳамда ечимлари бўйича аниқ таклифлар билдирилгани яқин келажакда янада юксалиш сари дадил қадамлар қўйилишига мустаҳкам заминдир. Ушбу исло­ҳотларнинг аниқ ва пухта баён қилингани,  миллионлаб юртдош­ларимизнинг қалбларига қувонч ва эртанги кунга бўлган мус­таҳкам ишонч олиб кириши шубҳасиздир.

 

Назокат ХИДИРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят

“Аёллар қаноти” Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+