Инсон қадри учун

13.01.2022 13:01:42

 Бугун Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши марказий аппаратининг Аёллар ва ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш бошқармаси томонидан партия Марказий аппарати биносида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Фармони лойиҳаси муҳокамасига бағишланган онлайн тарзидаги конференция ўтказилди.

Конференциянинг гибрид шаклда (ҳам офлайн, ҳам онлайн) ташкил этилгани, унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ҳамда ҳудудий Кенгашлар ходимлари, партиянинг «Аёллар қаноти» Кенгаши раислари, ОАВ вакиллари қаторида Республикамизнинг турли ҳудудларидан партияга ҳайриҳоҳ кўплаб фаол хотин-қизларнинг иштирок этишини таъминлаб берди.

Ушбу тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад мамлакатимизда инсон қадри учун деган тамойил асосида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Фармони лойиҳасини хотин-қизлар, кенг жамоатчилик ҳамда соҳа мутахассислари иштирокида таҳлил қилиш ва ўзаро муҳокама жараёнларини ўтказиш орқали инсон қадри учун муҳим бўлган таклифларни дастурда акс этишига эришишдан иборатдир.

 

Тадбирни очиб бериш учун Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов сўзга чиқиб, мазкур Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ўтган 2017–2021 йиллардаги Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришга қаратилган Ҳаракатлар стратегиясининг узвий давоми бўлиб хизмат қилиши ҳамда бошлаган демократик ислоҳотларимизни янада қатъий давом эттиришимизга замин яратиб, «Инсон қадри учун» деган устувор тамойилни тўла рўёбга чиқаришни назарда тутганлигини алоҳида таъкидлади ва тадбир иштирокчилари, қолаверса, партиянинг фаол хотин-қизларини ватанимизнинг келгусидаги тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлида бевосита дахлдорлигимизни чуқур ҳис этиб, лойиҳанинг муҳокама жараёнларида ва татбиқ этилишида фаол иштирок этишга чақирди.

Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, «Адолат» СДП «Аёллар қаноти» Республика Кенгаши раиси Гулруҳ Агзамова иштирокчиларга бугун қизғин муҳокамалар марказида турган лойиҳанинг мамлакатимиз тараққиётини, қолаверса жамиятимизда хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенглигини таъминлашдаги муҳим аҳамиятини изоҳлар экан, унда илгари сурилаётган қатор масалалар хусусида фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди. Жумладан, депутат томонидан лойиҳадан ўрин олган “Мамлакатимиздаги ислоҳотларни изчил давом эттиришда Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партиялар ролини янада ошириш» масаласига алоҳида урғу берилиб, бу жараёнларда партия ва унинг фаол хотин-қизлари асосий иштирокчи ва ташаббускор бўлиши лозимлиги айтиб ўтилди.

Қолаверса, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти
Йиғма ахборот-таҳлил бўлими бошлиғи Акбаршох Тешабоев томонидан Халқ муҳокамаси марказига қўйилган лойиҳанинг мазмун-моҳияти, унинг амалга ошириш механизмлари ҳамда кутилаётган ўзгаришлар ҳақида иштирокчиларга атрофлича маълумот бериб ўтилди.

Шунингдек, конференция иштирок этган «Аёллар қаноти» фаоллари мазкур «Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари» деган тамойил асосида ишлаб чиқилган лойиҳанинг юртимизда кечаётган улкан ўзгаришлар ва янгиланишлар даврида инсон шаъни, қадр-қимматини улуғлашга ва фуқароларимизнинг эркин ва фаровон турмушини таъминлашга хизмат қилишини эътироф этиб, ўзларининг давлат дастури лойиҳаси бўйича қатор таклифлари ва уларни амалга ошириш механизмлари ҳамда истиқболи юзасидан фикрларини билдириб ўтдилар.

Тадбир якунида партиянинг устувор мақсадлари ва дастурий ғояларига ҳамоҳанглик касб этган, бугун кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси лойиҳасини тўлиқ қўллаб-қувватлаш ҳамда унинг такомиллашиб, татбиқ этилишида партия электорати, қолаверса, партиянинг хотин-қизлари фаол ташаббускор бўлишлари тўғрисида келишиб олинди.

 

«Адолат» СДП Матбуот хизмати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+