Истиқлолнинг иқтидорли ёшлари: шахсий фаоллик ва самарали натижа

17.08.2022 15:08:38

2022 йил 17 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ҳамда партиянинг Марказий аппарати томонидан мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллигига бағишланган “Истиқлолнинг иқтидорли ёшлари: шахсий фаоллик ва самарали натижа” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Унда Қонунчилик палатаси депутатлари, партия фаоллари, ёшлар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Таъкидланганидек, ёшлар – эртамиз эгалари, келажак бунёдкорларидир. Шу боис, мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида ёшлар билан доимий мулоқот қилиш, уларнинг интеллектуал, маънавий ва жисмоний салоҳиятини рўёбга чиқариш, умуман, ёшлар масаласига давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири сифатида алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Бу борада, аввало, ёш авлоднинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур шарт-шароит ҳамда имкониятлар яратиб беришга қаратилган мустаҳкам ҳуқуқий база яратилди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти сифатида ўз фаолиятларини бошлагач, биринчи имзолаган қонун ҳам айнан “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун бўлгани замирида ҳам катта маъно-мазмун мужассам. Мазкур қонун юртимизда ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашга, ёшларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлашда қонуний асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Шунингдек, ўтган даврда ёшларни қўллаб-қувватлашга оид ўнлаб Фармон ва қарорлар қабул қилингани давлатимиз раҳбарининг ёшлар масаласига нақадар устувор аҳамият қаратаётганининг ёрқин ифодасидир. Мана шундай улкан эътибор натижасида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакатимиз истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, ташаббускор, шижоатли ёшларни тарбиялаш мақсадида барча зарур шароитларни яратишга қаратилган яхлит тизим яратилди.

Хусусан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда 30 июнь — “Ёшлар куни” деб эълон қилинди. Турли соҳаларда юксак натижа ва ютуқларга эришаётган фидойи ёшларимизни рағбатлантириб бориш мақсадида “Мард ўғлон” давлат мукофоти ва “Келажак бунёдкори” медали таъсис этилди.

Тадбир иштирокчилари қайд этганидек, Президентимиз томонидан илгари сурилган яна бир муҳим ташаббус — ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларнинг ахборот технологиялари бўйича саводхонлигини ошириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш вазифаларини ўз ичига олган “Беш муҳим ташаббус” муваффақиятли амалга ошириб келинмоқда.

Шу билан бирга, ёшларнинг билими ва иқтидорини ривожлантириш мақсадида мутлақо янги намунадаги таълим масканлари — “Президент мактаблари”, “Темурбеклар мактаби”, “Ижод мактаблари” ҳам бугунги глобаллашув шароитида рақобатга қодир бўлган етук кадрларнинг янги авлодини тарбиялашга хизмат қилмоқда.

Давра суҳбатида қайд этилганидек, кейинги йилларда келажагимиз эгалари билан ишлашнинг мутлақо янги тизими – “Ёшлар дафтари” ва “Ёшлар дастурлари” ҳаётга татбиқ этилмоқда. Ушбу янги тизим асосида олиб борилган амалий ишлар натижасида “Ёшлар дафтари”га кирган минглаб йигит-қизларнинг муаммолари ҳал этилмоқда, кам таъминлаган оилалар фарзандлари бўлган талабаларнинг контракт пули тўлаб берилмоқда, ишсиз ёшларнинг бандлиги таъминланмоқда. “Ёшлар дафтари”га киритилган 700 мингдан ортиқ йигит-қизларнинг муаммоларини ҳал этишга 650 миллиард сўм йўналтирилди. Сўнгги икки йилда 174 минг нафар ёшнинг тадбиркорлик лойиҳалари учун 4 триллион 400 миллиард сўм имтиёзли кредитлар берилди, 560 минг нафарига деҳқончилик учун ер майдони ажратилиб, бандлиги таъминланди.

Шунингдек, мамлакатимизда изчиллик билан амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсати, ёш авлоднинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасидаги ислоҳотлар парламентда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутатларнинг 6 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади.

Ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга ошириш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга кўмаклашиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ёшлар масалалари бўйича комиссияси тузилди. Бундан ташқари, Қонунчилик палатаси ҳузурида Ёшлар парламенти ташкил қилинди. Ҳозирги кунда Комиссия ва Ёшлар парламенти аъзолари қонунчилик ва қонун ижодкорлиги жараёнига ёшларни кенг жалб этиш ва қабул қилинаётган қонунларни ёш авлод орасида кенг тарғиб қилиш орқали уларнинг парламент ҳаётига дахлдорлигини оширишда фаол иштирок этмоқдалар.

Таъкидланганидек, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, шунингдек, бугунги муҳим сиёсий жараёнларда уларнинг фикр ва муносабатини ўрганиш ғоят муҳим. Уларнинг юртимизда бўлаётган Конституциявий ислоҳотлар жараёнида ўз таклиф ва ташаббуслари, фикр-мулоҳалари билан фаол иштирок этаётгани эътиборга молик. Хусусан, Конституциямизни такомиллаштириш бўйича келиб тушган таклиф ва ташаббусларнинг 70 фоизга яқини айнан ёшлар томонидан берилган.

Тадбир иштирокчилари ўз навбатида, қонунчилик палатасининг иш фаолияти, қонунларни қабул қилиш жараёни билан ҳам таништирилди. Хусусан, қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, уларни Қонунчилик палатаси томонидан дастлабки тарзда кўриб чиқиш, ялпи мажлис муҳокамаларига тайёрлаш ва қонун лойиҳасини қабул қилиш жараёнлари хусусида сўзлаб берилди, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлислар зали, кутубхонаси, парламент музейи билан яқиндан танишдилар.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+