Хотин-қизлар ҳаётида вертикал тизимнинг аҳамияти

22.03.2021 15:03:22

Жамиятда хотин-қизлар билан боғлиқ масалалар ҳамиша устувор вазифа саналган. Лекин  бу борадаги ютуқлар билан бир қаторда камчиликлар ҳам юзага келаётгани айни ҳақиқат.  Бу эса хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда самарали ишлайдиган тизим яратилишига зарурат борлигини амалда исботлади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида ҳам хотин-қизлар борасидаги давлат сиёсатини самарали амалга ошириш мақсадида энг қуйи бўғин – маҳалла ва хонадонгача кириб борадиган вертикал тизим яратилаётганини алоҳида таъкидланди. Энг муҳими Президент томонидан   мазкур тизимдаги вазифаларни амалга оширишда аёлларнинг фаол иштирок этишига ишонч билдирилди.

Агар ушбу тизимнинг ҳаётдаги ижросини мисоллар ва кўрсаткичлар билан далиллайдиган бўлсак жорий йилда Сирдарё вилояти бўйича Ховос ва Янгиер шаҳар тажрибаси асосида ижтимоий, психологик, ҳуқуқий ва тиббий ёрдамга муҳтож бўлган аёлларни қамраб олган "Аёллар дафтари" шакллантирилди. Мавжуд 157 274 та хонадон тўлиқ хатловдан ўтказилиб, 30 ёшдан юқори бўлган 149 796 нафар хотин-қизлардан 15 814 нафари ишсиз эканлиги, шундан, 20 051 нафари тадбиркорлик, 7070 нафари эса касб-ҳунар ўрганишга қизиқиш билдирган аёллардир. Бугунги кунгача "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизларнинг хоҳиш-истаклари, ҳар бир ҳудуднинг ички хусусиятларидан келиб чиқиб, тадбиркорликка йўналтириш бўйича тушунтиришлар берилди. Вилоят ҳудудида ташкил этилган қисқа муддатли касбга ўқитиш марказларига 2 200 дан зиёд аёллар жалб қилинди. Аёлларнинг муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш мақсадида ҳар бир маҳаллада 10-15 нафар аъзодан иборат таркибда "Аёллар маслаҳат кенгашлари" ташкил этилди. Шунингдек, оғир ижтимоий вазиятда яшовчи 22 230 нафар аёллар 9 тоифа бўйича "Аёллар дафтари"га киритилди. Вилоят Халқ банки томонидан 371 нафар аёлларга 5 млрд. 751 млн. сўм кредит маблағи ажратилиб, дастур асосида 371 нафар ишсиз аёлларнинг бандлиги таъминланди.

Шунингдек, туман, шаҳарларда олиб борилган ўрганишлар натижасида аниқланган камчиликлар ҳақида ҳам тўхталиш зарур бўлади. Вилоятнинг Мирзаобод ва Оқолтин туманларида "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизларга имтиёзли кредитлар талаб даражасида ажратиш чоралари кўрилмаган. Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш бўйича марказлар фаолиятини қониқарли деб бўлмайди. Бугунги кунда вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида Реабилитация маркази ташкил этилган бўлиб, ушбу марказларга 2020 йил давомида 220 нафар фуқаролар мурожаат қилган бўлса, уларнинг 18 нафарига ҳимоя ордерлари берилишига кўмаклашилган, холос. Холбуки ушбу давр давомида Ички ишлар органлари томонидан Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган 683 нафар хотин-қизларга ҳимоя ордери берилган. Марказ ходимлари томонидан хатто ҳимоя ордери берилган хотин-қизлар билан ҳам иш олиб борилмаган. "Аёллар дафтари"га киритилган ишсиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида томорқадан фойдаланишга кўмаклашишда вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши томонидан 900 нафар аёлга кўмаклашиш белгиланган ҳолда бугунги кун ҳолатига бор-йўғи 3 нафар аёлга кўмак ёрдами берилган.

Шу каби таҳлиллар ва маълумотлар Сенат раиси томонидан Сирдарё вилоятида уч кун давомида олиб борилган ўрганишлар натижасига бағишланган йиғилишда ҳам муҳокамалар марказида бўлди. Демак ушбу тизим бундан буён Ўзбекистонда биронта ҳам аёл давлат ва жамиятнинг эътиборидан четда қолмаслигига қаратилгандир.  

 

Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят

Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+