Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш муҳим масала

28.02.2022 16:02:43

Ўзбекистон "Адолат" СДП Қизириқ туман Кенгаши томонидан Қизириқ Педагогика коллежида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш Сурхондарё ҳудудий бошқармаси ҳузуридаги Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш туман бўлими ҳамкорлигида “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш муҳим вазифа” мавзусида  туманда фаолият кўрсатаётган  хотин-қизлар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.         

Тадбирда партиянинг туман Кенгаши ва Аёллар қаноти Кенгаши вакиллари, депутатлар, Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш туман бўлими вакиллари, коллеж педагог–ўқитувчилари ва талабалар иштирок этишди.

Тадбирда сўзга чиққанлар “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда Президентимизнинг 2019 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ва ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар юзасидан тушунчалар беришди.

Маърузачилар томонидан мамлакатимизда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, шунингдек гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётдаги ролини ошириш ишлари бир неча йўналишларда, хусусан, аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини, аёлларни ҳимоя қилишнинг институционал асосларини такомиллаштирилаётганлиги алоҳида қайд этилди. Аҳолининг гендер тенглик ва аёллар ҳуқуқлари тўғрисида хабардорлигини ошириш, ҳуқуқни қўллаш амалиётида уларга риоя этилишини таъминлаш учун масъул мансабдор шахсларни тегишли ҳуқуқий меъёрлар асосида ўқитиш бўйича олиб борилаётганлиги алоҳида таъкидланди.

Қурбонгул Эгамназарова, Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Қизириқ туман бўлими раҳбари:

-Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан хотин-қизлар масаласи, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, маиший ҳаётдаги муаммоларини ҳал қилиш, иқтидори ва имкониятларини кўрсатиш учун қулай шароит яратилмоқда. Оилада, жамиятда, айниқса, хотин-қизларнинг ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани натижасида ижтимоий муносабатларда ҳам, қонунчиликда ҳам катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимиз ривожида, жамият ҳаётида, оилалар мустаҳкамлигида хотин-қизларнинг ўрни ва аҳамияти катта. Юртимиз аҳолисининг 50 фоизини ташкил этадиган хотин-қизлар жамиятнинг барча соҳаларида самарали фаолият юритмоқда. Гендер тенгликни жорий қилиш нуқтаи назаридан барча соҳалар қаторида таълимдаги ижобий силжишларни алоҳида таъкидлаш керак, Яъни, 2017 йилдан бошлаб аксарият олий ўқув юртларида турли мутахассисликлар бўйича сиртқи бўлимлар фаолияти қайта тикланди.Таълимнинг ушбу шакли ёш аёлларга болаларни парвариш қилиш ва бошқа оилавий мажбуриятларни бажаришга халал қилмасдан олий маълумот олиш имкониятини беради. Ӱтказилган тадбир жамиятимизда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишда, хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқи ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлашда, уларнинг ечимларини илмий ва амалий йўналишларда очиб кўрсатишда муҳим аҳамият касб этади.

        Айтиш жоизки, Қонуннинг қабул қилиниши давлат бошқарувида аёлларнинг эркаклар билан тенг шароитда иштирок этишини, айниқса, раҳбарлик лавозимларида ҳам ишлаши мумкинлигини кафолатлайди. Шунингдек, қонунда ҳокимият вакиллик органларига сайловларда ҳам сиёсий партиялар томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашлари депутатлигига номзодлар кўрсатишда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги таъминланиши белгилаб қўйилди.

Тадбир сўнгида иштирокчилар томонидан тавсия ва таклифлар билдирилди ва  ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоблар олишди.

Дилбар Саидова,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Қизириқ туман

“Аёллар қаноти” Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+